Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
14 июль, сешанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

26.06.2020


КЕЛАЖАК МЕВАСИНИ КИМ ХУШ КЎРМАЙДИ?



27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни

Эл-юртимизнинг эзгу орзу-истакларини рўёбга чиқариш, бу йўлда ғов бўлиб турган турли тўсиқларни, бюрократизм, лоқайдлик, тамагирлик, коррупция каби салбий иллатларни дадиллик билан кўтариб чиқиб, уларга қарши муросасиз жамоатчилик фикрини шакллантиришни ўз касби, ўз ҳаётининг маъно-мазмуни деб биладиган журналистларни мен ҳақиқий журналист деб ҳисоблайман.

Шавкат МИРЗИЁЕВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти



Сарҳисоб

2020 йилнинг биринчи ярми мобайнида газетамиз саҳифаларида, қолаверса, расмий веб-сайтимизда воҳа ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид кўплаб хабар-янгиликлар, ислоҳотлар мазмун-моҳиятини акс эттирган мақолалар қатори танқидий-таҳлилий чиқишлар ҳам қилинди. Танқидни тўғри қабул қилган, ривожимиз бусиз бўлмаслигини англаган мансабдорлар танқидий чиқишларга вақтида ўз муносабатини баён қилган бўлса, иши хом, камчилиги кўп, дунёни сув босса тўпиғига чиқмайдиган айрим масъулларнинг парвойига ҳам келмади.

"Qashqadaryo"нинг 2020 йил 14 январь сонида ҳуқуқшунос Абдишукур Омоновнинг "Қонунларимиз мардикорлар манфаатини ҳимоя қила оладими?" сарлавҳали мақоласи чоп этилган, унда "Касаба уюшмалари тўғрисида"ги янги қонуннинг бир марталик иш изловчи фуқаролар ҳуқуқларини таъминлашдаги ўрни хусусида сўз юритилганди. Ўтган вақт шуни кўрсатдики, тегишли масъуллар томонидан мардикорлар манфаатларини ҳимоялаш учун тайинли ишга қўл урилмади. Қолаверса, шу ўртада карантин бўлиб, уларга тайёр баҳона ҳам топила қолди.

Газетанинг 24 январь сонида чиққан "Янги Нишонга хос бўлгану мос бўлмаган манзаралар" мақоласида Нишон тумани йўллари, чиқинди босган кўчалари танқид қилинган бўлиб, ушбу мақолага Нишон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати ўз муносабатини билдирди. Айтилишича, туман бўйича жами 191,4 километр йўл носоз, Байналмилал маҳалласидаги йўллар таъмирталаб ва жорий йилда йўллар таъмири учун 1 миллиард 52 миллион сўм маблағ ажратилган, бу пул эса 10 километр йўлни созлашга етади. Танқиддан сўнг Юксалиш маҳалласидаги чиқинди ташиб кетилганини ҳам айтиш ўринли.

31 январь куни нашрга берилган "Деворга сурат чизган билан боғча бўлиб қолмайди..." сарлавҳали мақолада Шаҳрисабз туманидаги 19-мактабгача таълим ташкилотида болалар ва ходимлар учун етарли шароит йўқлиги, хоналар совуқлиги ва болалар иссиқ кийимларда ўтиргани, газ баллонларини ўрнатишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилинмагани танқид остига олинган. Бироқ на боғча маъмурияти, на вилоят мактабгача таълим бошқармаси мазкур ҳолатга эътибор қаратди, муносабат ҳам билдиришмади. Ваҳоланки, зарур шароит ҳозирлаш бизга эмас, уларнинг ўзига манфаатли эди.

4 февраль сонида "Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган 21 та аттракцион ҳамон фойдаланишда, 34 кўприк эса бутунлай яроқсиз" сарлавҳали хабар эълон қилинган, унда тегишли назорат органлари томонидан мактабгача таълим бошқармаси тизимидаги ташкилотлар раҳбарларига тақдим этилган ёнғин хавфсизлигига оид ёзма кўрсатмаларнинг 56 фоизи, халқ таълими бошқармаси тизимида эса 52,6 фоизи бажарилмасдан қолгани айтилганди. Аммо айтилган гап айтилганича қолиб кетди. Ҳар икки бошқарма мутасаддилари муаммони ё кўрмади, кўрса-да, муносабат билдиришни эп кўрмади.

7 февраль сонида эълон қилинган "Обод" маҳаллада қачонгача лой кечамиз?" сарлавҳали танқидий мақолада эса Қарши шаҳридаги Отчопар маҳалласи 2018 йилги "Обод маҳалла" дастурига киритилгани, бироқ бу ерда айтарли ўзгариш бўлмагани, аксинча, кишилар қишда лой, ёзда тупроқ кечишга мажбур бўлаётгани қаламга олинганди. Мақола чоп этилгач, маҳалла мансабдорлари, "Обод маҳалла" дастури ижросига масъуллар танқид ҳақида лом-мим дейишмади ва орадан ярим йил ўтиб ҳам Отчопарда бирор ижобий ўзгариш юз бермади. Эски тос, эски ҳаммом.

11 февраль сонида "Ҳоким, уят! Ёхуд "Ширин қовунлар мамлакати-2" сарлавҳали мақолада зиммасидаги масъулиятни унутиб, зуғум ва ҳақорат, бачкана қилиқларга зўр берган, кўзбўямачилик ва хўжакўрсинни одат қилган айрим раҳбарларга кўзгу тутилганди. Афсуски, бирор туман, шаҳар ҳокими орияти устун келиб, ҳалол ва виждонли ҳокимлар ҳам борлигини қилаётган иши мисолида дадил айтишга журъат қилмади.

14 февраль сонидаги "Автостанция дарвозасидаги қулф ва "эски манзиллар"даги тартибсизлик" сарлавҳали фототанқидда Президентнинг 2013 йил 25 июлдаги "Қарши шаҳрини келажакда қайта қуриш режаси ва замонавий йўл-транспорт коммуникацияларини ривожлантириш Дастури тўғрисида"ги қарорига асосан вилоят марказининг янги радиал йўли бўйлаб       4 та, яъни Термиз-Қарши, Самарқанд-Қарши, Бухоро-Қарши, Шаҳрисабз-Қарши йўналишларида янги автостанциялар қурилиши белгилангани, ушбу транспорт узеллари 2015 йил охиригача фойдаланишга топширилиши, аммо 7 йил ўтса ҳам ҳужжат ижроси ҳеч кимни қизиқтирмаётгани, айрим автостанциялар тўлиқ қуриб битказилмагани, қурилганларининг эса дарвозасига қулф осиб қўйилгани, йўловчи олишдаги тартибсизлик эски ҳолида давом этаётгани танқид қилинганди.

Ўшандан бери ҳам қарийб 5 ой ўтди ва бу борада ҳам аҳвол ўша-ўша.

"Тарака-тақсим қилинган ер учун ким жавобгар?". Нашримизнинг 18 февраль сонида чоп этилган мақола шундай номланади. Унда 4 ва 6 сотихли намунали турар жойлар массивлари лойиҳаларида болалар майдончаси, стадион, боғча, мактаб, хизмат кўрсатиш объектлари учун жой қолдирилгани, аммо бу жойлар тарака-тақсим қилиб юборилгани айтилади. Афсуски, кўпларга манфаати тегадиган бу масала ҳам жавобсиз қолди. Чамаси кўпникидан зўрнинг манфаати устун қўйилди бу сафар ҳам.

21 февраль сонида "Ёр сеникими ё меники?" сарлавҳали мақолада одамлари маҳалла раисини танимайдиган, депутати кимлигини билмаган, сайловга чақирилмаган, туманда жойлашгану шаҳарга қарайдиган, аҳоли Янги беклар, Янги Ҳилол деб атайдиган массивда 180 дан ортиқ хўжалик аъзоларининг муаммолари тилга олинганди. Газ, сув, электр таъминоти, ички йўллар ва бошқа зарур коммуникация тармоқлари масаласи ечимини кутаётгани айтилган бўлса-да, на ҳокимликдагилар, на маҳалла мутасаддилари айни муаммога эътибор қаратди, одамлар ўз муаммолари билан ёлғиз қолдирилди.

25 февраль сонидаги "Қишлоқ обод бўлдими ёки режалар барбод?!" сарлавҳали мақолада Китоб туманидаги Тупчоқ қишлоғи "Обод қишлоқ" дастурига киритилган бўлса-да, на ҳудуд, на одамлар ҳаётида ўзгариш бўлаётгани танқид қилинган. Табиийки, бу бўйича ҳам ҳеч бир мутасадди зиммасидаги масъулиятни эслаб қўйгани йўқ.

Газетанинг шу сонида эълон қилинган "Манғитнинг номақбул манзаралари" номли мақолада эса Қамаши туманидаги Манғит қишлоғида бузилган кўприк, тешилган ичимлик суви қувури, столба вазифасини бажараётган ёғоч тирговучлар тилга олинганди. Айни масалага эътибор қаратилдими-йўқми, туманнинг бирор мансабдоридан бу ҳақда ҳеч нарса эшитмадик.

3 март сонида "Кўзи ожизлар комбинатини нега тўрт мучаси соғлар "эгаллаб олган"?" номли мақолада Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Қарши ўқув-ишлаб чиқариш комбинатида умумий қувват 218 кишига мўлжаллангани ҳолда 40 киши фаолият юритаётгани, шароитлар ҳам ҳаминқадарлиги, бинони кўзи ожизлар ўрнига турли тадбиркорлик субъектлари тасарруф этгани, мазкур маскан ривожига ёрдам бериш кераклиги айтилганди. Ўтган давр ичида шоҳиди бўлиб турибмизки, ёрдам ҳам берилмади, аҳвол ҳам ўнгланмади.

10 март куни ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинган "Яширинган" "50", ўчган ва ғайри йўл белгилари" номли мақолада кўплаб йўл белгилари эскиргани, ёзувлари ўчиб кетгани боис тушунарсиз бўлиб қолгани, айрим ҳолларда дарахт шохлари йўл белгиларини тўсиб қўяётгани ҳайдовчиларга ноқулайлик туғдираётгани, баъзилар эса бу белгиларни ўз билганича чизиб-ўрнатаётгани билдирилганди.

Кўриб турибмизки, айни масалада бугун ҳам   муаммолар етарлича.

17 март куни газетада эълон қилинган "Аҳоли электр таъминоти яхшиланишини 30 йил кутди, масъуллар эса яна кутишсин демоқда" мақоласида Чироқчидаги Паканди аҳоли яшаш пунктидаги муаммолар қаламга олинган. Мақолада ҳам таъкидлаганимиз каби Пакандидаги муаммо бу яқин-ўртада ҳал бўладиганга ўхшамайди.

 5 май сонидаги "Онлайн-мактаб ўзини оқлаяптими?" сарлавҳали мақолада карантин муносабати билан йўлга қўйилган онлайн-мактаб тизимида айрим камчиликлар мавжудлиги, хусусан, интернет сифати яхши эмаслиги, барча оилаларда андроид телефон йўқлиги, таълим сифати ва назорат ҳаминқадар бўлаётгани тилга олинган. Аммо вилоят халқ таълими бошқармасида ОАВда чиққан ана шундай материалларга жавоб бериш асосий вазифаси бўлган ахборот хизмати бу сафар ҳам ўз ишини уддаламади.

"Пляж майдоними, ё ўтпоя?" сарлавҳали мақола 19 май куни эълон қилинганидан хабарингиз бор. Унда "Геолог" спорт-соғломлаштириш мажмуаси ҳудудида жойлашган, Ўзбекистонда расмий мусобақа ўтказиш талабига жавоб берувчи ягона пляж майдони қаровсиз қолаётгани,  танқид қилинган. Эътиборлиси, спорт-соғломлаштириш мажмуаси раҳбари Ёрқин Раҳмонов қисқа муддатда мақолага муносабат билдирди. Айтилишича, пляж майдони қисқа фурсатларда таъмирланади ва август ойида бу ерда мусобақа ўтказилади. Ушбу мақола юзасидан миннатдорчилик билдирилган хат "Севинч" профессионал футбол клуби ахборот хизматидан келганини ҳам айтиш ўринли.

26 май сонида "Шов-шув билан бошланган 6 миллион долларлик лойиҳа нега амалга ошмади?" сарлавҳали мақолада 2019 йилнинг 24 январь куни Қарши туманидаги Чаман маҳалласида Ўзбекистон-Жанубий Корея ҳамкорлигидаги "CENTURY-JV" қўшма корхонасининг тамал тоши қўйилгани ва мазкур корхонада импорт ўрнини босадиган 20 турдаги маиший техника воситалари ишлаб чиқарилиши айтилгани,  бироқ бир ярим йилдан бери бирор ўзгариш кузатилмаётгани таъкидланган.

