Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
5 июнь, жума. 2020 йил                         Махсус версия RU

Ш.ҲАСАНОВ

27.03.2020


ЙИГИРМА УЧ ЁШЛИ ҚИЗНИНГ ОЗОДЛИГИ НЕГА ЧЕКЛАНДИ?

Қилмиш - қидирмиш

Парвона Ҳақбердиева (исм ва фамилиялар ўзгартирилган) 1997 йилнинг июнь ойида Нишон туманида туғилган. Шу ҳудуддаги маҳаллалардан бирида доимий рўйхатда туриб, ўзи Самарқанд шаҳрида, ижарада яшайди. Хўш, нега?

Гап шундаки, Парвона туғилганидан сўнг онаси уни бошқа бир оилага фарзандликка бериб юборган. Қиз эса улғайгани сари ўзининг асранди фарзанд эканлиги ҳақидаги гаплардан тушкунликка тушар, оқибатида уни боқиб катта қилган аёл билан ўртасидаги муносабатларга ҳам тобора дарз кетиб борарди.

2015 йили у навбатдаги тортишувлардан сўнг уйдан чиқиб, Самарқанд шаҳрига йўл олди. Бу ерда ҳақиқий онасини топиб, у билан учрашди. Аммо аёл 17 йил аввал ташлаб кетган қизини қучоқ очиб кутиб олгани йўқ. Қилган ягона ёрдами - Самарқанд шаҳридан ижарага уй топиб берди.

Бу хонадонда яна бир жувон ижарада яшар экан. Бу аёлнинг норасмий эри Туркия фуқароси бўлиб, шаҳардаги корхоналардан бирида ишларди. Парвона у билан тезда тил топишиб кетди. 

- Сизнинг ёшингиздаги қизларга Туркияда иш кўп, - деди эркак. - Масалан, меҳмонхоналарда бу ердагидан анча кўп маош тўлашади. Агар бормоқчи бўлсангиз, танишларим бор, гаплашиб бераман.

Кўп ўтмай у Парвонага Истанбул шаҳридаги меҳмонхоналардан бирининг раҳбари бўлган Неджат исмли кишининг телефон рақамини келтириб берди. Қиз бир қанча вақт мобайнида Неджат билан телефон орқали гаплашиб юрди.

Неджат Парвонага агар Истанбулга келсангиз, меҳмонхонага ишга жойлаштириб қўяман, бу борада ҳеч қандай муаммо бўлмайди, дея ваъда берганди. Ҳатто унинг Туркияга етиб олиши учун пул ҳам жўнатди.

Парвона пулни олгач, Туркияга кетиш учун ҳужжатларни тайёрлаш ҳақида бош қотира бошлади. Ўша пайтдаги тегишли тартибга мувофиқ, қиз бунинг учун аввало ўзи доимий рўйхатда турган ҳудуддаги ички ишлар бўлимига мурожаат этиши ва хорижга чиқиш ҳуқуқини берувчи махсус стикерни олиши лозим эди. Аммо, бир нечта танишларининг "Стикерни олишда ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг ҳам рухсати талаб этилади" деган гапи қизни бу аҳдидан қайтарди. Ота-онаси ҳеч қачон рухсат бермаслигини биларди. Шу боис Туркияга боришнинг бошқа йўлларини излай бошлади. Охири бу йўлни топди ҳам.

У аввал Россияга учди. Сўнг у ердан Туркияга етиб борди. Бу ерда эса Неджат кутиб олиб, ваъдага мувофиқ ўз меҳмонхонасига ишга қабул қилди.

Кунларнинг бирида Парвона фуқаролик паспортини йўқотиб қўйди ва шундан кўп ўтмай меҳмонхонада назорат тадбирини ўтказган турк полицияси ходимлари томонидан қўлга олинди. Улар қизнинг бир йил давомида Туркияга киришига тақиқ қўйиб, ўзини Ўзбекистон Республикасининг Туркиядаги элчихонасига жўнатди. Бу ердан эса ортга қайтарилди.

Жиноят ишлари бўйича Нишон тумани судининг очиқ суд мажлисида Парвона Ҳақбердиева томонидан содир этилган жиноят иши кўриб чиқилиб, у Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 223-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни (белгиланган тартибни бузиб чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) содир этганликда айбдор деб топилди.

Суд ҳукмига кўра, Парвона Ҳақбердиевага 1,5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Ш.ҲАСАНОВ,

жиноят ишлари бўйича Нишон тумани суди раиси

Report typo