Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 июнь, пайшанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

12.05.2020


КАРАНТИН ПАЙТИДА 248 МИЛЛИОН СЎМ ЗАРАР ЕТКАЗИЛГАН

Ижро ва истеъмолчи

Мамлакатимизда COVID-19 инфекцияси аниқланиб, карантин ҳолати жорий этилгандан сўнг, мавжуд шароитни ҳисобга олган ҳолда энергия ресурсларидан қарздор истеъмолчилар тармоқдан узилмаётгани аҳоли учун яна бир қулайлик аслида. Чунки карантин шароитида кишиларнинг иқтисодий аҳволи қандай бўлишини энг ривожланган давлатлар мисолида ҳам кўрдик, кўраяпмиз. Шундай вазиятда тўлов муддатлари кечикиши, қийинлашиши турган гап. Шуни инобатга олиб, аҳолига турли енгилликлар берилмоқда.

Бироқ бу вазиятдан усталик билан фақат ўз манфаати йўлида фойдаланишга уринаётганлар ҳам борлиги жуда ачинарли.

Хусусан, юртимизда коронавирус юқтирган илк бемор қайд этилган 15 март санасидан 10 майга қадар Қашқадарё вилоятида электр ва газ тармоқларига ноқонуний уланган 231 истеъмолчи аниқланди. Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармасидан тасдиқлашларича, ҳуқуқбузарларнинг 214 нафари электр ва 17 нафари газ тармоқларига ноқонуний уланган. Натижада давлатга 248 миллион сўмдан зиёд зарар етказилган. Шунга кўра, мазкур истеъмолчиларни тармоқдан узишга тўғри келди. Ҳолатларнинг 67  таси май ойининг сўнги 10  куни давомида аниқлангани ҳам эътиборга молик.

Бугун дунё аҳли қаторида халқимиз бошига ҳам оғир синовлар тушган бир пайтда бундай қинғир ишларни ҳеч бир сабаб билан оқлаб бўлмайди.

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo