Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 февраль, шанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

14.02.2020


ЁРУҒ ОЛАМДА ФАЛСАФАМИЗ ИЗОҲЛАЙ ОЛМАЙДИГАН КЎП НАРСАЛАР БОР

Сараланган сатрлар

Япон адабиёти дунёга Рюноскэ Акутагава, Ясунари Кавабата, Кобо Абэ, Кэндзабуро Оэ, Ясуси Иноуэ, Танидзаки Дзюнъитиро каби номлар билан машҳур. Улар орасида Кавабата ва Оэ - адабиёт соҳасида Нобель мукофоти совриндори.

Янги асрда япон насри ҳақида гап кетаркан, Харуки Мураками номи кўп тилга олинаяпти, асарлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима этилаётир. Ҳатто 2016 йилда Нобель мукофотига номзодлар рўйхатига Мураками номи ҳам киритилган.

Бироқ тан олиш керак, Мураками романлари юқорида номлари келтирилган адиблар ижоди билан бўйлаша олмайди. Ҳатто у мансуб постмодерн йўналишда ёзилган, итальян ёзувчиси Умберто Эконинг "Атиргул исми", серб ёзувчиси Милорад Павич қаламига мансуб "Ҳазар луғати", немис ёзувчиси Патрик Зюскинднинг "Парфюмер", туркиялик Ўрхон Памуқ асарлари билан таққослаганда ҳам у қадар кучли ёзувчи эмаслиги кўринади.

Хўш, унда нега Мураками асарлари дунёда миллионлаб нусхада чоп этилаяпти? Чиндан ҳам у "пуфлаб шиширилган даҳо"ларданми? Ёки мухлислари таъкидлагани каби, бошқа асарлари бирлашиб яхлит композиция ҳосил қиладими? Тугал хулосага Мураками асарларини ўқиш асносида келасиз, деган умиддамиз. Ҳозирча эса адибнинг "Шамол қўшиғини тингла" ва "Пинбол-1973" романларидан сараланган сатрларни эътиборингизга ҳавола этиш билан кифояланамиз. Бу асарлар шаҳарлашган жамиятда яшайдиган, идеаллари ва тайинли мақсади йўқ, бекорчиликдан нима қиларини билмай ётадиган, ё бўлмаса барда ўтириб ичадиган, нима учун яшаётганини билмайдиган ёшлар, уларнинг фожиаси ҳақида.

Мукаммал матн деганлари, аслида, йўқ нарса. Худди буткул умидсизлик бўлмаганидек.

* * *

...бирор-бир янги нарсани ўрганаётганингда, қариш унчалик азобли туюлмайди.

* * *

Асар ёзишда мен Дерек Хартфильддан кўп нарсани ўргандим. Ҳамма нарсани ўргандим, десам ҳам бўлади. Хартфильднинг ўзи, афсуски, ҳар жиҳатдан бесамар ёзувчи эди. Агар ўқисангиз, ўзингиз кўрасиз. Дағал матн, аҳмоқона мавзулар, қовушмаган сюжетлар. Лекин, шуларга қарамай, у матнни қуролга айлантира оладиган камдан-кам ёзувчилардан бири эди. Хемингуэйдай ёки Фицжеральддай замондошларидан жанговарликда ҳечам қолишмасди. Фақат Хартфильдга умрининг охиригача душманни топиш насиб этмади. Очиғини айтганда, унинг бесамарлигиям шунда эди.

* * *

Агар сизга санъату адабиёт керак бўлса, юнонларни ўқинг. Ахир, ҳақиқий санъатнинг яралиши учун қулдорлик тузуми зарур-ку. Қадимги юнонларда қуллар ерга ишлов беришган, овқат пиширишган, узун кемаларда эшкак эшишган. Шаҳарликлар эса, бу пайтда Ўртаер денгизи соҳилларида қуёшга тобланишиб, шеър ёзиш ва математика машқлари билан    машғул бўлишган. Бу ҳақиқатдан ҳам санъат бўлган.

Тун ярмида бўм-бўш ошхонасидаги музлаткични титкилаётган одам ёзган матн қанақа бўлиши мумкин?

* * *

Тўғри, бой бўлиш учун, сал бўлсаям мия керак. Бойман деб керилиш учун эса - шарт эмас.

* * *

Цивилизация маълумот узатиш дегани. Айтадиган ва узатиладиган ҳеч нарса қолмаганда цивилизация тугайди. "Шиқ!" этадию ўчади.

* * *

Денгизга узоқ қарасанг, одамларни кўргинг келади, одамларга узоқ қарасанг - денгизни. Ғалати.

* * *

Одобли одамлар бошқаларга уйида нима бўлаётганини айтишни ёмон кўришади.

* * *

Йўқ одамлар ҳақида гапириш доим қийин. Ёшлигида ўлган аёл тўғрисида-ку - жудаям. Улар, ахир, абадий ёшлигича қолишган.

Бизлар эса, тирик юрганлар, қарияпмиз. Ҳар йил, ҳар ой ва ҳар кун. Менга баъзан шундай туюладики, соат сайин қариётгандекман. Ва, энг даҳшатлиси - аслидаям шундайлиги.

* * *

Вақти келиб, ҳар бир одам ўзининг жойини топади. Фақат мен жойимни топганим йўқ. Биласанми, шунақа ўйин бор - болалар курсининг атрофида айланиб югуради-да, кейин бирдан курсиларга ўтириб олади - бир болага эса курси етмайди.

* * *

Биз ҳаммамиз - бузуқ самолётдаги ҳамроҳлармиз. Албатта, омадлилар бор, омадсизлар ҳам бор. Кучлилар бор, заифлар ҳам бор. Бойлар бор, камбағаллар ҳам бор. Лекин барибир ҳеч кимда ғайритабиий куч йўқ. Ҳамма бир хил. Бир нимаси борлар уни йўқотишдан қўрқишади - ҳеч нимаси йўқлар эса, энди ҳеч нимага эга бўлолмасликдан ғамга ботишади.

* * *

Ёлғон гапириш ва сукут сақлаш - ҳозирги инсонлар жамиятида авж олган икки оғир гуноҳ. Биз ҳақиқатдан ҳам кўп алдаймиз - ёки сукут сақлаймиз.

Лекин бошқа томондан, агар биз йил бўйи фақат гапирганимизда - устига устак, ҳақиқатни ва фақат ҳақиқатни гапирганимизда, ким билади дейсиз, эҳтимол, ҳақиқат ўзининг бор қадр-қимматини йўқотган бўлармиди...

* * *

...уч йил ичида, мен бир нарсани тушундим: ҳатто энг абгор аҳволда ётиб ҳам бир нималар ўрганса бўларкан. Айнан шунинг учун ҳам яшаса арзийди - ҳеч бўлмаганда оз-оздан ўрганиб.

* * *

Тунда эса, яхшилаб ухлаб олишга уринаман. Чунки ёмон хаёллар менинг миямга, одатда, тунлари келади.

* * *

Сэм Пекинпа фильмлари орасидан менга ҳаммасидан кўра "Альфредо Гарсиянинг бошини келтир" ёқади, хотиним эса "Соқчилар"ни яхши кўради. Бошқа фильмлар орасида эса мен "Кукун ва олмос"ни яхши кўраман - хотиним эса "Синглим Жоанна"ни. Узоқ вақт бирга яшасанг, ҳатто дидлар ҳам ўхшаб қоларкан.

* * *

Қабр тошига, васиятига биноан, Нитшедан қуйидаги гап битилган:

"Бизга кундузнинг ёруғида туннинг теранлигини англаш имкони берилганмикан?"

* * *

"Коинотнинг мураккаблигига қиёсан, - деб ёзади Хартфильд, - бизнинг дунёмиз ёмғир чувалчангининг миясидай гап".

* * *

Сабабини билмадиму, лекин ҳар ким бошқа бировга - ёки ҳар ким бутун оламга - жон-жаҳди билан ниманидир етказмоқчи бўлади.

* * *

"Ҳаракат ғояни белгилайди, аксинча бўлиши мумкин эмас", - уларнинг шиори шунақа эди. Ҳаракатни нима белгилашини эса ҳеч кимга айтишмасди.

* * *

Борлиқдаги жамики нарсаларнинг моҳиятида ўтмишнинг такрори ётади.

* * *

Кириш бор жойда чиқиш бор.   Дунёда ҳамма нарса шу асосга қурилган. Хат солинадиган қути, чангюткич, ҳайвонот боғи, чойнак... Бошқачароқ ишланган нарсалар ҳам бор, албатта. Масалан, қопқон.

* * *

Пинбол автомати ва Адольф Гитлер босиб ўтган йўллар бир-бирига анча ўхшаш. Иккови ҳам қаёқдандир қалқиб чиққан давр кўпиги, қуйқаси эди - фақат ўз-ўзича мавжудлиги боис эмас, тараққиёт шиддати сабаб хаёлий қиёфа касб этишганди. Маълумки, тараққиёт уч омилга асосланади: технология, сармоя ва инсонларнинг ҳадсиз эҳтиёжи.

* * *

"Одам қўли билан ёзилганлар ичида бошқа одам тушунолмайдиган ҳеч нима йўқ", - фирмамизнинг уч хил рангли реклама қоғозидаги жарангдор шиор шунақа эди.

* * *

Баъзан кечаги кунинг ўтган йилдек туюлади. Баъзида эса ўтган йилни кечаги кундек идрок этасан. Келаси йил ўтган кунга ўхшаса - демак аҳвол жуда чатоқ.

* * *

Ёмғир ҳамон қуяётганди. Бунинг устига товушсиз қуярди. Худди қалин гиламга сочилаётган газета қийқимларидек. Клод Лелуш шунақа ёмғирни фильмларида кўрсатишни яхши кўради.

* * *

- Фалсафанинг вазифаси - гапимни Кантнинг сўзлари билан бошладим, - янглиш фикрлар келтириб чиқарган хомхаёлларни даф қилишдан иборат...

* * *

Меъёридан оширмасам-да, имкон қадар ҳалол ишлайман. Освенцимда бу фазилатларнинг қадрланиши табиий эди. Аслида муаммо ҳам шунда: менга тўғри келадиган вазифалар ўтмишда қолган.

* * *

Ёруғ оламда фалсафамиз изоҳлай олмайдиган кўп нарсалар бор.

* * *

Ҳа, ҳарқалай одам ғурурсиз яшолмаса керак... Лекин фақат ғурур билан яшаш ҳам жуда қайғули. Ҳаддан ташқари рутубатли...

* * *

Қора дарё эртами-кечми бепоён уммонга бориб қуюладию, кейин ирмоқлари қайта бирикмайди. Йигирма беш йил фақат шунинг учун яшабсан... Нега? - деб ўзингни сўроққа тутасан. Ким билсин... Яхши савол, аммо жавоби йўқ. Яхши саволларнинг жавоби сира топилмайди.

НАСРИДДИН тайёрлади.

 

Report typo