Мақолада маҳаллий амалдорларимизга шундай саволлар берилганди: "Қани корейс дўстларимиз? Улар қаерга ва нимага кетиб қолишди?

Улкан лойиҳа нега амалга ошмади? Бунга маҳаллий масъуллар сабабчими, ё кореяликларга бирор нарса маъқул келмадими?

Ўзи умуман нега ана шундай фақат пойдевори ташланиб, амалда ҳеч ўзгариш юз бермаётган лойиҳалар сони кўпайиб бормоқда? Таги пуч лойиҳалардан кимга нима наф?"

Маҳаллий амалдорларимиз эса доимгидек бу саволлар жавобини ҳам очиқ қолдиришди. Улар кўтарилган мавзудан бехабар дея олмаймиз. Чунки мақола газетада чоп этилиши билан бирга, расмий сайтимизда ва ижтимоий тармоқлардаги каналларимизда ҳам эълон қилинди. Қолаверса, вилоят ҳокимлигининг телеграмдаги каналига ҳам жойлаштирилди. Шундаям амалдорлар "тилга кирмади".

Газетанинг шу сонида "Мардикорни ким ўйлайди?" сарлавҳали мақолада карантин чекловларига қарамай кўп кишилар бир марталик иш излаб "мардикор бозори"да юргани ва уларнинг хизматига эҳтиёж мавжудлиги, аммо Қарши шаҳар вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш бюроси ёпиқ бўлиб, мардикорлар изига қайтариб юборилаётгани ҳақида сўз юритилди. Ушбу мақолага бюро директори Б.Холияров жавоб йўллаб, ҳозирча бюро фаолиятини йўлга қўйиш имкони йўқлиги, мардикорлар ўз ҳудудига бориб, ўша ердаги бандликка кўмаклашиш марказларига мурожаат қилиши, мавсумий ишларда қатнашиши, ё бўлмаса, субсидия олиши кераклигини билдирди. Таъкидлаш лозим, бюро ишламагани билан кўчада мардикор камайиб қолгани йўқ.

29 май сонида Қарши шаҳрига оид 3 та танқидий мақола чоп этилди. Уларда вилоят марказидаги курант ишламай қолгани, "Орзу" бозори ёнидаги кўприк томи учиб кетгани ҳамда Ислом Каримов ва Насаф кўчалари кесишмасида қувур тешилиб, кўп миқдордаги ичимлик суви исроф бўлаётгани айтилди.

Эътиборлиси, гарчи расмий муносабат берилмаган бўлса-да, ҳар ҳолда бугун Қарши куранти ишлаб турибди. Бозор ёнидаги кўприкнинг томи эса жойига қўйилди. Қувур ямалди, бироқ орадан 15 кунлар ўтиб, яна сув сизиб чиқа бошлади. Қарши шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, айни пайтда қувурларни янгисига алмаштириш ишлари бормоқда.

2 июнь сонида "Оқсил эмас, шунга ўхшаш касаллик эмиш. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси шу боис бамайлихотирми?" сарлавҳали мақолада гарчи қўмита томонидан вилоятда оқсилга чалинган чорва моллари аниқланмагани айтилган бўлса-да, турли ҳудудлардан моллар оқсилдан ўлгани ҳақидаги хабарлар қулоққа чалинаётгани, вилоятдаги масъуллар эса моллар оқсилдан эмас, шунга ўхшаш касалликдан нобуд бўлаётганини билдиришгани ўз ифодасини топди.

Мақолага вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Нодир Имомов муносабат билдираркан, чорва моллари орасида касаллик тарқалишининг олдини олишда ветеринарлар сони етишмаслиги, фуқаро ёки ташкилот мол сотиб олганда, уни ветеринария бўлимидан рўйхатдан ўтказмагани учун чорва моллари аниқ сонини юритиш имкони бўлмаётганини маълум қилди. Ўз навбатида газетада кўтарилган муаммо ўрганилиб, аниқ вазифалар белгилаб олингани ҳам қайд этилди.

