Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

28.02.2020


ЙИЛ ДАВОМИДА ЭЗГУ МАҚСАДЛАР САРИ

2 март - Ўзбекистон БМТга аъзо бўлган кун

1945 йил 24 октябрда фашизм устидан ғалаба қозонган мустақил давлатларнинг ихтиёрий бирлашиши асосида тузилган энг йирик халқаро ташкилот - Бирлашган Миллатлар Ташкилотига бугунги кунда 193 мамлакат аъзо саналади.

Глобализация шароитида ривожланаётган дунёда БМТ қуйидаги йўналишларда ўз фаолиятини олиб боради:

Халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш. Ташкилотни ташкил этишдан асосий мақсад халқаро тинчлик ва    хавфсизликни таъминлаш эди. Бу йўлда БМТ турли тўқнашувларнинг олдини олиш, бир-бири билан тўқнашаётган томонларни яраштириш, тинчликпарвар операцияларни амалга ошириш ҳамда тинчлик-тотувликни сақлаб қолишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширади. Ташкилот Хавфсизлик Кенгаши халқаро тинчлик ва хавфсизликни ўрнатишда асосий жавобгар органдир.

Барқарор ривожланиш ва тараққиётни илгари суриш. БМТнинг устувор йўналишларидан яна бири иқтисодий, ижтимоий, маданий ёки гуманитар масалаларни ечишда, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини - ирқий, жинсий, тил ёки диний аломатларга қараб ажратмасдан - ҳурмат қилиш, эъзозлаш ва илгари суриш мақсадида халқаро ҳамкорликни ўрнатишдан иборат.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш. "Инсон ҳуқуқлари" атамаси БМТ Устави матнида 7 маротаба келтирилгани устувор мақсадларнинг яна бир йўналишини кўрсатиб беради. Шу асосда 1948 йилда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинди. Ҳар бир одам учун инсоннинг умумий ҳуқуқлари илк бор ўз ифодасини топган ушбу ҳужжат бугунги кунда 360 дан ортиқ тилда чоп этилган ва жаҳондаги энг кўп таржима қилинадиган ҳужжат ҳисобланади. Эътиборлиси, ушбу декларация мустақил Ўзбекистон Республикаси имзолаган энг биринчи халқаро ҳужжатдир.

Халқаро ҳуқуқ учун замин яратиш. БМТ Уставининг кириш сўзида "адолат ҳамда битим ва бошқа халқаро ҳуқуқ манбаи бўлмиш ҳужжатлардан келиб чиқувчи мажбуриятларнинг    бажарилишини таъминловчи шарт-шароитларни яратиш", деган аниқ мақсад белгилаб олинган. БМТ Хавфсизлик Кенгаши тинчликпарвар миссияларини маъқуллаш, санкцияларни ўрнатиш, халқаро тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солинаётган ҳолатларда қуролли кучлардан фойдаланиш ҳақидаги қарорларни қабул қилиш ҳуқуқига эга. БМТга бундай ваколатлар унинг Устави, яъни халқаро битим деб ҳисобланмиш ҳужжат билан берилган. БМТ Уставининг ўзи халқаро ҳуқуқ воситаси бўлиб, БМТга аъзо бўлган барча мамлакатлар уни бажаришга, риоя этишга мажбур.

Гуманитар ёрдамни етказиб бериш. Гуманитар ёрдам илк бора БМТ томонидан Иккинчи жаҳон уруши оқибатида ачинарли аҳволга келиб қолган Европа ҳудудида яшовчи халқларга етказиб берилиб, бутун Европанинг қайта қурилишига катта ҳисса қўшилган. Одамлар сабаб бўлган фалокат ва табиий офатлар оқибатида азият чекаётган аҳолига гуманитар ёрдамни етказиб бериш билан боғлиқ ишларни амалга оширишга алоҳида мамлакатнинг бир ўзи ожизлик қилаётган ҳолларда бундай ишлар БМТга топширилади.

БМТ Бош котибининг роли. БМТнинг Бош котиби - дипломат, инсон ҳуқуқларининг ҳимоячиси ва ташкилотнинг энг  биринчи етакчиси бўлиб, БМТ қадриятларини ўзида мужассам эттиради, бутун инсоният  номидан, айниқса, энг заиф бўлган аҳоли номидан гапириш, инсоният манфаатларини ҳимоя  қилиш ваколатига эгадир. Ҳозирда БМТнинг тўққизинчи Бош котиби лавозимини 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб португалиялик Антониу Гутерриш эгаллаб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгандан сўнг - 1992 йилнинг 2 мартида БМТга аъзо бўлди. Ташкилот Бош Ассамблеяси биноси олдида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи шу кундан эътиборан ҳилпирай бошлади. 1993 йилнинг 24 августида БМТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси очилди. Ўзбекистон Республикаси БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида бу энг нуфузли халқаро ташкилотнинг мақсад ва қоидаларига қатъий амал қилиб келмоқда.

Нью-Йорк шаҳридаги БМТ қароргоҳида ва Женева шаҳридаги БМТ қароргоҳида Ўзбекистон Республикасининг доимий ваколатхоналари фаолият олиб боради.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов 1993, 1995, 2000 ва 2010 йилларда, Ўзбекистон   Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил БМT Бош Ассамблеясида нутқ сўзлади. 2002 йил БМТ собиқ Бош Котиблари Кофи Аннан, 2010 ва 2015 йил Пан Ги Мун, 2017 амалдаги Бош Котиб Антониу Гутерриш Ўзбекистонга ташриф буюрди.

БМТ ҳар бир инсоннинг ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш, кенгайтириш ва ҳимоя қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олган дунёдаги ягона ташкилот сифатида "умумжаҳон парламенти" сифатида календарнинг маълум бир кунини инсоният, халқ, умумжамият учун зарур бўлган масалаларга бағишлаган. Жумладан, "Динлараро бағрикенглик ҳафтаси", "Саратон билан курашиш    халқаро куни", "Халқаро ижтимоий адолат куни", февраль ойида "Халқаро она тили куни", "Халқаро ёввойи табиат", "Халқаро ирқий камситилишни бартараф этиш куни", "Ирқчилик ва ирқий камситилишларга қарши курашаётган халқлар билан бирдамлик ҳафтаси",   "Халқаро сил касаллигига қарши курашиш куни", "Халқаро инсон ҳуқуқлари поймол бўлишида ҳақиқатни ўрнатиш куни", апрель ойида "Халқаро спорт, тинчлик ва тараққиёт йўлида куни", "Йўл ҳаракатларида содир этилган ҳодисаларда ҳалок бўлганларни хотирлаш куни", июнь ойида "Халқаро атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни", "Халқаро қочоқлар куни", "Гиёҳвандликка қарши курашиш куни", "Халқаро мурувват куни", сентябрь ойида "Халқаро тинчлик куни" бўлиб, деярли ҳар кун инсонларнинг турли муаммоларини енгиллаштириш ва ҳал этилишида ўз самарасини бермоқда.

Н.ХЎЖАЕВ тайёрлади.

 

Report typo