Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • Касб-ҳунар ўргатиш ва бизнесни режалаштириш курсларининг илк битирувчиларига сертификатлар топширилди

11.08.2021


Касб-ҳунар ўргатиш ва бизнесни режалаштириш курсларининг илк битирувчиларига сертификатлар топширилди

Қарши шаҳрида “Юксалиш” ахборот-маслаҳат ресурс маркази томонидан вилоят бандлик бош бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган ишсиз фуқароларга касб-ҳунар ўргатиш ҳамда тадбиркорлик асослари ва бизнесни режалаштириш курсларининг илк битирувчиларига сертификатлар топширилди.

Икки ой олдин “Ишга марҳамат” мономарказида бошланган бу бепул курслар юртимизда Немис халқ университетлари ассоциациясининг (DVV) Ўзбекистондаги Филиали кўмагида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда давлат ва фуқаролик жамияти билан ҳамкорликда таълим, ўзаро мулоқот ва заиф гуруҳларнинг радикаллашишга қарши барқарорлигини ошириш орқали зўравон экстремизмнинг олдини олишга кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида ўтказилмоқда.

Курс тингловчилари – асосан “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар, ҳозирги пайтда тўртта йўналиш, яъни компьютер саводхонлиги ва офис менежерларни тайёрлаш, хотин-қизлар кийимлари ва элита пардаларини бичиш ва тикиш, қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва официантларни тайёрлаш бўйича касб-ҳунар ўрганишмоқда.

Мазкур курсларни ташкил этиш учун лойиҳа доирасида замонавий асбоб-ускуналар, компьютерлар ва бошқа ташкилий техника ҳамда амалий машғулотлар учун зарур хом ашё сотиб олинган. Тингловчиларни ўқитишга тегишли соҳаларда муваффақиятли фаолият юритиб келаётган тажрибали тадбиркорлар ва мутахассислар жалб қилинган. Турли йўналишлар бўйича касб-ҳунар ўрганаётган барча фуқаролар учун тадбиркорлик асослари ва бизнесни режалаштириш бўйича ҳам махсус курслар ўтказилмоқда. Зарурият туғилганда, “Юксалиш” марказининг психологи, ҳуқуқшуноси ва ижтимоий ходими таҳсил олувчиларга юридик ва психологик маслаҳатлар, долзарб муаммоларни ҳал қилишда амалий ёрдам бериб келмоқда.

Касб-ҳунар курсларининг илк битирувчилари – вилоятимизнинг турли шаҳар ва туманларида истиқомат қилаётган 45 нафар фуқаро назарий билимлар ва амалий кўникмаларга эга бўлиш билан бир қаторда тадбиркорлик юритишни ҳам ўрганишган. Шу боис ҳозир уларнинг кўплари якка тартибдаги тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиш ва ўз бизнесини бошлаш таруддудида. 

Умуман олганда, лойиҳа доирасида касб-ҳунар ўргатиш курсларида 255 нафар кишини ўқитиш ва уларнинг аксариятига тадбиркорлик асослари ва бизнесни режалаштириш бўйича ҳам сабоқ бериш режалаштирилган. Иккала курсдан муваффақиятли ўтган тингловчилар эса энг яхши бизнес ғоялар ва гуруҳ стартаплари танловида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритиб, ўз бизнеси учун зарур асбоб-ускуналар ва технологиялар харид қилишга грант олишлари мумкин бўлади.

Битирувчиларга сертификатлар ҳамкор ташкилотлар ва бошқа манфаатдор томонларнинг вакиллари иштирокида топширилди. Курсларда таҳсил олган тингловчилар лойиҳа ижрочилари ва Немис халқ университетлари ассоциациясининг (DVV) Ўзбекистондаги Филиалига касб-ҳунар ва тадбиркорлик асосларини ўрганиш борасида яратилган имкониятлар учун самимий миннадорчилик билдиришди.

Report typo