Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

21.02.2020


ЁР СЕНИКИМИ Ё МЕНИКИ?

ЁХУД ОДАМЛАРИ МАҲАЛЛА РАИСИНИ ТАНИМАЙДИГАН, ДЕПУТАТИ КИМЛИГИНИ БИЛМАГАН, САЙЛОВГА ЧАҚИРИЛМАГАН, ТУМАНДА ЖОЙЛАШГАНУ ШАҲАРГА ҚАРАЙДИГАН МАССИВ ХУСУСИДА

Фототанқид

Амалиётда қўлланадиган "анклав" деган атама бор. Ҳудуднинг ҳамма томони бошқа давлат чегараси билан ўралган, лекин ўзи бошқа бир мамлакатга тегишли бўлган манзилни анклав шаҳар ёки анклав қишлоқ, дея атаймиз.

 Қизиғи, Қарши туманида ҳам шунга ўхшаш ҳудуд мавжуд. Аҳоли Янги беклар, Янги Ҳилол номлари билан атайдиган бу массив тўлиғича Қарши тумани ҳудудида жойлашган, бироқ маъмурий жиҳатдан Қарши шаҳрига қарайди.

Қизиқ, гир атрофингиздаги ҳудудлар, массивлар туманга қарасаю, ўртада фақат биргина аҳоли яшаш пункти Қарши шаҳрига бириктирилган, "прописка" ҳам шаҳарда бўлса. Аммо шу ерда истиқомат қилаётган 180 дан ортиқ хўжалик аъзолари буни сира қизиқ ҳолат дейишмайди, бу улар учун турган-битган муаммонинг ўзгинаси. Нега дейсизми, келинг бошидан бошлаймиз.

  2009 йилда Қарши шаҳри марказида кенг кўламли қурилиш ишлари олиб борилиши муносабати билан уйи бузилишга тушган аҳоли, шунингдек, янги хўжаликларга уй қуриш учун жой ажратиш эҳтиёжи пайдо бўлгач, ўша пайтдаги мутасаддилар бу ишни ўзига хос усулда ҳал этган. Яъни, Қарши шаҳри ҳокимлиги томонидан Қарши тумани ҳудудидаги ер майдонлари аҳолига уй-жой қуриш учун умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан очиқ аукцион савдосига қўйилади. Уларни асосан Қарши шаҳрида яшаган аҳоли харид қилган ва бу борадаги барча ҳужжатлар  Қарши шаҳар кадастр идораси томонидан расмийлаштириб берилган. Қарши туманига қарашли ерни Қарши шаҳар ҳокимлиги қандай тартибда аукционга қўйганлиги эса бизга қоронғи. Шу тарзда шаклланган янги массив  Қарши шаҳридаги  Отчопар маҳалласи таркибига киритилади.

Шундай қилиб, 2010 йилдан бу ерга аҳоли уй-жой қуриб, кўчиб келишни бошлади. Шу билан улар турли муаммолар қуршовида ҳам қолади. Яъни, янги аҳоли пунктидаги газ, сув, электр таъминоти, ички йўллар ва бошқа зарур коммуникация тармоқлари масаласи ечимини ҳозиргача на туман, на шаҳар  мутасаддилари тўла-тўкис ўз зиммасига олаётгани йўқ. Одамлар эса икки ўртада  оввораю сарсон.

 - Масалан, 60 хўжалик учун мўлжалланган кичик трансформатордан 180 дан ошиқ истеъмолчи фойдаланмоқда, -  дейди шу массивда яшовчи Дилбар Тошпўлатова. - Замонавий электр жиҳозларидан фойдаланишни-ку ўйламай ҳам қўйганмиз, кечга бориб ҳатто “свет”имиз ҳам ёруғ бермай қолади. Фарзандларимиз чироқ ёруғида дарс тайёрлашга мажбур бўлаяпти. Симёғочларимиз, ҳаво линияси кабеллари мутлақо яроқсиз. Масъуллардан нажот бўлмагач, ҳамма ўз ҳолича   кабель тортиб олган, тартибсиз ва хавфли. Ҳатто айрим очиқ электр симларига ёш болаларнинг қўли етади. Уларни ёлғиз кўчага чиқаришга қўрқамиз. Энг ёмони, дардимизни айтиб, шаҳар ҳокимлигига борсак туманга юборишади, туманга борсак, яна шаҳарга қайтаради. Аро йўлда сарсону саргардонмиз.

 Маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, улар шу вақтга қадар фойдаланиб келган ягона трансформатор юқори юкламага дош бера олмай, охири ёниб кетган. Ҳудуд бир неча кун давомида мутлақо электр таъминотисиз қолиб, одамларнинг кўплаб мутасадди ташкилотларга қилган мурожаатларидан сўнг янги трансформатор ўрнатилибди. Лекин аҳолининг таъкидлашича, бу вақтинчалик эмиш, эски трансформатор таъмирлангач, яна ўзи қайтариб қўйилар экан. 

