Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

09.06.2020


"КЕРАК БЎЛСА "СТОЛБА"НИ ҲАМ ОЛИБ БОРИБ ҚАМАРДИ"

Президент эътирофи яна бир оқлов ҳукмида ўз тасдиғини топди

Инсон ва қонун

Халқимизда "Ўт балосидан, сув балосидан, туҳмат балосидан Ўзи асрасин" деган гап бор. Бир жойга бехос ўт кетса, уни ўчириш, бартараф қилиш қанчалик мушкул бўлса, кутилмагандаги тошқин кўп талафотларни етаклаб келиши тайин. Худди шундай, туҳмат ҳам инсон ҳаётини издан чиқариб юбориши, номига қора чаплаши, эл олдида юзини шувут қилиши аниқ. Бундай балолардан Яратганнинг ўзи асрамаса, бандаси кўп ҳолларда ожиз қолади.

1979 йилда Термизда туғилиб, Транспортдаги ИИБ Республика темир йўлларида нефть маҳсулотлари ташилишини кузатиш бўйича алоҳида милиция батальони Қарши темир йўл бекатига хизмат кўрсатиш бўйича отряд милиционери бўлиб ишлаган Икром Ражабов ҳам ана шундай балога йўлиқди.

Унга ўқилган айблов ҳукми шундай эди: Икром Ражабов "Термиз нефть база" унитар корхонаси ва унга қарашли "Жарқўрғон" ва "Болдир" филиалларига нефть маҳсулотлари хавфсиз ва тўсиқларсиз ўз вақтида етказиб берилишига масъул бўлган. Аммо мансаб ваколатидан фойдаланган ҳолда, нефть маҳсулотларини етказиб бериш эвазига турли кишилардан "соққа" талаб қилган. Айтилган пул берилмаса, вагонларни бошқа вилоятларда турли баҳоналар билан тўхтатиб қўйишини билдирган.

Шу йўл билан корхона бош оператори вазифасида ишлаган Ў.Холияровдан ҳар бир вагон учун 50 минг сўмдан - 2012 йилда 5 миллион 450 минг сўм, 2013 йилда 26 миллион 200 минг сўм, 2014 йилда 22 миллион 250 минг сўм, шунингдек, корхона ҳисобига фактура расмийлаштирувчиси Б.Раҳматовдан 3 миллион сўм ҳамда "Жарқўрғон" филиали директори А.Мамадаминовдан 2014 йил май ойида 4500 АҚШ доллари (сўмга нисбатан қиймати 10 миллион 333 минг) ва 6 миллион сўм, бош оператор Т.Қултаевдан 2016 йил февраль, март ва апрель ойларида ҳар бир ой учун 1 миллион 500 минг сўмдан, корхона "Болдир" филиали директори Қ.Акрамов ва бош оператор Қ.Жўраевдан 2012-2014 йиллар давомида 28 та вагон учун ҳар бир вагонга 50-100 минг сўмдан жами 2 миллион сўм беришларини талаб қилиб, тамагирлик йўли билан 76 миллион 650 минг сўм ва 4 минг 500 АҚШ долларини пора тариқасида олган. Ҳар ҳолда ҳужжатларда шундай.

Шунга кўра, жиноят ишлари бўйича Шеробод тумани судининг 2017 йил 23 августдаги ҳукмига асосан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 210-моддаси 3-қисми "а" банди билан ушбу кодекс 45-моддасига асосан ички ишлар тизимида ишлаш ҳуқуқидан 3 йил муддатга маҳрум қилиниб, 12 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

Олий Мажлис Сенатининг 2016 йил 12 октябрдаги қарори билан амнистияга тушиб, ўталмаган жазо муддати тўртдан бир қисмига қисқартирилган. Ундан давлат фойдасига 85 миллион 983 минг сўм ундириш белгиланган.

Бироз вақт ўтиб, жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилояти суди апелляция инстанциясининг 2017 йил 10 октябрдаги ажрими билан эса суд ҳукми ўзгартирилиб, И.Ражабовга ички ишлар тизимида ишлаш ҳуқуқидан 3 йил муддатга маҳрум қилиш, 10 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2019 йил 21 октябрдаги ажримига асосан жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилояти суди апелляция инстанцияси судининг 2017 йил 10 октябрдаги ажрими бекор қилиниб, жиноят иши янгидан апелляция инстанцияси судида кўриш учун юборилган.

