Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

03.11.2022


Қизил сайёрадан қадимий океан излари топилди

Олимлар Марс сайёрасидаги қадимий океан изларини аниқлашди. Бу ҳақда АҚШнинг Пенсильвания штати университети матбуот хизмати маълум қилган.

Бугунги кунда Марсда сув асосан ер ости муз қатлами шаклида мавжуд, аммо эрамиздан 3,5-2 миллиард йил аввал сайёранинг деярли бутун юзаси сувга бой бўлган. Мунтазам ёққан ёмғирлар, тошқин дарёлар ҳосил қилган оқим йирик сув ҳавзаларига қуйилган. Кейинчалик бу ҳавзалар ўзидан из қолдирган, бироқ орадан миллиардлаб йиллар ўтганлиги сабабли ҳар доим ҳам уларни аниқлаш осон кечмайди.

Океаннинг қирғоқ чизиғи Curiosity марсоходи ишлаётган Гейл кратеридан тахминан минг километр узоқликда аниқланган. Уни Пенсильвания штати университети олимлари Қизил сайёрадаги Aeolis Dorsa ҳудуди топологияси ва минерал таркибини таҳлил қилиш жараёнида идентификациялаган.

Умуман, лидар (масофани ўлчаш) қурилмасидан фойдаланиб олинган ҳажмли сунъий йўлдош тасвирларида ҳавзага олиб борувчи 6 минг 500 километрдан кўпроқ дарёлар ўзани изларини аниқлашга муваффақ бўлиниб, уларни 20 та алоҳида тизимга бирлаштиришга эришилган. Афтидан, излар Марс сайёрасининг шимолий океанига қуйилувчи тармоқланган турли дарёлар дельталарига тегишли эди.          

Геологларнинг сўзларига кўра, бу Қизил сайёрадан вақти келиб топилган энг зич қадимий дарёлар тармоғидир. Aeolis Dorsa чўкинди қатлами 900 метргача етиши мумкин.

Шу талқинда, бу ҳудуд яшаш имкониятларини излаш учун энг жозибадор нуқталардан бирига айланади, бинобарин, Ерда ҳам ҳаёт айнан сувда пайдо бўлган.

Report typo