Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 май, жума. 2020 йил                         Махсус версия RU

Мўмин АЗИЗОВ

12.05.2020


КЕШ ҲАДИСШУНОСЛИК МАКТАБИ: УНДА ИМОМ БУХОРИЙ ҲАМ ДАРС БЕРГАНМИ?

Қашқадарё уламолари

Ўзбекистонда қатор кўҳна шаҳарлар борки, қадимдан уларнинг номлари қўшимча сифатлар билан эъзозланган.  Самарқанд "рўйи замин сайқали" нисбати билан улуғланган бўлса, шариф Бухоро  "қуввати исломи дини аст" мавқеига сазовор бўлган.  Кеш ўрта асрларда "Қуббатул  илм вал адаб" дея эътироф этилган. Шаҳрисабз  аҳлида яна бир фахр туйғуси борки, бу кўҳна заминда буюк муҳаддислар Имом Доримий, Имом Муслим ва муҳаддислар султони Имом Бухорий  маълум муддат яшаб, толиби илмларга ислом асосларидан дарс беришган. Улар билан бирга илм, маърифат тарқатган Абдулҳамид Кеший (тўлиқ исми Абдулҳамид ибн Абд Ҳумайд ибн Носир) шу диёрда ҳижрий 170 йилда туғилиб, Кешийлар нисбасини бошлаб берган таниқли алломадир.

Абдулҳамиднинг падари бузруквори Абд Ҳумайд ибн Носир ўз даврининг маърифатли кишиларидан бўлиб, мукаммал илм салоҳиятига эга эди. Шунинг учун у дастлабки таълимни отасидан олди, араб тилини ундан ўрганди. Қуръон ва ҳадис илми бўйича сабоқларни ҳам  падари бузруквори берди.

Балоғат ёшига етгач, Абдулҳамид тафсир, ҳадис ва араб тили илмини мукаммал ўрганишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Бунинг учун бу соҳаларнинг билимдонлари ҳузурига бориши, уларга шогирд бўлиши зарур эди. Падари бузрукворининг ижозати билан Абдулҳамид она юртидан чиқиб, чет эл сафарига жўнайди. Макка, Мадина, Бағдод, Басра, Куфа каби илм-фан ривожланган шаҳарларда бўлади. Абу Довуд Тайлосий, Назр ибн Шомил Марвазий, Абу Али Ҳанафий, Азид ибн Шайбо, Умар ибн Юнус  ал-Ямомий каби етук муҳаддису фақиҳларга шогирд тушиб, ҳадис ва тафсир, фиқҳ илмидан чуқур сабоқ олади. Шу билан бирга, қаерда бўлмасин, ишончли ровийлардан Пайғамбаримиз ҳадисларини ёзиб олади.

Бир неча йиллардан сўнг Кешга қайтгач, она шаҳрида ҳадис илми мактабини ташкил қилади. Илм талабида  бўлганларга мударрислик қилиш учун Бухородан Исмоил ал-Бухорий (810-870)ни, Самарқанддан Доримий ас-Самарқандий  (797-868)ни таклиф этади. Улар Абдулҳамид Кеший (786-863) билан бирга бир неча йил мактаб талабаларига ҳадисшунослик сирларини ўргатишади. Кешдаги ҳадис илми мактабининг довруғи бошқа ислом диёрларига ёйилади. Улардан ҳам ушбу мактабда ўқиш учун ёшлар, дарс бериш учун етук олимлар кела бошлайди. Илм  истаб, ҳадис ривоят қилиш учун Кешга ташриф буюрганлар орасида Эроннинг Найсобур (ҳозирги Нишопур  шаҳрининг ўрта асрлардаги номи) шаҳридан кейинчалик ислом дунёсида буюк муҳаддис бўлиб етишган Имом Муслим ал-Ҳажжож (819-874) ҳам бор эди.

