Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

26.04.2022


ИШ БЕРУВЧИ, ТАЛАБА ВА СЕРТИФИКАТ

Уларни бир мақсад бирлаштирди

  

Бугун Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида мазкур олийгоҳ, вилоят ва Қарши шаҳар ҳокимликлари ҳамда вилоят бандлик бош бошқармаси ҳамкорлигида “Карьера куни” ва Бўш иш ўринлари ярмаркаси тадбири ўтказилди.

Тадбирнинг очилиш маросимида институт ректори Орифжон Бозоров сўзга чиқди ва бугунги тадбирнинг аҳамияти ҳақида қисқача сўз юритди.

“Карьера куни”да вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Йўлдошев, Қарши шаҳри ҳокими Нормўмин Холбоев, “Шўртан газ-кимё мажмуаси” МЧЖ раҳбари Шуҳрат Асланов ва бошқа кўплаб корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, мутахассислари иштирок этдилар.

- Жорий ўқув йилида институтимизни бакалавр таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича 1734 нафар битирувчи тамомлайди, - дейди ҚарМИИнинг маркетинг ва талабалар амалиёти бўлими бошлиғи Анвар Жўраев.  – Бугунги тадбирда уларнинг 409 нафари ўз иш ўрнига эга бўлди. Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, институт ёшлари орасида “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ ва “Uzbekistan GTL” МЧЖ компанияси томонидан корхонада амалиёт ўташ бўйича эълон қилинган танлов ҳамда стипендиялар дастури ғолибларига сертификатлар топширилди.

Институт ҳовлисида ёш олимлар томонидан илмий-тадқиқот ишлари намойиш этилди. Шунингдек, институт бош биноси, иқтисодиёт ҳамда нефть ва газ факультетларида талабалар ва битирувчилар учун давра суҳбати,  маҳорат дарси ҳамда семинар-тренинглар, битирувчи курс талабаларининг бўш иш ўринларига қабул қилинганлиги тўғрисидаги сертификатларни топириш тадбирлари ўтказилди.

Нефть ва газ факультетида асосий хорижий ҳамкор олий таълим муассасаларидан бири – Беларусь миллий техника университети билан телекўприк ташкил этилди. Унда мазкур университет профессор-ўқитувчилари ҳамда “2+2” дастури доирасида таҳсил олаётган ҚарМИИ талабаларининг ота-оналари ва талаба-ёшлар билан бевосита мулоқоти ташкил этилди.

Бир сўз билан айтганда, бугунги тадбир фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни янада ривожлантириш, талаба-ёшларнинг бандлигини таъминлашда белгиланган давлат сиёсатининг амалдаги ифодаси бўлди.

 

Report typo