Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 апрел, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

01.11.2019


ИШ АҲОЛИ МУАММОЛАРИНИ ЎРГАНИШДАН БОШЛАНДИ

 

Фаолиятга назар

Хабарингиз бор, шу йилнинг 26 октябрь санасида вилоятда қатор ҳудуд ва идоралар раҳбарлари ўзгариб, хусусан, вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи этиб  Зойир Мирзаев тасдиқланди.

Албатта, янги ҳокимдан халқнинг умидлари катта. Чунки жойларда ҳали ечимини кутаётган муаммолар талайгина. Бинобарин, вилоят янги  раҳбарининг даставвал Шаҳрисабздаги Коба мажмуасида фахрийлар билан учрашувини катта иш олдидан оқ фотиҳа олиш, деб тушуниш мумкин.

Шундан сўнг вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ дастлабки "юриш"ни Қарши шаҳридан бошлади. Мутасаддилар ҳамроҳлигида жойлардаги мавжуд аҳвол пиёда юриб ўрганилди. Аниқланган масала борки, жойида ҳал этиш чоралари   кўрилди.

Нега Қарши шаҳридан бошланди? Чунки вилоят марказида аҳоли зич, шунга яраша муаммо ҳам кўп. Одамларнинг эътирози ҳам шундан аслида. Ўрганиш давомида шу нарса маълум бўлдики, қатъий саъй-ҳаракат қилинса, муаммоларни босқичма-босқич ҳал этиш мумкин.

Кўздан кечириш учун илк манзил сифатида 1-миттитуман танланди. Асосий масала ҳудудни обод қилишга тааллуқли бўлди.

Фуқаро мурожаатига кўра Бешёғоч кўчасидаги рухсат этилмаган жойда чиқиндилар уюлиб ётгани, кўчадан ўтган йўл тор ва шу билан бирга таъмирталаб экани гувоҳи бўлинди. Мурожаатчининг эътирози асосли экани, вазиятни яхшилаш лозимлиги ойдинлашиб, бу амалга ҳам кўчди.

Вилоят ҳокими шаҳардаги кўп қаватли уйларда совуқ кунларда иситиш тизими қандай йўлга қўйилганлиги ҳолати билан қизиқди. Иситиш тизимини жорий йилнинг 20 ноябригача ишга тушириш ва бу орқали уйлар қўлбола ва турли хил йўллар билан иситилишининг олдини олишга эришилиши таъкидланди.

- Фарғона ва Хоразм вилоятларида ис газидан заҳарланиб жами етти киши вафот этди, - деди у. - Бу каби ҳолат эътиборсиз қолдирилган ҳар қандай жойда бўлиши мумкин. Масъуллар бугундан бошлаб  барча зарурий чораларни кўриши ва инсонлар тақдирига бефарқ қарашдек ёмон иллатни йўқотиши керак.

Ўрганишлар давомида Қарши шаҳридаги таълим муассасалари атрофидаги савдо дўконларида муддати ўтган маҳсулотлар сотилаётгани аниқланди. Шунга асосан энди таълим муассасалари яқинида энергетик ичимликлар ва муддати ўтган маҳсулотлар сотилиши жиддий назоратга олинадиган бўлди.

Хабарингиз бор, шу йилнинг 23 август куни Президент раислигида ўтказилган видеоселекторда вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда бошқа раҳбарлар мактабларга бориб, дарс бериш тартибини жорий этиш топширилганди. Зойир Мирзаев дастлабки дарсини Қарши шаҳридаги 9-мактаб ўқувчилари учун ўтди. Вилоят ҳокими ўз билимларини ўртоқлашиш баробарида ўқувчиларнинг она тили, физика, математика ва хорижий тиллар бўйича билимларини ҳам синовдан ўтказди. Ўз навбатида мактабда ўқитувчи ва ўқувчиларга яратилган шарт-шароитлар билан ҳам танишилди.

Кейинги кун ҳам кўп қаватли уйлардаги шарт-шароитлар, ноқонуний қурилишлар, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерлар ва автотураргоҳлар бориб кўрилди. 2-миттитуманда кўп қаватли уйлар атрофидаги болалар майдончалари ўзлаштириб олингани, энг ачинарлиси, ноқонуний ер эгаллашларга маҳалла оқсоқоли бош-қош бўлгани ойдинлашди.

Нарх-наво, эгаллаб олинган йўлаклар, дўкон ва кафеларнинг тушунарсиз номлари бўйича Қарши марказий буюм савдо комплекси раҳбариятига зарур топшириқлар берилди.

Қарши давлат университетида зиёли қатлам вакиллари билан учрашув  анча самимий ўтди. Унда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати асосида навқирон авлоднинг замонавий билим олиши, спорт, санъат, бизнес ва бошқа йўналишларда истеъдодини намоён этиши, жамиятда муносиб ўрин топиши йўлида амалга оширилаётган ишлар ва уларнинг самарадорлиги ҳақида сўзлади. Ўз ўрнида қатор муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича мулоҳазалар билдирилди.

Жумладан, вилоятнинг ҳар бир шаҳар ва туманларидаги марказий кўчаларни маҳаллий аҳолининг географик, тарихий, миллий, этник, тилга оид ва бошқа хусусиятларини ўрганган ҳолда қайта номлаш, дўконлар, ресторанлар, маиший хизмат кўрсатиш объектлари номланишига жиддий эътибор қаратиш мақсадида зиёлилардан иборат ишчи гуруҳ тузиладиган бўлди.

Шунингдек, сўзга чиққанлар томонидан ҳар бир туманда таълим фидойилари бошчилигида жамоатчилик асосида "Таълим кенгашлари"ни тузиш, олий таълим муассасаларидаги кафедраларни таянч мактабларга бириктириш,  бахшичилик соҳасида мутахассисларни тайёрлаш, ҳар бир раҳбарни маълум мактабга бириктириш, таълим сифатини оширишда моддий-техник базани мустаҳкамлаш борасида таклиф ва тавсиялар билдирилди.

 Умуман олганда, янги ҳоким  фаолияти анча жўшқин бошланди. Келгуси натижа ҳам шунга яраша бўлишидан эса Қашқадарё аҳли умидвор, манфаатдор.

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo