Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
14 август, жума. 2020 йил                         Махсус версия RU

Биродар АЗИЗОВ

17.01.2020


ҚИШКИ ОРОМГОҲДАН ЁШ ВОЛОНТЁРЛАР НИМА ЎРГАНИБ ҚАЙТИШДИ?

Учинчи сектор

Шу йил 5-11 январь кунлари Тошкент вилоятидаги энг гўзал дам олиш масканларидан бирида "Ҳеч ким четда қолмайди" шиори остида қишки оромгоҳ ташкил этилиб, мамлакатимизнинг турли минтақаларидан келган ёш волонтёрларнинг ҳам мароқли ҳордиқ чиқаришлари, ҳам янги билим ва кўникмаларга эга бўлишлари учун қулай шароитлар яратилди.

Фаолияти жамиятдаги зўравонликни бартараф этишга қаратилган республика "Istiqbolli avlod" ижтимоий-ахборот маркази ташаббуси билан ўтказилган бир ҳафталик тадбирда мазкур нодавлат нотижорат ташкилотининг энг фаол кўнгиллилари - Тошкент, Андижон, Бухоро, Наманган, Жиззах, Гулистон, Қарши, Урганч ва Нукусдан келган 20 нафар йигит ва қиз иштирок этди. Улар ўзаро тажриба алмашиш билан бир қаторда келгусида волонтёрлик фаолиятини янада кенгайтириш ва такомиллаштириш учун зарур бўладиган кўплаб қўшимча маълумотлар олишга ҳамда  янги ғояларни муҳокама қилиб, уларни ҳаётга татбиқ этиш йўлларини излаб топишга эришишди.

Масалан, қишки оромгоҳнинг биринчи сессиясида ёшлар 2015 йилнинг сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тарихий саммитида қабул қилинган 17 та барқарор ривожланиш мақсади ва уларга боғлиқ бўлган 169 та вазифа ҳақидаги билимларини оширишган бўлса, навбатдаги машғулотларда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция, бошқа муҳим ҳужжатлар ва уларнинг ижроси тўғрисида батафсил сўз юритилди.

- Мавзулар қанчалик мураккаб бўлмасин, тақдим этиш усули интерфаол бўлгани боис уларни ўзлаштиришимиз анча осон кечди, - дейди республика "Istiqbolli avlod" ижтимоий-ахборот маркази Қашқадарё вилояти бўлими волонтёри Юлдуз Хатамова. - Мисол учун, ўтган йилнинг декабрь ойида кучга кирган "Волонтёрлик фаолияти тўғрисида"ги Қонунда қайд этилган асосий тушунчаларга ташкилотимизда ҳар куни қилинаётган ишдан келиб чиқиб, таъриф берилди. Худди шу тарзда волонтёрлик фаолиятининг мақсад ва вазифалари, асосий принциплари ва йўналишлари ҳам тушунтирилди. Айни пайтда биз "Волонтёр қандай фазилатларга эга бўлиши лозим?" деган саволга ҳам ўзимиз учун аниқ жавоб топиб, суҳбатдошлар билан эркин мулоқот қила олишимиз ва уларни ишонтиришга қодир бўлишимиз, одамларнинг муаммоларини яхши тушуниб, улардан меҳримизни аямаслигимиз,  ёрдамга муҳтож инсонга унинг ижтимоий мавқеидан қатъи назар яқиндан кўмак беришга доимо тайёр туришимиз зарурлигини англадик.

Қишки оромгоҳда "Istiqbolli avlod" маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган "Долзарб алоқа тармоғини қўллаб-қувватлаш орқали Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш" лойиҳаси ва унинг доирасида бажарилган ишлар тўғрисида ҳам кўплаб маълумотлар     тақдим этилди. Хусусан, ёшларга 2003 йилдан Халқаро миграция ташкилоти, 2016 йилдан эса АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва АҚШ давлат департаментининг наркотрафикни назорат қилиш ва ҳуқуқни қўллаш бюроси кўмаги билан рўёбга чиқарилаётган мазкур лойиҳанинг мақсади ва вазифалари, уни ҳаётга татбиқ этишда волонтёрлар роли тушунтирилди.

Машғулотларда айтилганидек, марказнинг долзарб алоқа тармоғига ўтган йил давомида 16 минг 173 та кўнғироқ бўлиб, шу орқали 2460 нафар киши чет элга ишлаш учун қонуний тарзда чиқиш, 2088 нафари хориждан Ўзбекистонга қайтиш, 1983 нафари чет элда ва юртимизда ололмаган маошини ундириш, 472 нафари яшаётган ҳудудида ишга жойлашиш, 432 нафари     шахсни тасдиқловчи ҳужжатни тиклаш ва олиш тартиби ҳақида зарур маълумотларга эга бўлишди. 1325 нафар киши долзарб алоқа тармоғига одам савдоси билан боғлиқ аниқ ҳолатлар, 418 нафари эса бедарак йўқолганлар ҳақида хабар етказган. Яна минглаб кишилар марказга ўз ижтимоий  муаммолари, оиласи ва қариндошлари билан боғлиқ ҳолатлар ва  бошқа масалалар юзасидан қўнғироқ қилишган. Одам савдосига дуч келган минг нафардан ортиқ фуқарони мамлакатимизга қайтариш бўйича йил давомида 459 ариза қабул қилинган ва уларнинг 90 фоизини Ватанга қайтаришга эришилган, қолганлари бўйича эса қайтариш ишлари давом эттирилмоқда. Марказ томонидан берилган юридик маслаҳатлар умумий сони 3963 тани ташкил қилган бўлса, уларнинг 1380 таси ожиз мигрантлар, 455 таси одам савдоси жабрдийдалари, 108 таси оиладаги зўравонлик жабрдийдаларига кўрсатилган ҳуқуқий ёрдамдир. Яна 137 та маслаҳат маош ундириш, 91 таси эса бедарак йўқолганларни қидириш мавзусида.

- Бундай муҳим ва кенг қамровли ишда менинг ҳам кичик бўлса-да, ўз улушим борлигидан фахрланаман, - дейди марказнинг яна бир волонтёри, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти талабаси Зафар Остонов. - Энди эса оромгоҳда олинган билимлар асосида волонтёрлик фаолиятимни кенгайтириб, қўшаётган ҳиссамни кескин оширмоқчиман ва бошқа ёшларни ҳам "Istiqbolli avlod" марказининг кўнгиллилари бўлишга ундамоқчиман. Навбатдаги акциямиз шу йил 17 январда Қарши шаҳридаги Мустақиллик майдонида ўтказилади. Унинг доирасида биз ватандошларга марказимиздаги долзарб алоқа тармоғи ҳамда бепул тақдим этилаётган психологик маслаҳатлар ва ҳуқуқий хизматлар ҳақида батафсил маълумотлар етказишни мақсад қилганмиз. Ўйлайманки, оромгоҳда ўрганганимиз шу ва бундан кейин ташкил этиладиган барча тадбирларни янада кўпроқ ёшларни жалб этган ҳолда, олдингидан-да юқори савияда ўтказиш имконини беради.

Биродар АЗИЗОВ

Report typo