Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

04.02.2020


ЁНИДАН, УЙИДАН ВА ИШХОНАСИДАН ГИЁҲВАНД МОДДАЛАР ТОПИЛДИ

Назорат ва натижа

Вилоят божхона бошқармаси контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда Нишон туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноий ҳаракатга чек қўйилди. Бу ҳақда бошқарма ахборот хизмати хабар бермоқда.

Аниқланишича, тумандаги деҳқон бозори ҳудуди атрофида фуқаро Б.К. шартли харидорга 2 дона гугурт қутисига жойланган марихуана гиёҳвандлик воситасини 1 миллион сўмга пуллаётган вақтида тўхтатиб қолинган. Шундан сўнг Б.К. холислар иштирокида кўздан кечирилганида, устки кийимлари ичидан 5 минг сўмлик купюрага ўралган марихуана ҳамда 8 дона гиёҳвандлик воситаси уруғи борлиги аниқланди.

Унинг яшаш хонадони кўрилганда эса ҳовлидаги темир устун ичида гугурт қутиларига жойлаб қўйилган 279 дона гиёҳвандлик воситаси уруғи, шунингдек, тахта бўлаклари тагига темир идишларга хуфёна тарзда яшириб қўйилган гиёҳвандлик воситалари ўсимлигининг поялари фош этилди.

Бундан ташқари, ушбу фуқаронинг Янги Нишон шаҳрида жойлашган пайвандлаш устахонасидан гугурт қутисига жойланган 100 дона гиёҳвандлик воситалари уруғи топилди.

Вилоят ИИБнинг эксперт хулосасига кўра, олинган ашёвий далиллар 7,3 грамм марихуана гиёҳвандлик воситаси, 113,1 грамм каннабис гиёҳвандлик ўсимлиги поялари ҳамда 387 дона каннабис уруғи эканлиги маълум бўлди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан текширув ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Н.ХЎЖАЕВ

 

Report typo