Ушбу ҳадис илми мактаби ҳақида Шарафиддин Али Яздий "Зафарнома" асарида шундай  ёзади: "Баъзи бир тарихий китобларда айтилишича, Кеш шаҳри қадим айёмларда исломнинг буюк уламолари йиғиладиган жой бўлган. Таниқли муҳаддислардан уч мўътабар имом: бири Абу Муҳаммад (Абдуллоҳ ибн Абдулҳамид ибн) Наср (ибн Ҳумайд) ал-Кашший, яна бири (Абу Муҳаммад) Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ар-Доримий ас-Самарқандий ва Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий, Аллоҳ улардан рози бўлсин - шу диёрга келиб ватан қилган эдилар. Ўша даврларда илм аҳли уларнинг билим  ва фазилат нурларидан баҳраманд бўлмоқ учун мана шу муборак шаҳарга чор атрофдан,  турли ўлкалардан йўл олардилар. Жумладан, Абул Ҳусайн Муслим ибн Ҳажжож ал-Кушайрий ан-Нишопурий  келиб, Абдураҳмон ибн Ҳумайд ал-Кешийдан билим истифода қилган эди. Имомлар ва фозил кишилардан кўплари шу ерда жам бўлган эдилар. Уларнинг барчасига ҳам дарс ўтишлари учун жойлар ажратилган эди. Шу жиҳатдан Кешга "Қуббатул илм вал адаб" лақаби берилган эди".

Абдулҳамид Кеший тафсир, ҳадис араб тили грамматикаси бўйича олган билимлари, айниқса, ровийлардан жамланган ҳадислари бўйича бир неча китоблар ёзади. У бир неча йил "Мунтахат мин муснади Абд ибн Ҳумайд" асари устида ишлайди. Ҳадис китоблари ҳадисларнинг ровийлари, мавзулари, тартибланиш йўналиши каби турли услубларда таълиф этилган ва шу услубларга хос номлар билан туркумларга ажратилган. Жомелар, сузанлар, муснадлар, мужамлар ва бошқа туркумлардан иборат. Абдулҳамид Кеший ушбу китобини муснад услубида ёзди, яъни ҳар бир саҳоба ривоят қилган ҳадисларни бир жойда, алифбо тартибида, унинг исломни қабул қилиш санаси бўйича жойлаштирди. Мовароуннаҳрда ҳадис илмининг ривожланишида кешлик олимнинг мазкур китоби ўша даврнинг дастлабки  асарларидан ҳисобланиб, ҳадис илми борасида ноёб манба ҳисобланган.

Ислом олимлари мўмин-мусулмонлар Қуръони карим оятлари мазмун-маъносини тўғри тушунишлари, талқин қилишлари учун оятлар изоҳининг кенгайтирилган  усулини қўллаганлар. Бу тафсир, шу илм соҳиблари эса муфассир деб аталган. Ислом уламолари Қуръони карим тафсири бўйича юзлаб китоб ёзганлар. Лекин тўртта китоб уларнинг дастлабкилари деб тан олинган. Улардан бири Абдулҳамид Кешийнинг бир неча жилдлик "Тафсири  Абд ибн Ҳумайд" асаридир.

Абдулҳамид Кешийнинг ислом дини ривожи йўлидаги фаолиятига, айниқса, унинг икки шоҳ асарига араб олимлари юқори баҳо берганлар. Чунончи, Ибн Хиббон "Абд Ҳумайд Кеший тафсир тасниф этган ва ҳадис жамлаган муҳаддислардан" деган бўлса, Ибн Нуқта "Абд ибн Ҳумайд ибн Носир Кеший, Абд ибн Ҳумайд номи билан машҳур бўлган муснад ва тафсир китоблари соҳиби бўлиб, энг ишончли ва парҳезкор муҳаддислардан" деб ҳисоблаган. Абу Саъид Абдулкарим Самъоний "Абд ибн Ҳумайд Кеший муҳаддис ва муфассирларнинг қадри баланд бўлган имомидир" деб эътироф этган.

Ҳадис, тафсир илмини ўрганиш учун Абдулҳамид Кеший ҳузурига келувчи ёшларнинг қадами узилмаган. Самарқанд музофотидан Абу Саъид Бакр ибн Мирзабоний кешлик олим олдига амакисининг уч ўғли билан борганини айтади. "Мен бу вақтда ўн беш ёшда эдим, - деб хотирлайди у. Абд Ҳумайд Кеший бизга "Тафсир" ва "Муснад" асарларини бошидан то охиригача ўқиб, таълим берди ва бу таълим муддати тўрт ой давом этди. Кешда олган таҳсилимиз 249 (милодий 863) йили рабиул охир ойида ниҳоясига етди. "Тафсир" ва "Муснад"ни тўлиқ ўрганиб, тўлиқ ёзиб олдик".

