Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, сешанба. 2021 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

30.03.2021


ҚИШЛОҚДА БОҒЧА ЙЎҚ, 140 ЎРИНЛИ БИНО ЭСА БЕКОР ЁТИБДИ

Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимига қаратилаётган эътибордан кўзланган мақсад аниқ: ҳар жиҳатдан баркамол авлодни вояга етказиш. Маълумотларга кўра, айни пайтда вилоятимизда 3-7 ёшли болалар сони 294 минг 751 нафар бўлиб, уларнинг 128 минг 923 нафари боғчага қатнайди - қамров даражаси 43,7 фоизни ташкил этмоқда. Рақамлар ўсишида давлат, хусусий, давлат-хусусий-шериклик асосидаги ҳамда оилавий мактабгача таълим ташкилотлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани асосий ўрин тутаётгани ҳеч кимга  сир эмас.

Соҳа давлат сиёсати даражасида диққат марказида бўлган бир чоғда Ғузор туманидаги 3400 дан зиёд киши яшайдиган Оқтош қишлоғида бирорта боғча йўқлигига нима дейсиз? Ваҳоланки собиқ 140 ўринли боғча биноси 2010 йилда хусусийлаштирилган, ўрнида замонавий мактабгача таълим муассасаси ташкил этилиши белгиланган экан.

Хўш, орадан 10 йилдан ошиқ вақт ўтиб, нега айтилган боғча фаолият бошламади? Тадбиркор эски бинони олишга олиб, нега бу ерда айтарли ишга қўл урмади?

 - Бинони сотиб олгач, маблағ билан боғлиқ муаммога дуч келдик, - дейди Муҳаммади Бўронов. - Айни пайтда лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрладик, 800 миллион сўм кредит чиқишини кутиб турибмиз. Ҳокимиятдагилар билан гаплашганимда, аввал ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб олинг, кейин ишлар юришиб кетса, боғча очиб оласиз, дейишди. Шунга кўра, новвойхона, тикувчилик, шлакаблок цехи ташкил этмоқчимиз. Кейинроқ 100 ўринли боғча иш бошлайди. Фақат бунинг учун бинони қайта таъмирлаб, устини ёпиш, ички пардозлаш ишлари бажарилиши керак.

 Тадбиркорнинг айтишича, шу вақтгача банкдан катта миқдордаги кредит беришни ортга суриб келишган. Мулкдор эса бино учун йилма-йил солиқлар тўлаб келаверган.

Кўриниб турибдики, Оқтошда ҳали-бери боғча иш бошлайдиган эмас. Қачон тадбиркорнинг ишлари юришиб кетади - шунда қишлоқдаги ота-оналар, ёш болалар орзуси ушалади.

Айни ўринда бир мулоҳаза туғилади-да: собиқ боғча биноси хусусийлаштирилаётганда, у номуносиб одамга берилгани кўп эмас, қисқа вақтда очиқ-ошкор кўриниб қолибди. Хўш, нега ўша пайтнинг ўзида, дейлик, 2012 ёки 2013 йилда бинони чин эгасига бериш чораси кўрилмади? Айни пайтдаги эга-тадбиркор охирги марта 5 миллион сўм солиқ тўлабди. Ҳолбуки бу ердан унумли фойдаланилганида, келадиган фойда юз-минг баравар зиёд бўлиши ҳам мумкин эди.

Нима бўлганда ҳам, бундан буёғига оқилона иш тутиш даркор...

НАСРИДДИН

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo