Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

03.10.2022


КЎП КИТОБ ЎҚИГАН ЎҚУВЧИЛАР КЎП КИТОБГА ЭГА БЎЛИШДИ

Жорий йилнинг май ойи бошида Кўкдала туманидаги 18-мактаб ўқувчиларига ўзбек ва жаҳон адабиётидаги энг машҳур 20 та бадиий асарлар рўйхати берилиб, роппа-роса беш ойдан сўнг мактабда худди шу асарлар асосида “Энг китобхон ўқувчи” танлови ўтказилиши, танлов ғолиби эса 20 та китоблар жамланмасини қўлга киритиши, қолган иштирокчилар ҳам муносиб тақдирланиши ҳақида эълон қилинган эди.

Йигирмата асарни яхшилаб ўқиб чиқиб, танловда ғолиб бўлиш ва китоб жавонини 20 та янги китоблар билан бойитиш кимга ёқмайди, дейсиз?! Шу боис ҳам ўқувчилар ўтган вақт давомида танловга қизғин тайёргарлик кўришди. Бу уларнинг танлов жараёнидаги фаоллиги, ўзаро рақобатнинг кучлилигида ҳам акс этиб турди.

Республика маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилоят бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилган танловнинг дастлабки шартида ўқувчилар 20 тадан тест саволларини ечишган бўлса, ўзлари танлаган билетдаги парча қайси асардан олинганини айтиб, ушбу асарнинг мазмуни ҳақида қисқача сўзлаб беришди. Уларнинг натижалари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.

Якуний натижаларга кўра, мактабнинг 8-синф ўқувчиси Сетора Шерхонова 1-ўринни эгаллаб, танлов ташкилотчиси ва ҳомийси, мактабнинг фахрий ўқитувчиси Қилич Боймуродов томонидан совринга қўйилган 20 та бадиий китобни қўлга киритган бўлса, 2- ва 3-ўрин соҳиблари мос равишда 10 та ва 5 тадан китоблар жамланмасига эга чиқишди.

Шунингдек, қолган иштирокчилар ҳам Республика маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилоят бўлими томонидан бадиий китоблар билан тақдирланди.

 Б.САЙФИЕВ

Report typo