Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

06.01.2021


Каклик сабаб жанжал чиқди

“Ёшлик – бебошлик”, дейдилар. Шунинг учун катталар ёшларга турли вазиятларда ўзини қўлга ола билиш, оғир-босиқ бўлишни уқтириб, тушунтириб боришлари керак. Акс ҳолда арзимаган нарса кўнгилсиз оқибатларга сабаб бўлиши мумкин.

2020 йилнинг 31 декабрь куни, ҳамма Янги йилни кутиб олишга тайёргарлик кўраётган, байрам нишонлаётган бир чоғда, соат 17:30 ларда Китоб тумани Башир МФЙ Алиқушчи қишлоғида яшовчи, 16 ёшли Б.Ж. қишлоқдоши, 17 ёшли С.И. билан кўчада ўзаро тортишиб қолади. Унга “Нега мен каклик ушлаш учун қўйган қопқонимни олиб қўйдинг?” деб жанжалга киришиб кетади.

Натижада С.И. Б.Ж.ни ерга йиқитиб, устига чиқиб олиб ура бошлайди. Шу вақтда Б.Ж. шими чўнтагида турган пичоқ (корча)ни олиб, “рақиб”ига оғир тан жароҳати етказади.

Китоб тумани тиббиёт бирлашмасининг маълумотномасига кўра, С.И.нинг ўнг кўкрак қафасига бир марта тешиб кирган санчилиб кесилган ва чап кўкрак қафасига икки марта санчилиб кесилган жароҳатлари борлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан вояга етмаган Б.Ж.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тергов жараёнида Б.Ж. гумонланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинган.

ИИВ ҳузуридаги тергов департаменти хабарига кўра, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Report typo