Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Дилфуза ЖУМАЕВА

06.01.2017


ЁШ ИХТИРОЧИЛАР УСТОЗИ

Ғузор туманидаги 38-мактабда 1978 йилда рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси сифатида фаолият бошлаган Саъдулла Қорабоев бор билим ва кучини шу ишга бағишлади. Ўқитувчилик ортидан қадр топди.

Саъдулла Қорабоев 41 йил мактабда ишлаб, нафақага чиққан бўлса-да, қадрдон даргоҳидан узоқлашмади. Ҳозир ҳам у илмга чанқоқ ёшлар даврасида. Мактаб қошида 2005 йилдан буён “Ёш ихтирочи” тўгарагида турли конструкция, ишланмалар, техник қурилмалар яратиш устида ўқувчилар билан амалий машғулотлар ўтказиб келмоқда. Ҳар кун болалар билан турли хил янги ғоя ва фикрлар устида тинмай баҳс ва мунозаралар олиб боради. Бу эса илғор технологияларга асосланган инновацион лойиҳаларнинг яратилишига замин ҳозирлайди.

- Шогирдларимнинг кўпчилиги турли танловларда совриндорлар сафидан ўрин олаяпти, - дейди тўгарак раҳбари. – Вилоятдаги “Ватанпарвар” ташкилоти билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатганмиз. 2014-2015 йилларда вилоят ва республикада бўлиб ўтган кўрик-танловларда Бобур Жамилов, Аҳрор Акрамов, Жавлонбек Дўстёров ўз техник ишланмалари билан фахрли ўринларга лойиқ кўрилди. Жорий йилда эса вилоят “Баркамол авлод” болалар ижодиёти марказида ўтказилган “Болаларнинг техник ижодкорлиги” фестивалида яна бир шогирдим - 8-синф ўқувчиси Бобур Абдухолиқов “Менинг орзуимдаги пахта териш машинаси” лойиҳаси билан биринчи ўринни қўлга киритгани мени беҳад шодлантирди. Энди кўрик-танловнинг республика босқичига қизғин тайёргарлик кўраяпмиз.

Бу каби ютуқлар тажрибали устозни янада ғайратлантиради. У билан гаплашсангиз, шогирдлари эришган муваффақиятлар ҳақида тўлиб-тошиб сўзлайди.

- Ҳозирги ёшларга ҳавасим келади, - дейди у. - Шукур, истиқлол уларга шундай шароитларда ўқиш ва изланиш бахтини берди. Шогирдларим мен эришмаган бахтдан бахтиёрлигини кўриб беихтиёр севинчдан кўзимга ёш қалқийди.

Саъдулла акани фақат ихтиролар қизиқтиради, деб ўйлаганлар адашади. У бадиий адабиёт ошноси ҳамдир. Қаерга бормасин, ўша ердан китобсиз қайтмайди. Чунки уйида ташкил қилган кутубхонасида бўш жой доимо топилади.

- Илк бор китоб сотиб олганим эсимда, - дейди ўқитувчи. – Саккиз ёшдаман. Отам билан қўй сотдик. Шунда у мени китоб дўконига олиб кирди. Ундан атайлаб мен учун Николай Носовнинг “Билмасвой ва унинг дўстларининг бошидан кечирганлари” китобини сотиб олди. Бу китоб шахсий кутубхонамдаги энг қадрли китобга айланган, буни набираларимга кўрсатиб мақтаниб ҳам қўяман. Ўшандан бери китоб йиғаман.

Саъдулла аканинг бир яхши одати бор. У киши фуқаролар йиғини фаоли сифатида қишлоғидаги йиғин-тадбирми, тўй бўладими, ўзи билан китоб олиб боради ва уни уй эгасига совға қилади.

- Яқинда учинчи синфда ўқийдиган болакай бобоси билан раҳмат айтгани олдимга келишди. “Сиз совға қилган китобни набирам менга ўқиб берди, шу ёшга кириб бу китобни ўқимаган эканман. Сизга раҳмат”, деди бобоси.

Аслида устозлик фидойи, жонкуяр инсонлар иши. Уларнинг маҳорати эвазига ўсиб келаётган баркамол фарзандларнинг бор куч-ғайрати, иқтидори ва салоҳияти юксала боради. Саъдулла Қорабоевда ана шундай муаллимга хослик мужассамлигини эса тилга олинганидек, шогирдларининг ютуқлари ифодалаб турибди. 

Дилфуза ЖУМАЕВА

Report typo