Хуллас, ҳали 40 ёшни ҳатлаган бу йигитнинг иши ҳали у судда, ҳали бу судда кўрилди, жазо муддатлари ўзгартирилди. Хуллас, бир бошга минг машмаша.

2020 йил 6 март куни жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти суди биносида видеоконференцалоқа режимида ўтган апелляция инстанцияси судининг очиқ суд мажлисида судланувчи ишлаб юрган вақтида бирор кишидан бир тийин ҳам олмаганини билдирди.

Унинг таъкидлашича, агар хоҳлаганда ҳам нефть ортилган вагонлар нефть база ёки филиалларга боришини тўхтатиб туриш имкониятига эга бўлмаган. Аслида унга нисбатан туҳмат уюштиришган.

Хўп, шундай экан, нега Икром Ражабов дастлаб иши судда кўрилаётганда, бу ҳақда лом-мим демаганди? Ҳужжатларга имзо қўйган, айбини тан олган ўзи эди-ку. Қизиқ-да, тўғрими? Бир ёқда инсон ҳаёти ҳал бўлсаю, асосий факт йиллар ўтиб ёдга олинса?!

Хабарингиз бор, Президент     Шавкат Мирзиёев 2 йил олдин Бухорода ўтган йиғилишда ўша пайтдаги Миллий хавфсизлик хизматини танқид остига олган, "Битта давлатнинг идорасига шунча ваколат бериш, бу умуман давлатга бўлган қип-қизил хиёнат... Булар бундай мажлисларга келмас эди, булар гўёки ўзлари ў-ў-ў каттакон эди. Буларни худди ота-онасидан қолган бир ваколати бордай, амир Олимхон ҳам туғилганда буларга бунча ваколат бермас эди... Хоҳлаган одамни нима қилса, қиларди. Керак бўлса, "столба"ни ҳам олиб бориб қамарди", дея таъкидлаганди.

Маълум бўлишича, Икром Ражабов билан боғлиқ ишда ҳам ана шу идора ходимининг қўли бўлган экан. Яъни МХХ терговчиси У.Бердимуродов туҳмат уюштириб, тазйиқ кўрсатган ҳолда И.Ражабовни нефть база ёки филиалларга вагонларни етказиб бериш учун пул олгани ҳақида кўрсатув беришга мажбурлагани йиллар ўтиб аён бўлди.

Натижада И.Ражабов, ўзи эътироф этгани каби ўша вақтда МХХ таъсири кучли бўлгани учун терговчи "Имзо қўй" деган жойга имзо чекиб, қилмаган айбини бўйнига олиб тураверган.

Апелляция инстанцияси судида гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган, "Термиз нефть база" унитар корхонаси бош оператори вазифасида ишлаган Ў.Холияров ҳам И.Ражабовга бир сўм бермаганини, илгари берган кўрсатмаларини тасдиқламаслиги, МХХ терговчисининг тазйиқи билан кўрсатув беришга мажбур бўлгани, шу вақтгача қўрққанидан ҳақиқатни айтмай келаётганини билдирди.

Корхона ҳисобига фактура расмийлаштирувчиси бўлган Б.Раҳматов эса Икром ўша вақтда тўй қилиши учун 3 миллион сўм қарз олгани, кейин қарзини тўлиқ қайтарганини маълум қилди. МХХ ходими эса уни чақиртириб, "Қарзга пул берган бўлсанг ҳам вагонда нефть келтириш учун олди, деб кўрсатма берасан" деган. Б.Раҳматов ходимнинг зуғуми билан ён дафтарига "Икром акага" деган сўзларни ва рақамларни тиркаб қўяди.

