Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ШУҲРАТОВ

12.02.2019


ИШ ҲАҚИНИ "КОНВЕРТ" УСУЛИДА ОЛАЁТГАНЛАРДА НИМА ЎЗГАРДИ?

Бунинг ўзига яраша сабаблари бор, албатта. Маълумки, иш берувчи, яъни юридик шахс ишчи кучи меҳнатидан фойдалангани учун ҳар бир киши бошига маълум миқдорда ягона ижтимоий тўлов тўлаши керак. Аҳамиятлиси, бу тўлов миқдори илгари жуда юқори эди. Табиийки, ҳамма ҳам уни тўлашни эп билмас, бундан қочиш мақсадида ходимларни ноқонуний асосда ишлатишни маъқул топарди. Агар рисоладагидек иш тутиб, фуқарони ишга олган тақдирда ҳам, солиқ юки оғирлик қилиб, ишчига у қадар катта маош таклиф қилолмасди.

Ўз навбатида бу ҳол қандай оқибатларга олиб келиши ҳам маълум. Аввало "конверт"да ҳақ олувчи ишчи меҳнат ҳуқуқи кафолатланмайди, унга меҳнат дафтарчаси очилмайди, меҳнат стажи ҳеч қаерда қайд этилмайди. У келгусида давлат томонидан бериладиган пенсия таъминотидан ҳам маҳрум бўлади. Мана, амалда ишлигу, қоғозда ишсизлар сафи кўпайишига асосий сабаб нима?!

- Мамлакатимиз солиқ қонунчилигида кенг жорий қилинаётган ўзгаришларда ҳам шу жиҳат эътиборга олинган, - дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи А.Саидов. - Мақсад - ҳозиргача фақат оғзаки келишувга асосланиб ишлаб келган, "конверт" усулида маош олувчи ишчилар меҳнат фаолиятини расмийлаштириш, ходимни буйруқ асосида ишга қабул қилишдан тадбиркорларнинг шахсий манфаатдорлигини ҳам оширишдан иборат. Иш берувчиларни ноқонуний йўлдан боришга мажбур қилган омил - ягона ижтимоий тўлов ставкаси кескин пасайтирилгани бунинг исботидир. Ушбу миқдор эндиликда бюджет ташкилоти бўлмаган ва давлат корхонаси ҳисобланмаган, устав фондида давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган юридик шахслар учун 12 фоиз этиб белгиланди.

Яна бир жиҳати, 2019 йил 1 январдан бошлаб барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкаси 12 фоиз этиб қайд этилди.  Шундан 0,1 фоизи шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига йўналтирилади. Бунда айрим тоифадаги фуқароларнинг энг кам ойлик иш ҳақининг 4 баравари миқдоридаги даромадларини солиқ солишдан озод қилишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинди. Шунингдек, фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш туридаги даромадларидан Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган суғурта бадаллари бекор қилинди. Бу ҳам ўз навбатида иш берувчи қўлида қонуний ишлаши фуқаронинг даромади чўғига у қадар таъсир этмаслигини кўрсатади.

Хўш, бугун ушбу солиқ ислоҳоти қандай самара бераяпти? Вилоятимиз мисолида оладиган бўлсак, аввалги вазиятни ўнглаш бўйича қандай чоралар кўрилди? Мазкур янгилик шу чоққача хўжалик юритувчи субъектларда норасмий фаолият кўрсатаётган ишчилар қонуний тарзда ишга қабул қилинишига туртки бўла олдими?

Аҳамиятлиси, ўтган даврда бу борада сезиларли натижаларга эришилган. Солиқ органлари ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектларида экспресс ўрганишлар ўтказилган. Ҳисоботда кўрсатилганидан кўп ишчи ишлатиш ҳолати бўйича иш берувчиларга тушунтириш ишлари олиб борилган. Вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, ўтган олти ой давомида илгари "конверт"да ҳақ олиб келган 15 минг нафардан ортиқ фуқаронинг меҳнат фаолияти хўжалик юритувчи субъектлар томонидан тўлиқ расмийлаштирилишига эришилган. Ишчиларга меҳнат дафтарчаси, пенсия китобчаси очилиши, улар билан қонуний меҳнат шартномалари тузилиши таъминланган.

Аниқ мисолларга ҳам мурожаат этсак. "Маржон престиж" хусусий корхонаси бугунги кунда Қарши шаҳрида фаолият кўрсатиб келмоқда. Субъект бир неча йилдан буён савдо билан шуғулланади. Вилоят марказида замонавий савдо мажмуасига эга. Харидори ҳам кўп. Ўрганиш давомида маълум бўлдики, корхона раҳбари муайян вақтгача 25 нафар ишчи меҳнатидан фойдаланган бўлса-да, бу жараённи тегишли тартибда расмийлаштирмаган. Сабаби эса...

- Ўшанда ягона ижтимоий тўлов миқдори юқори эди, фойдамизнинг салмоқли қисмини фақат шунга тўлаш биз учун осонмас, - дейди корхона ҳисобчиси Жавлон Итолмасов. - Мана, солиқ юки камайди, тадбиркорларга енгиллик берилди.  Шуни ҳисобга олиб, барча ходимларимизни буйруқлаштирдик. Яқинда мажмуамиз қошида соғломлаштириш марказини ишга туширдик. Турган гапки, қўшимча ишчи кучи олишга тўғри келди. Натижада яна 10 нафар ходимни қонуний, буйруқ асосида ишга қабул қилдик.   

Қарши шаҳридаги "Насаф мебель" масъулияти чекланган жамияти 2010 йилда ташкил топган бўлиб, вилоятимиз истеъмол бозорига бир неча турдаги мебель маҳсулотлари етказиб беради. Бугун корхонада 47 нафар ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Кўрилган чоралар натижасида уларнинг фаолияти  ҳам буйруқлар асосида қонунийлаштирилди.

- Корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулот тури 100 хилдан ошади, айни жабҳада вилоятда ўз ўрнимизга эгамиз, кўплаб мижозлар ишончини қозонганмиз, - дейди жамият раҳбари Аброр Сайфиев. - Маҳсулот сифати яхши бўлиши эса малакали ходимга ҳар жиҳатдан боғлиқ. Замонавий технологияни ҳам у ишлатади. Узоқ йиллик фаолиятимиз давомида корхонамизда моҳир усталар жамоаси шаклланди. Уларнинг ҳаммасини ҳам меҳнат шартномаси асосида ишга олмагандик. Бу борада солиқ соҳасидаги ўзгариш бизга қўл келди. Буйруқ чиқариб, улар фаолиятини расмийлаштирдик. Энди стаж кетяпти, қонуний ҳақ тўлаяпмиз. Бундан руҳланган ишчиларимиз ҳам кўпроқ маҳсулдорлик кўрсатишаяпти. Бу эса бизга фойда. 

Юқорида айтганимиздек, юридик шахслардан ундириладиган ягона ижтимоий тўлов ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкасининг пасайтирилиши корхона ва ташкилотларга ходимлар фаолиятини тўлиқ қонунийлаштиришга замин яратмоқда. Асосийси, фуқаролар учун меҳнат стажи ҳисобланади, пенсияга чиқиш даврида муаммо вужудга келмайди. Амалда ишли, қоғозда эса ишсиз ҳисобланганлар сони камаяди.

М.ШУҲРАТОВ

 

Report typo