Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 апрел, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

17.08.2021


"ИШБИЛАРМОН АЁЛ - 2021": БУ ГАЛ КИМЛАР ЭЪТИРОФ ЭТИЛДИ?

Шаҳрисабз туманидаги "Лочин" болалар оромгоҳида  "Ишбилармон аёл - 2021" кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

O'zLiDeP Қашқадарё вилояти кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда партия фаоллари, депутатлар, тадбиркор аёллар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

- Аёллар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, рағбатлантириш, қўшимча иш ўринларини яратиш ҳамда уларнинг жамиятдаги фаоллигини янада ошириш партиямиз устувор вазифаларидан бири ҳисобланади, - дейди O'zLiDeP вилоят кенгаши аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими мудири Гулбаҳор Тўраева. - "Ишбилармон аёл" кўрик-танлови ҳам ана шу йўналишдаги   лойиҳаларимиздан бири бўлиб, O'zLiDeP "Аёллар қаноти" ташаббуси билан 2016 йилдан буён анъанавий равишда ўтказиб келинмоқда. Бу йил ҳам мазкур кўрик-танловнинг туман (шаҳар)лар босқичи май, июнь, июль ойларида ўтказилди. Мана, энди ўз ҳудудида ғолибликни қўлга киритган иштирокчилар орасидан вилоят босқичи ғолиблари сараланаяпти.

Танловда ҳакамлар ҳайъати томонидан иштирокчиларнинг ишини акс эттирувчи кўргазмалари, шунингдек, хотин-қизлар учун қўшимча янги иш ўринлари яратганлиги; "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларни касб бўйича ўқитиш, бандлигини таъминлаш ва ҳаётда ўз ўрнини топиб кетишида кўмаклашганлиги; фаолият туридан келиб чиқиб  экспортга йўналтирилган ёки импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш ҳаракатлари; аҳолига кўрсатаётган хизмати сифати ҳамда фаолиятида ҳаётга татбиқ этиб келаётган янги инновацион ғоялари баҳолашда алоҳида эътиборга олинди.

Якуний натижаларга кўра 1-ўринни Яккабоғ туманидаги "Малика Холмамат қизи" фермер хўжалиги раҳбари Гулнора Дониёрова қўлга киритди. У энди танловнинг республика босқичида вилоятимиз шарафини ҳимоя қилади.

Шунингдек, 2-ўринга Қамаши туманидаги "Золушка" корхонаси раҳбари Наргиза Эшдавлатова сазовор бўлган бўлса, 3-ўрин Косон туманидаги "Цилк рибус" оилавий корхонаси раҳбари Дилрабо Ўриновага насиб этди.

Ишбилармон аёлларнинг чинакам байрамига айланган мазкур тадбир давомида аёлни, Ватанни, истиқлолни мадҳ этувчи куй ва қўшиқлар садоси остида барча ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

 

Report typo