Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

23.12.2020


Ёшлар божхона фаолияти билан танишишди

Вилоят божхона бошқармаси томонидан ёшлар манфаатларини таъминлаш, муаммолари билан шуғулланиш, тадбиркорликка қизиқтириш юзасидан амалий тадбирлар ўтказилмоқда.

Пресс-тур тартибида ўтказилган галдаги тадбир вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти академик лицейи ўқувчи ёшлари учун ташкил этилди.

Даставвал бошқарманинг масъул таркибий тузилмалари раҳбарлари томонидан божхонанинг қадимги ва мустақилликдан кейинги тарихи, божхона иши, чегара ва ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари иш фаолияти ҳамда божхона органларига ўқиш ва ишга кириш тартиблари тўғрисида маълумотлар берилди.

Сўнг божхонанинг хизмат итлари иштирокида амалий машғулотлар ўтказилди. Дарҳақиқат, инсонлар ўзига содиқ дўст деб биладиган бу жонзотлар бугун соҳада муҳим ўрин тутади.

Тадбирда таъкидланганидек, Марказий Осиёда ягона бўлган Миллий кинология маркази 20 йилдан зиёд вақт давомида биргина республикамизда эмас, бутун минтақада инспектор-кинолог ва хизмат итларини тайёрловчи таянч ўқув марказига айланган. Унинг зиммасига нафақат Давлат божхона қўмитаси, балки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар учун ҳам малакали кинологлар ва хизмат итларини тайёрлаб бериш, мутахассисларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва кинология соҳасида ўқув услубий базани яратиш вазифаси юклатилган.

Пресс-турнинг кейинги қисми Қарши халқаро аэропортига уюштирилди.

Ўқувчи ёшларга “Қарши аэропорти” чегара божхона пости бошлиғи Хуршид Мирзаев томонидан фуқароларнинг халқаро аэропортлар орқали ҳаракатланиш тартиб-таомиллари тўғрисида батафсил тушунтиришлар берилди.

Бугунги кунда юртимизда фуқароларнинг божхона чегараларидан ҳаракатланишлари соддалаштирилган. Жумладан, божхона расмийлаштирувидан ўтказиш шароитлари жаҳон стандартларига мувофиқлигини таъминлаш, божхона расмиятчилигини соддалаштириш, назоратнинг самарали усулларини қўллаш, шунингдек, туризмни ривожлантириш учун янада қулай шароитларни яратиш мақсадида қулайликлар яратилган.

Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 октябрдаги  “Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ўтказиш пунктларида икки йўлакли тизимни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори билан 2018 йил 1 январидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси халқаро аэропортларида божхона ҳудудига кириб келиш ва чиқишда “яшил” ва “қизил” йўлак тизими жорий қилинган.

Бу бўйича ёшларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар берилди.

Қарши шаҳрида жойлашган “Насаф” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости асосан Қарши шаҳар ва туман ҳамда қўшни туманлар тадбиркорларига божхона хизматини амалга оширади. Гувоҳи бўлинганидек, пост божхона омбори ёнида жойлашган ва сертификатлаш ҳамда банк идоралари фаолияти йўлга қўйилган. Бу ўз навбатида тадбиркорларнинг вақти ва харажатларини тежашга, товарларнинг божхона назорати ва расмийлаштирувини қисқа муддатларда амалга оширишга хизмат қилмоқда.

Ўқувчи-ёшлар бу ердаги иш фаолияти, яратилган шароитлар, “рақамли божхона” ҳақида маълумотларга эга бўлишди.

 

Report typo