Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдиолим ЭРГАШЕВ

28.12.2016


ЁШЛАРГА ЎРНАК БЎЛА ОЛАЯПМИЗМИ?

 

Дарвоқе, бу янгилик эмас. Жаҳон халқлари тарихига назар ташласак, турли авлод ўртасидаги бир-биридан қониқмаслик ҳисси узоқ асрлик анъана эканига гувоҳ бўламиз. Тарихий топилмаларда “Ҳозирги ёшлар ота-боболаридек эмас. Улар ахлоқсиз, ҳаёт қадрини билмайди” ёки “Ёшлар беғам, умрини бекор ўтказишга мойил” шаклида битилган ёзувлар фикримизни тасдиқлайди.

Булардан аёнки, ҳамма даврда ҳам кексаларнинг ёшлардан, ота-оналарнинг фарзандларидан кўнгли тўлмаган. Улар ўзларининг ёшлигини, ҳаёт йўлини намуна деб биладилар ва навқирон авлоднинг ҳам ўзларига ўхшашини ёки ўзлари етолмаган мақсадга эришишларини истайдилар.

Тўғри, илмга чанқоқ, одоб-ахлоқли ёшлар қанчалик кўп бўлмасин, юксак орзу-мақсадсиз равишда турфа ҳавойи нарсаларга берилиб, умрини зое кетказиб юрганлар ҳам бор. Хўш, бунинг сабаблари нимада? Аслида ҳамма айб фақат ёшлардамикан ўзи? Балки ёшларнинг тўғри йўлдан озишида, идеал топа олмаётганида биз, катталарнинг ҳам “муносиб ҳисса”миз бордир?

Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида бу ҳақда қуйидагиларни айтган эди: “Таассуфки, баъзи ота-оналар ўз фарзандининг ана шундай қизиқиши ва интилишларига, унинг онгу тафаккурида ҳар куни бир ўзгариш рўй бериб, кўзида янги-янги саволлар пайдо бўлаётганига аҳамият бермайди. Боз устига, агар ота оилада ўзини тутишни билмаса, ахлоқ-одоб бобида фарзандларига ўрнак бўлиш ўрнига қўпол муомала қиладиган бўлса, бу ҳолат, табиийки, бола маънавий оламининг шаклланишига салбий таъсир кўрсатади, вақти-соати келиб, унинг характерида инсон деган номга нолойиқ, хунук бир одат сифатида намоён бўлади”.

Биринчи Президентимиз оила, ота-она, хусусан, отанинг тарбиядаги ролини алоҳида уқтираётгани бежиз эмас. Чунки ота – оила бошлиғи. У оилани тўғри бошқаришга, фарзанд тарбиясига биринчи навбатда масъул. Табиийки, бу вазифа ундан чуқур билим, кенг    дунёқараш ва чидам-бардошли бўлишни талаб этади.

Қолаверса, ҳар бир оилада қизлар, аёллар орияти, номуси, ҳаёси оиладаги эркакнинг ўрнига кўп жиҳатдан боғлиқ. Агар ота ишёқмас, танбал, маишатпараст, бунинг устига орсиз бир одам бўлса, бундай жойда тарбияли ўғил-қизлар вояга етишидан умид қилмаслик керак. Кийиниш, муомала, ўзаро муносабатларда енгил-елпиликка ўрганган,   яшашнинг осон йўлларидан юришни маъқул кўрадиган хотин-қизлар одатда оилада эркакнинг ўрни бўлмаган жойда вояга етган бўлишади.

Биргина кийинишни олиб кўрайлик. Қизларнинг очиқ-сочиқ кийинишию йигитларнинг хорижга тақлид қилиб, бир нималарни эгнига илиб олгани ҳақида айтилмаган гап қолмади. Лекин аҳвол ҳеч ўзгаргани йўқ. Қайтага баттар бўлди. Хўш, нима учун? Нега ёшларнинг бемаъни кийинишига чек қўя олмаяпмиз? Чунки ўзимиз тўғри кийинишни билмаймиз. Албатта, ёшларга хорижнинг ҳам таъсири бор, лекин агар ёши катталар бинойи кийинишда ўрнак бўла олса, ҳар қандай ўғил-қиз эси борида этагини ёпиб олади. Минг афсуски, кийинишдаги айнишни айнан ёши катталар бошлаб беради. Бирор тўй ёки базмда ўрта ёшли аёлларга қаранг. Уяласиз. Уларнинг ҳам эри бор, уйланаман деб турган ўғли, бўй етган қизи бор. Бироқ замонавийлик экан, дея уларнинг кийинишга эрк бериши эртага қизлари, неваралари тимсолида бўй кўрсатади. Улар, ана онам ёки бувим кийиб юрибди, бизга ҳам мумкин, дея бир парча матони кийим деб юраверишади. Мана, кўраяпсизми қаердан бошланаяпти муаммонинг асл илдизи?!

Яна биз ёшларга тарбия беришимиз керак, деб юрамиз. Аслида катталарнинг ўзи тарбияга муҳтож бўлса, не дейсиз?

