Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

24.02.2018


“КЎЗМУНЧОҚ”ҚА КЎЗ ТЕГМАСИН

Таъкидлаш жоиз, бугун ушбу фаолиятни йўлга қўйиш истагида бўлган ташаббускорларга қатор имтиёзлар берилган. Мақсад аниқ – ёш авлодга муносиб тарбия ва таълим бериш, уларни аждодларга муносиб ворис қилиб вояга етказиш. Ана шуларни теран англаган  Шаҳзод Файзиев ҳам ўзи манфаат кўришни, ҳам юртга нафи тегишини кўзлаб ташаббус кўрсатди ва Косон тумани марказида 100 ўринли замонавий нодавлат мактабгача таълим муассасаси фаолиятини йўлга қўйди. Номи - “Кўзмунчоқ”. Ҳозирда бу ерда 80 нафар болажон вақтини чоғ ўтказмоқда.

Боғча фаолияти билан танишар эканмиз, давлатимиз раҳбари томонидан соҳага тадбиркорларни кенг жалб этишга қаратилаётган эътибор бежиз эмаслигини янада теранроқ англаймиз. Чунки тадбиркор аввало ўзи учун ишлайди. Рақобатда устун бўлишга, мижозлари ишончини қозонишга ҳаракат қилади.

- Боғчамизнинг фаолияти рус тилига ихтисослашган, - дейди муассаса мудираси Мавжуда Жумаева. – Фарзандларимизнинг ёшликдан хорижий тилларни ўрганиши муҳим эканлигини ўйлаб, шундай қарорга келдик. Бунинг учун малакали мутахассисларни жалб этдик. Боғчада мулоқот рус тилида олиб борилади. Шунингдек, инглиз тили, шахмат, шашка, гимнастика тўгаракларимиз иш бошлаган.

Тадбиркор Шаҳзод Файзиев биз билан суҳбатда янги режаси ҳақида гапириб берди. Эндиликда ҳудудда  чет тилларини мукаммал ўргатишга ихтисослашган замонавий  хусусий мактаб ташкил этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйибди. Ҳозирда бу ишнинг ҳуқуқий, иқтисодий асосларини ўрганмоқда, бир сўз билан айтганда, режани обдон пишитмоқда экан.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

* * *

Суратларда: нодавлат мактабгача таълим муассасаси фаолиятидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ  олган суратлар.

Report typo