 Янги массивдаги аксарият йўлларнинг ҳолига ҳам ҳавас қилиб бўлмайди. Асосий йўлнинг бир қисмига асфальт ётқизилганини инобатга олмаса, қолган ички йўлларда ёзда тупроқ кўпчийди, ёғин-сочинли кунларда эса лойгарчилик.

- Қиш кунлари баъзида оёққа этик кийиб, лой кечиб фарзандларимизни катта йўлгача кўтариб чиқамиз. Улар мактабга бориши керак. Гоҳида эса кўчаларга сув кўллаб кетганидан ўзимиз ҳам чиқа олмай қоламиз, болаларимиз мактабга боришмайди, - дейишди аҳоли вакиллари.

- Айрим раҳбарларнинг айтишича, массив ҳали тўлиқ шаклланмаган эмиш, ҳамма уй-жой эгалари кўчиб келиб, яшай бошлагач зарур шарт-шароитлар ҳозирланар экан, - дейди шу массивда яшовчи фуқаролардан яна бири Ойбек Тоштурдиев. - Тўғри, ҳозирда 50 фоиздан кўп аҳоли кўчиб келгани йўқ, ҳали бери келиши ҳам даргумон. Улар бу жойларни келгусида сотиш ёки невараси, чевараси учун мўлжаллаб олиб қўйишибди. Лекин ўн йилдан буён шу шароитда яшаётган бизда нима айб? Бошқалар кўчиб келишини кутиб умримиз муаммолар ичида ўтиб кетадими. Мана қаранг, биргина шу массивнинг ўзида 100 га яқин ер, уй-жой сотилиши ҳақида эълонлар ёзиб ташланган. Буни кимдир назорат қилиши, аукционда сотиб олинган жойга ҳам уй-жой қуриш, кўчиб келиб яшаш учун маълум муддат белгиланиши керак эмасми?!

 Аҳоли вакилларининг таъкидлашича, массивда учраётган бу каби  муаммолар билан ҳам шаҳар, ҳам туман мутасаддиларига кўп маротаба мурожаат қилинган, лекин ҳеч бири келиб ҳолатни ўргангани, амалий ёрдам кўрсатгани йўқ.

- Ҳатто маҳалла раисини танимаймиз, депутатимиз кимлигини билмаймиз, яқинда бўлиб ўтган сайловга рўйхатга олиб кетишдию, таклифнома беришмади, - дейди суҳбатдошларимиздан яна бири Дилафрўз Турсунова. - Қўни-қўшнилар ҳам ҳайрон, қайси сайлов участкасига боришни билмай, охири сайловда қатнашмадик.

Бу гапни шу ердаги бошқа кишилар ҳам тасдиқлашди. Кўпчилиги маҳалла раиси, профилактика инспекторини танимаслиги, депутати кимлигини билмаслиги, уларнинг бирортаси келиб, учрашув ўтказгани, муаммолари ҳақида сўраганини эслай олмаслигини билдирди.

- Тўғри, маҳалла жуда катта, ҳар доим ҳам бу ерга кела олмаслигим мумкин, - дейди таклифимизга кўра массивга етиб келган Отчопар МФЙ раиси Фармон Чоршанбиев. - Лекин бу умуман хабарлашмайман, дегани эмас. Массивдаги кўпчилик кишиларни яхши танийман, яқинда ҳам келиб, бир неча фуқаролар билан учрашиб кетганман, уларнинг муаммоларидан ҳам хабарим бор. Ҳақиқатан массивнинг ўзи тўлиқ туман ҳудудида жойлашган, аммо ўша маҳал бизга бириктириб қўйилган эди. Ҳозир бу ернинг ўзини алоҳида маҳаллага ажратиш режаси кўрилмоқда. Шу масала ҳал бўлса, массивнинг ўзи алоҳида маҳаллага айланади, алоҳида профилактика инспектори тайинланади, маҳалла мутасаддилари доимий равишда шу ерда ишлашади. Кўпроқ аҳоли орасида бўлишига имкон туғилади.

Хуллас, Янги бекларда ана шундай гаплар. Бу ерда яшаётган кишиларни маҳалланинг қачон бўлиниши-ю, ўзларининг маъмурий ҳудуд сифатида туман ёки шаҳарга қўшилиши кўпам қизиқтирмайди. Муҳими, улар учун массивдаги йўлларга ҳеч бўлмаганда шағал ётқизилса, электр энергияси билан боғлиқ муаммолар ҳал этилса,  бир сўз билан айтганда, яшаш учун энг зарур шароит яратиб берилса бўлгани. Ҳамон масъуллардан шуни кутишмоқда.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo