Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • "КАТТА"ЛАР КЕТДИЮ, ТОМЧИЛАТИБ СУҒОРИШГА МЎЛЖАЛЛАНГАН УСКУНАЛАР ҲАМ КЎЗДАН ЙЎҚОЛДИ...

НАСРИДДИН

12.02.2021


"КАТТА"ЛАР КЕТДИЮ, ТОМЧИЛАТИБ СУҒОРИШГА МЎЛЖАЛЛАНГАН УСКУНАЛАР ҲАМ КЎЗДАН ЙЎҚОЛДИ...

Нуқтаи назар

Айтишларича, бир неча йил аввал томчилатиб суғориш бўйича исроиллик мутахассислар маслаҳатга чақирилган. Тадбир ўтадиган жойга хорижликлар келиб кўрсаки, бир ариқ сув шовуллаб турибди. "Нима, одамнинг устидан куляпсизларми" қабилида "Шунча сув беминнат оқиб ётибди. Сизларга томчилатиб суғоришнинг нима кераги бор?" деб сувчи-билимдонлар ортларига равона бўлишган экан.

Албатта, бу бўлган воқеа. Аммо ҳозирги мавзуимиз сал бошқа нарса ҳақида.

Хабарингиз бор, кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сувни тежайдиган технологияларни жорий этишга  алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки ҳамма жойда ҳам ариқ тўлиб сув оқмайди. Сув бор жойларда эса ҳаммаям уни тежаб-тергаб ишлатишни билмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 декабрдаги "Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига кўра, 2021 йил якунига қадар республика бўйича камида 160 минг гектар пахта, 30 минг гектар мевали экинлар, 15 минг гектар узум ва 5 минг гектар бошқа экинлар етиштириладиган майдонларда томчилатиб суғориш, 14 минг гектар донли экинлар, 2 минг гектар сабзавот ва полиз ҳамда 2 минг гектар озуқабоп экинлар етиштириладиган майдонларда ёмғирлатиб суғориш, 600 гектар пахта етиштириладиган майдонларда дискретли суғориш технологияларини жорий қилиш, 200 минг гектар экин майдонларида, шундан 43 минг гектар шоли етиштириладиган майдонларда лазерли ускуна ёрдамида текислашни ташкил этиш белгиланган.

Сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш бўйича харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун ажратиладиган субсидия миқдори қишлоқ хўжалиги экин тури, суғориш технологияси ва ернинг бонитет баллидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади.

Кўриниб турибдики, замонавий технологияларни ўз даласида қўллаган деҳқон оби ҳаёт исроф бўлишининг олдини олиш баробарида шу ишга рағбат кўрсатгани учун тегишли қўллаб-қувватловга ҳам эришади.

Балки эшитган чиқарсиз, айни мақсад рўёби йўлида вилоятимизнинг турли ҳудудларида сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича кўргазмали семинарлар ташкил этилмоқда. Шундай тадбирлардан бири ўтган ойда Қарши туманида (ундан аввал Касбида) ҳам бўлиб ўтди.

Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, туман ҳокимлиги, қишлоқ хўжалиги ишлари ҳамда ирригация тизимлари масъул ходимлари, фермер хўжалиги раислари иштирок этган тадбирда сувдан оқилона ва унумли фойдаланиш, исроф бўлишига йўл қўймаслик каби долзарб масалаларга алоҳида тўхталиниб, амалда қўллаш усуллари кўрсатиб ўтилди. Баннерларга "Сувни иқтисод қилиш энг катта муаммо, сувни зовурга тушириш хиёнат" деган шиорлар битилиб, иштирокчиларга ҳавола этилди.

Буларнинг бари ўз йўлигаку-я, аммо тадбирга ҳазилакам тайёргарлик кўрилмаганини айтмасак бўлмас. Ҳар ҳолда барча ҳозирлик  катта раҳбарлар келишига мослаб кўрилди. Улкан ҳандақ қазилиб, устига махсус тўшама тўшалди, насосу фильтр каби ускуналар келтирилди. Тадбир ўтадиган кун ҳам  тонгдан иштирокчилар илон кўрган чумчуқдай бир жойда ғуж бўлиб тўпланди, йўл ёқасини машиналар эгаллади, хуллас, ҳозирлик пухта бўлди.

Аммо тадбир тугаб, орадан бир муддат ўтгач,  бояги ҳандақ ёнидаги газ баллонсифат ускуналар қаергадир гум бўлиб қолди. Шундан бери ҳам, мана, орадан, бир ойга яқин вақт ўтаяпти ҳамки, на ўша ускуналардан дарак бўлди, на белгиланган далани томчилатиб суғоришга уриниш аломатлари кўзга ташланди.

Хўш, нега бундай бўлди? Ҳаммаси доимгидай хўжакўрсинга эдими? Бордию, семинар шунчаки кўргазма шаклида бўлса, нега бунинг учун сув йўқ ҳудуд танланмади? Ваҳоланки тадбир ўтган жой - жами майдони 66 гектар бўлган ва баннерда 35 гектар ерда томчилатиб суғориш технологияси жорий қилингани айтилган "Сафарова Шаҳноза" фермер хўжалигига тегишли ҳудуднинг ёнгинасидан бир лоток сув тўлиб оқади!..

Хўш, шундай жойда томчилатиб суғоришни йўлга қўйиш қанчалик мантиқдан? Ва аслида фермер шу ишни амалда йўлга қўйганми ўзи? Янада муҳими, сув тежаяпмиз, деб аслида гектарига олинадиган субсидияга кўз тикиб турилгани йўқми?

Қарши тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Акрам Ариповнинг айтишича, ушбу йилда туманда 2780 гектар пахта майдонларини томчилатиб суғориш кўзда тутилган. Айни пайтда котлован, ҳовуз қазиш, насосларни ўрнатиш ишлари давом этаяпти. Ҳозирча "шланг"ларни ўрнатиб бўлмайди, чунки ҳали олдинда чигит қадаш ишлари турибди. Ҳоким ўринбосарининг қўшимча қилишича, туманда шу пайтгача ҳали бирорта фермер даласи томчилатиб суғорилмайди.

 - Субсидия гектарига 8 миллиондан 11,5 миллион сўмгача технология сифатига қараб берилади, - дейди "Сафарова Шаҳноза" фермер хўжалиги раиси Адҳам Сафаров. - Биз геомембрана қопламали ҳовуз қурганмиз. Чигит экилиб, ягана-чопиқ қилгач, қувурларни ўрнатамиз. Апрель охири - май бошларида томчилатиб суғориш йўлга қўйилади.

Семинар пайти келтирилган насос ва фильтрлар нега кўринмаётгани хусусида фермердан суриштирганимизда, у қурувчилар, яъни "Омад старт" МЧЖ ишчилари ускуналарни олиб кетгани ва Бешкентда шу мавзуда ўтган бошқа семинарда фойдаланилгани, пахтани суғориш бошлангач, ўрнатиб кетишларини билдирди.

Нимаям деймиз, энди пахта бир қарич бўй олишини ва суғориш мавсуми бошланишини кутамиз. Умид қиламизки, томчилатиб суғоришга мўлжалланган ускуналар битта эмас ва далама-дала, тадбирма-тадбир кезиб юрмайди, қайсидир деҳқоннинг ерини обод, ҳосилини тўкин қилади. Кун келиб эса шунчаки экспонатга айланиб қолмайди.

Қолганини вақт кўрсатади...

НАСРИДДИН

БОБУРБЕК олган суратлар.

 

Report typo