"Термиз нефть база" унитар корхонаси бош оператори бўлиб ишлаган Т.Қултаев эса 2017 йил 4 февралда МХХ терговчиси томонидан чақирилиб, 8 апрелгача қамоқда ушлаб турилган. Табиийки, бундай ҳолатда ҳар ким хоҳлаган ҳужжатга имзо чекиб юбориши мумкин. Т.Қултаев ҳам иложсиз қолади. Иш биринчи инстанция судида кўрилган пайти терговда ундан мажбурлаб олинган кўрсатувни МХХдан қўрқиб яна қамалмаслик учун такрорлаб тураверган. Шунинг учун аввал 4 миллион 500 минг сўм берганлиги ҳақида кўрсатув МХХ ходимлари томонидан ўйлаб топилган, деб айтди.

Тергов ва суд ҳужжатларида шу вақтгача пул бергани қайд этилган кишиларнинг бирортаси аслида пул бермагани, ҳаммаси бир идора ходими истаги билан рўёбга чиққанини айтишди.

Қолаверса, база ва филиалларга борадиган вагонлар пломбаланиб боргани учун агар пломба бузилса, Икром Ражабов жавоб бериши керак бўлгани, у ўзи хоҳлаган тақдирда ҳам юк ортилган вагонлар ҳаракатига таъсир кўрсата олмаслиги ойдинлашди.

Ишда аниқланган ва мавжуд ҳужжатларга кўра И.Ражабовни Жиноят кодекси тегишли моддаси билан    айбли деб топишда илгари бир-бирларига пул бергани, олгани ҳақида берилган, ҳозирги кунда инкор этилаётган кўрсатувлардан бошқа далил мавжуд эмас. Буни асословчи аудио, видеоёзувлар ёхуд бошқа далиллар йўқ.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси 23-моддасида "Айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим. Қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак",    дейилган.

Ушбу кодекс 951-моддасида агар фактик маълумотлар қонунга хилоф усуллар орқали ёки жиноят процесси иштирокчиларини қонун билан кафолатланган ҳуқуқларидан маҳрум қилиш ёки бу ҳуқуқларни чеклаш йўли билан ёхуд ушбу кодекс талаблари бузилган ҳолда олинган бўлса, шу жумладан, жиноят процесси иштирокчиларига ёки уларнинг яқин қариндошларига нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаган ҳолда, уларни сохталаштириш (қалбакилаштириш) йўли билан, гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг ҳимояга бўлган ҳуқуқлари, шунингдек таржимон хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқи бузилган ҳолда, номаълум манбадан ёхуд жиноят ишини юритиш жараёнида аниқлаш мумкин бўлмаган манбадан, жабрланувчи, гувоҳ, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг суриштирувдаги, дастлабки терговдаги судда далиллар мажмуи билан ўз тасдиғини топмаган кўрсатувларидан олинган бўлса, улар далил сифатида мақбул эмас деб топилиши кўрсатилган.

Бироқ, дастлабки тергов органи ва биринчи инстанция суди томонидан қайд этилган талабларга ва Олий суд Пленуми қарори тушунтиришларига риоя қилинмаган.

Апелляция инстанцияси суди содир бўлган воқеаларни ҳар томонлама ўрганаркан, жиноят ишлари бўйича Шеробод тумани судининг 2017 йил 23 августдаги Икром Ражабовга нисбатан чиқарилган ҳукмини бекор қилди, унинг қилмишида жиноят таркиби бўлмагани сабабли айбсиз деб топилиб, реабилитация этиш йўли билан оқланди. Эҳтиёт чораси бекор қилиниб, Икром Ражабов суд залида қамоқдан озод қилинди. Етказилган мулкий зиённи қоплаш ҳамда маънавий ва бошқа зиён оқибатларини қонунда назарда тутилган тартибда бартараф қилиш ҳуқуқига эгалиги тушунтирилди.

Бир инсон оқлангани, адолат таъминлангани, албатта, катта ҳодиса. Айни ўринда Президент вақтида "столба"ни ҳам қамайдиган тизим вакиллари ҳақида айтган "Адолатни барибир ўрнатамиз... Ҳеч ёққа бормайди булар энди, шундай ишлайдики, ўҳ-ҳў, кўрасиз ҳали" деган сўзларини эслашнинг мавридидек...

НАСРИДДИН

 

 

Report typo