Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

12.05.2020


ҒИШТ ЗАВОДДА ЭСКИ ШИНАЛАРНИ НЕГА ЁҚИШГАНДИ?

Экология ва биз

Шу йилнинг 3 май куни Китоб туманидаги Сариосиё ва Нурафшон маҳаллалари аҳолиси туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғига мурожаат қилиб, ҳудуддаги “Хайробод Сервис” МЧЖга қарашли пишиқ ғишт ишлаб чиқариш заводида атмосфера ҳавосига кўп миқдорда ифлослантирувчи моддалар чиқарилаётганидан шикоят қилишган.

Ўрганиш давомида жамият раҳбари Ж.Ҳомидовнинг тушунтириш беришича, ўша куни завод ишчилари кўмирни ёқишга тутантириқ учун ишдан чиққан шиналарни ёндиришган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган Давлат экологик экспертизаси тўғрисидаги низомга кўра, мазкур ҳолат атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг хавфлилик даражаси бўйича 3-тоифа (паст даражада хавфли таъсир кўрсатиш)га мансуб. Қолаверса, жамият томонидан бу борада ишлаб чиқилган норматив-меъёрий ҳужжатнинг амал қилиш муддати тугаган.

Натижада “Хайробод Сервис” МЧЖ раҳбарига нисбатан маъмурий чора қўллашга тушунтириш хати олинди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича инспекция кўрсатмаси берилди.

Атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар бирваракайига чиқариб юборилиши бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 11 октябрдаги “Табиатни муҳофаза қилишни таъминлашнинг иқтисодий механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 3 миллион 606 минг сўм миқдорида тўлов ҳисобланиб, 7 май куни тўлиқ ундириб олинди.

Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасидан маълум қилишларича, мурожаат натижалари бўйича Сариосиё ва Нурафшон маҳаллалари аҳолисига тушунтириш берилган.                           

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo