Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

07.02.2020


ЁШЛАР ЎЗ ЖОНИГА ҚАСД ҚИЛМОҚЧИ БЎЛДИ, НЕГА?

Интернет оламида ҚАШҚАДАРЁ

Жорий йилнинг 1 ва 3 февраль кунлари Қашқадарёда ёшларнинг ўз жонига қасд қилиши билан боғлиқ иккита ҳолат қайд қилинди. Ҳар иккала ҳолатда ҳам ёшлар Қарши шаҳридаги Ислом Каримов кўчасини кесиб ўтувчи Қашқадарё дарёсига сакраб, ўз жонига қасд қилмоқчи бўлишган.

Хайриятки, "Қашқадарё соҳили" сайилгоҳида жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга сафарбар этилган Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва атрофда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ бўлмаган кишилар сабаб икки ҳолатда ҳам ёшларнинг аҳмоқона уринишлари фожиа билан якунланмади. Бу ҳақда Миллий гвардия матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълумотларга кўра, 1 февраль куни соат 15:10 ларда 2002 йилда туғилган фуқаро С.Р. оила аъзолари билан бўлган ўзаро келишмовчилик туфайли ўз жонига қасд қилиш мақсадида дарё устидаги кўприкдан ўзини ташламоқчи бўлган. Ўқувчи қиз шу атрофда хизмат олиб бораётган Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари томонидан ўз вақтида    тутиб қолинган. У Республика  шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қарши филиалига етказилган ва тиббий текширув ўтказилган. Унда ҳеч қандай тан жароҳатлари аниқланмаган.

Кейинги ҳолат эса 3 февраль куни тахминан соат 14:50 ларда содир бўлган. 2000 йилда туғилган вақтинча ишсиз фуқаро А.Х. дарё қирғоғи яқинида қўлидаги шиша синиғини ўзининг бўйин ва қорин соҳаларига санчиб, сувга сакраган. Юз берган воқеага гувоҳ бўлган ободонлаштириш бошқармаси ишчиси ҳолат юзасидан шу ҳудудда хизмат вазифасини бажараётган Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларига хабар берган. Улар А.Х.ни қутқариб олиб, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш баробарида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қарши филиалига етказишган. Тиббиёт ходимлари томонидан унга тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, кейинги муолажалар учун муассаса жонлантириш бўлимига ётқизилган. Ҳозирда унинг аҳволи қониқарли даражада.

"Мазкур ҳолатлар юзасидан Қарши шаҳар прокуратураси томонидан суриштирув ишлари бошланган", дейилади qalampir.uz сайти хабарида.


Ёшлар ўртасидаги бу каби суицид ёки ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари вилоятда биринчи бор кузатилаётгани йўқ. Бевосита ёшлар билан ишловчи ташкилотлар, хусусан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят  кенгаши масъуллари эса турли минбарларда бундай хунук оқибатли ҳолатларнинг олдини олиш бўйича қилаётган ишлари ҳақида мамнуният билан сўзлаб ётишибди. Лекин натижа қани? Энди юқорида баён қилинган ўз жонига қасд қилиш билан боғлиқ ҳолатлар улар учун яна бир бор огоҳлик қўнғироғи бўлиб янграши керак...   

 

 

Report typo