Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 сентябрь, душанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

05.06.2020


ЁМОННИНГ КУЧИ ЯПАЛОҚҚА ЕТИБДИ...

Ўзбекистон Республикаси Олий суди расмий сайтида қамашилик дилозор кимсаларнинг ножоиз гап-сўзлари ва хатти-ҳаракатлари акс этган мақола эълон қилинди.

Унда ёзилишича, Қамаши туманининг Баландчайла қишлоғида яшовчи Ботир Саломов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳамқишлоғи Шокир Турсуновга тегишли дала майдонида молларини боқиб юрган пайтда кутилмаганда ер эгаси келиб қолади. У Ботирга бу иши нотўғри эканини ётиғи билан тушунтириш ўрнига, бирданига жаҳл отига минади ва уни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлайди.

Шундан сўнг ўртадаги ножоиз гап-сўзлар катта можарога айланиб, таёқ зарбидан тан жароҳати олган Ботир ҳушини йўқотади. Хайриятки, яқин атрофдаги одамларнинг ёрдами билан у зудлик билан шифохонага етказилади.

Яна бир ҳолат. Туманнинг Оқгузар  маҳалласида яшовчи С.Эргашев билан турмуш ўртоғи Н.Эшмуродова ўртасидаги қонуний никоҳ суднинг ажримига кўра бекор қилинади.

Вояга етмаган 2 нафар фарзанд, айрим сабабларга кўра, ота қарамоғида қолади. Томонларнинг ўзаро келишувига асосан, она маълум вақтларда фарзандларини кўргани келиб туради.

Шундай кунларнинг бирида С.Эргашев фарзандларидан хабар олгани келган собиқ турмуш ўртоғини совуқ қарши олади. Ораларида бўлиб ўтган гап-сўзларни қайта қўзғаб, уни ёзғира бошлайди. Ўзаро бемаъни айтишувлардан кейин аёлни дўппослашгача бориб етади. Аёл оғир тан жароҳати олиб, шифохонада узоқ вақт даволанишга мажбур бўлади.

Туман маъмурий суди томонидан юқоридаги икки ҳолат кўриб чиқилиб, айбдорлар тегишли жазосини олган.

Report typo