Халқимизнинг буюк қаҳрамонлик  достони “Алпомиш”да “Яхши хотин – эрнинг доно вазири” дейилади. Ана шу вазир оқила, зукко, кенг фикрли бўлсагина, оила тинч, дастурхон тўкин, фарзандлар ақлли, эрлар оилапарвар бўлиши мумкин. Аммо афсуски эрнинг топгани қаноатлантирмаган, шу боис эрни хорижга бориб ишлашга ундайдиган, ёки қандай йўл билан бўлсин, рўзғорни таъминлаб қўйишга бошлайдиган хотинлар ҳам йўқ эмас. Ёки фарзандларининг камолидан кўра зебу зийнат, кийим-кечакни афзал билиб, борини ўткинчи нарсаларга сарфлайдиган оилада вояга етган қиздан эртага нима кутишимиз керак? У қандай одам бўлиб етишади? Унинг ҳам зеб-зийнатга, беҳуда нарсаларга меҳр қўймаслигига кафолат борми? Йўқ.

Энди катталарнинг мулоҳазасига қулоқ тутиб кўрайлик: “Ёшлар китоб ўқимайди, тайинли ишнинг бошини тутмайди, умрини бекорчи нарсаларга сарфлайди, нима кийишни билмайди” ва шунга ўхшаш норози оҳангдаги гаплар.

Энди бир ўйлаб кўрайлик. Дейлик, оилада ота ҳам, она ҳам китоб ўқимаса, фарзанднинг қўлига мажбурлаб тутқазиб қўйсангиз ҳам мутолаага берилмаслиги аён-ку. Ёки ота-онаси ҳаракатчан, тиришқоқ бўлган қайси ота-онанинг боласи танбал бўлиб чиқибди? Ҳеч қайси.

Бир-иккита топилади, десангиз, ёшларни айблашга шошилманг. Айбни аввало ота-онадан изланг. Яхшилаб ўйлаб кўринг. Шунда ота-онадаги қайсидир қусур фарзандда бўй кўрсатганига аниқ ишонч ҳосил қиласиз.

Демак, боласи ўқимишли бўлишини истаган ота-она энг аввало ўзи ўқиган бўлиши керак. Гап фақат олий маълумот олиш ҳақида эмас, умуман, саводли бўлиш, ҳечқурса, мутолаага ошно бўлиш ҳақида бораяпти.

Бир одамни биламан. Умри далада ўтган. Шу одам боласининг олий ўқув юртларида ўқишини истайди, ўзи эришмаган нарсага боласи сазовор бўлишини хоҳлайди. Бунинг учун астойдил ҳаракат қилади. Боласига зарур ҳамма    шароитни қилиб берган, дарс қилиши, имтиҳонларга тайёрланиши учун ҳамма нарса бадастир.

Қарангки, болада ўқишга эмас, далага меҳр баланд. Ўқигин, деб отаси шунча шароит яратиб беради, боласи қўй-қўзининг изидан далага чопади...

Бунда ҳар икки томонни ҳам айбламайман. Тўғри, отанинг нияти яхши: боласини ўқитгиси, яхши одам қилиб тарбиялагиси келади. Лекин далада юрса, ёмон одам бўладими? Зинҳор.

Агар ота боласининг илмли бўлишини шу қадар истаганида, аввало ўзи китоб-журнал ўқиб, ўрнак бўларди. Шу орқали китобга, ўқишга рағбат уйғотарди. Унинг эса умри далада ўтган, ҳар гапи, ҳар сўзи дала-дашт ҳақида бўлган. Шундай экан, бола далага чопади-да.

Аслида унинг ўрни ҳам далада. Чунки ҳар қандай одам меҳр қўйган жойида камол топади, шу ерда ўзини кўрсатиши, қобилиятини рўёбга чиқариши мумкин. Аммо у одам боласини мажбурлаб ўқитишга ҳаракат қилаяпти. Ўғли ўқишга кирди ҳам дейлик, қизиқиши бўлмаса, эртага ундан қандай мутахассис чиқарди? Менимча, ўзига яраша, ҳаминқадар бўлади.

Демак, биз ёшлардан норози бўлиб юриш ўрнига энг аввал ўзимиз ўрнак бўла олишимиз керак экан. Китоб ўқишмаса, аввало ўзимиз китоб ўқиб ибрат кўрсата олайлик. Яхши мусиқа эшитмаётган ёки яхши кино кўрмаётган бўлса, ўзимиз яхши мусиқа тинглаш ёки сара фильм кўриш бобида ёшларни қизиқтира олайлик. Энг муҳими, йўналишни тўғри кўрсата билайлик. Ана ўшанда ёшлар биздан кўриб ҳаммасини қилади: китоб ҳам ўқийди, тўғри кийинади ҳам, мақсадлари ҳам юксак бўлади. Аслида кўп нарса ўзимизга боғлиқ.

Энди бир ўйлаб кўрайлик: хўш, қанчамиз ёшларга ибрат бўла олаяпмиз ўзи? Бизнинг тутумлар ёш авлодга идеал бўла оладими? Навқирон ўғил-қиз биздан ижобий хусусиятларни ўзлаштираяптими ёки биз қилаётган хатти-ҳаракатдан энсаси қотиб, ўзини гўёки одобсиздай, ахлоқсиздай тутаяптими? Ана шуларни аниқлаштириб олсак, кўп нарсалар яхши томонга ўзгаради чамамда.

Абдиолим ЭРГАШЕВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси

Report typo