Газетанинг ушбу сонида "Матбуот котиби ким: ҳокимнинг мақтовчисими, маддоҳми ё маслаҳатчи?" сарлавҳали мақола ҳам эълон қилиниб, айрим маҳаллий ҳокимликлар ахборот хизматлари кутилган натижани бермаётгани, қамров даражаси камлиги ва савиясиз хабарлар жойлаштирилаётгани таъкидланди. Ушбу мақола юзасидан фақат Деҳқонобод тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Отабек Қўлдошев муносабат билдириб, матбуот котиби ишламаса, ҳоким ва ҳокимиятдагилар иши кўринмасдан қолиб кетаверишини билдирганини таъкидлаш лозим. Номлари келтирилган ахборот хизматлари эса ҳоким ва мансабдорлар каби жимлик йўлини танлашди.

Қамаши кичик саноат зонасида бир йилдан буён атиги битта тадбиркор ишлаяпти. Бу ҳақда 5 июндаги мақолада сўз боради. 1,2 гектар майдонни эгаллаган кичик саноат зонасида зарур шароитлар ҳозирланган бўлса-да, тадбиркорлар бу ерга келиб иш бошлашга шошилишмаяпти. Жой эса банд қилинганича турибди. Бунинг сабаблари сўралган мақолага ҳалигача жавоб билдирилмаган.

9 июнь сонидаги "Аввалида карнай-сурнай, ўхшамай қолса..." номли материалда 2019-2020 йилларда Миришкорда хорижий сармоя иштирокида 3 та лойиҳа амалга оширилиши белгилангани, аммо коврак етиштирмоқчи бўлган афғон ишбилармони юртига қайтиб кетгани, йод-бром ишлаб чиқариш кўзланган лойиҳа фақат қоғозда акс этгани, бошқа ишлар ҳам йўғон ичакдек чўзилаётгани ҳақида сўз боради.

Ушбу мақола чоп этилгач, вилоят ҳокимлигидан муаллифга қўнғироқ қилишиб, муносабат билдирилишини айтишди. Аммо на Миришкорда  лойиҳалар ижроси тезлашди, на муносабат билдирилди.

Хабарингиз бор, Президентнинг 2019 йил 28 ноябрдаги қарорига асосан Қарши шаҳридаги Одина масжидида 2020 йилнинг биринчи ярмида миллий ҳунармандчиликнинг кўплаб йўналишларини ўзида жамлаган замонавий ҳунармандлар маркази иш бошлаши белгиланган. Аммо айтилган муддат яқинлашаётган бўлса-да, кўзланган ишларнинг бирортасига киришилмади. 12 июнь куни дунё юзини кўрган "Фақат қулф ўзгарибди, холос. Ёхуд Қаршида ҳунармандлар маркази қачон иш бошлайди?" мақоласида гап шу ҳақда боради.

Эътиборлиси, мақола чоп этилганининг эртаси куниёқ вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Одина масжидида бўлиб, ишларни жадаллаштириш бўйича топшириқ берди.

"Ўз уйинг бўлсаю, ўйинг аримаса" номли мақолада Қарши шаҳрининг Дарвозатутак маҳалласида бир нечта хонадон аросатда қолгани, уйларнинг бузилиши ҳам, бузилмаслиги ҳам сўроқ остида экани, бу хонадон эгаларига катта ташвиш туғдираётгани қаламга олинган. Мақола эълон қилинганига 10 кундан ошди ҳамки мақола ҳам, масала ҳам назардан четда қолаяпти.

Кўриб турганингиздек, танқидлар кўп ва энг муҳими, уларнинг барчаси асосли, долзарб. Демак, газета ўз ишини бажараяпти. Қай даражада бажараяпти, буниси ўқувчиларга тан. Мутасаддилар эса кўп ҳолларда кўтарилган муаммога панжа орасидан қарашаяпти. Буни юқоридаги мисоллар ҳам тасдиқлаб турибди. Танқид бор жойда ривожланиш бўлади, тараққиётга фикрлар ранг-баранглиги орқали эришилади. Катта бир мансаб курсисида ўтириб, наҳот шуни билишмаса? Камчиликлар тиқилиб ётган бўлса ва улар ОАВда ўз аксини топсаю, масъул мутасадди бунга эътибор қаратмаса? Қизиқ-да, тўғрими? Хўш, унда улар мансабда ўтириб нима қилади?..

НАСРИДДИН тайёрлади.

 

Report typo