Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
30 сентябрь, чоршанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

24.12.2019


ЁШ ТАДБИРКОРНИНГ ЙИРИК ЛОЙИҲАСИ

Кичик бизнес

Қаршидан Касбига қараб борар экансиз, туман марказига етмасдан йўл бўйида қатор иссиқхоналар қурилаётгани, каттагина сув ҳавзаси барпо этилиб, атрофида қандайдир иморатлар қад  ростлаётганининг гувоҳи бўласиз.

Эътиборли  томони, уч-тўрт йил аввал бу ерлар қақраган, қаровсиз жой эди. Ёш тадбиркор Аслиддин Умировнинг шу жойда ўз бизнес  фаолиятини йўлга қўйиш режаси маҳаллий ҳокимлик томонидан қўллаб-қувватланиши ҳам ҳудуднинг ободлиги, ҳам тадбиркорнинг янги ташаббуси амалга ошиши учун замин ҳозирлади.

- Лойиҳамиз бир неча босқични ўз ичига олади, - дейди "Қўриқ сити" масъулияти чекланган жамияти раиси Аслиддин Умиров. - Улардан бири - балиқ етиштиришни йўлга қўйиш. Ҳавза ёнида эса фақат балиқдан таом тайёрланадиган замонавий овқатланиш шохобчаси ҳам бўлади. Маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг ўзи балиқ тутиб, таом тайёрлаши ёки тайёрлатиши учун шарт-шароит  яратмоқчимиз. Ўтган йили бунинг учун қарийб 1 гектар майдонда ҳовуз барпо этиб, 1 тонна чавоқ ташлагандик. Ҳозир балиқларимизнинг ўртача ҳажми бир ярим, икки килони ташкил этмоқда. Хомаки ҳисоб-китобимиз бўйича, шу ернинг ўзида 10 тоннага яқин балиқ бор. Бу йилдан эса ҳовузни янада кенгайтириш ва овқатланиш шохобчасини барпо этишга киришамиз.

 Тадбиркор томонидан йўлга қўйилаётган лойиҳалардан яна бири иссиқхона хўжалиги фаолиятидир. У икки йил олдин 20 сотих майдонда иссиқхона қуришни бошлаган эди. Айни пайтга қадар умумий майдони 12 сотихга тенг 6 та иссиқхонада ишлар якунланиб, мандарин кўчатлари ўтқазилган. Ўтган йили экилган айрим кўчатлар эса бу йил илк ҳосилини бермоқда.

- Ички бозорни ўрганганимизда мандаринга талаб кўплиги, бироқ у асосан чет мамлакатлардан импорт қилиниши гувоҳи бўлдик, - дейди Аслиддин. - Шу боис маҳаллий иқлим-шароитида мандарин етиштириш ғоясини танладик. Кўриб турганингиздек, бизнинг шароитда уни бемалол парваришласа бўлади. Энди бу ишни янада ривожлантирмоқчимиз.

Бир ёки икки тармоқ билан чекланиб қолишни истамаган ёш тадбиркор чорвачилик соҳасига сармоя йўналтириш, хориждан зотдор молларни харид қилиб, сут ва гўшт етиштириш фаолиятини йўлга қўйишни ҳам мақсад қилган.

Хуллас, Аслиддин Умировнинг режалари жуда улкан. У ўз корхонасига "Қўриқ сити" дея ном беришининг ҳам рамзий маъноси бор. Бир пайтлар қўриқ ерлар бўлган ана шу масканда катта даромад келтирадиган, қолаверса, юзлаб иш ўринлари яратилган, ҳар жиҳатдан обод ва фаровон ўз бизнес шаҳарчасини қурмоқчи.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Report typo