Кешийнинг ундан таълим олган охирги шогирдларидан бири Иброҳим Ибн Хузайм ибн Қамар аш-Шоший бўлган. Алломанинг сўнгги шогирди эса унинг ўз фарзанди Муҳаммад ибн Абд Кешийдир. У отасидан таълим олиб, ўз замонасининг зукко олими бўлиб етишган. Иброҳим ибн  Хузайм аш-Шоший билан бирга падари бузруквори асарларини қўлёзма ҳолига келтирган. Аллома асарларининг қўлёзма нусхалари айнан шошлик шогирди орқали бизгача етиб келган.

Абдулҳамид Кеший Мовароуннаҳрдан чиққан муҳаддисларнинг энг ёши улуғларидан бўлгани учун ундан жуда кўп муҳаддислар ҳадис ривоят қилишган. Масалан, Имом Муслим устозидан 150 та ҳадис, Имом Термизий 139 та ҳадис ёзиб олган. Имом Бухорий эса ундан энг ишончли ҳадисларни ривоят қилган. Араб олими Қутайба ибн Саъд ҳадис илмига иштиёқмандларга қарата "Агар Кешга борсангиз, Абд ибн Ҳумайддан ҳадис ўрганингиз" деб маслаҳат бергани кешлик аждодимиз ўз даврида етук муҳаддислардан бири бўлганлигига далолатдир. Абд Ҳумайд Кеший ҳафизул-ҳадис, соҳибул-муснадир кабийр, саҳибибут-тафсирул-кабийр номлари билан машҳур бўлган. Шунингдек, ал-имом, ал-ҳофиз, ал-ҳужжат, ал-жаввол каби юксак нисбалар билан таърифланган. Буюк ватандошларимиз Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий сингари "Имом" даражасига етишган. Кеш шуҳратини оламга ёйган буюк алломани юртдошлари "Ҳазрати Имом" деб эъзозлаганлар.

Кешлик аллома ўз асарларини араб тилида ёзган, китоблари ҳам араб  диёрларига тарқалган. Шунинг учун арабий забон фозилу олимлар унинг ҳаёти ва фаолиятини, меросини ўрганишга катта эътибор беришган. Хусусан, Абу Сайид Абдулкарим Самғоний (1113-1167) 1155 йил Самарқанд ва Насафда бўлади. Шундан сўнг Кешга келиб, 12 кун туради, бу ердан чиққан фозилу уламоларни ўрганади. У "Китаб ал-ансом" асарида Абдулҳамид Кеший ҳақида маълумот бериб, ёзган асарларини  санаб ўтади.

Ибн ал-Кифтий эса унинг араб тили грамматикаси ҳақида ёзган асарларига  таъриф берган. Кейинги асрларда яшаб ўтган олимлардан Шамсуддин Заҳабий, Ибн Касир, Ҳатиб ал-Бағдодий, Ал-Жаёний Андалусий, Абу Муҳаммад ибн Ҳусайн Ғайтобий Ҳанафий, Ибн Туғрий Бардий, Ал-Ёфий, Имом Шаҳобиддин ибн Ҳожар Асқалоний каби турли мамлакат олимлари ҳам ўз асарларида Абдулҳамид Кешийни машҳур муҳаддис ва муфассир сифатида тилга олиб ўтганлар.

Дарвоқе, Абдулҳамид Кеший араб тилшунослиги бўйича ҳам йирик олимлардан бири бўлган. Бир неча авлод вакиллари Пайғамбаримиз сўзлаган, Қуръони карим нозил бўлган араб тилининг нозик томонларини мукаммал ўрганишда унинг "Китоб аъла хуруфил муъжам", "Китоб фаълту ва афъалту", "Ат-тасориф" асарларидан фойдаланганлар.

Абдулҳамид Кешийдан кейин ҳам Кешда жуда кўп таниқли алломалар яшаб ўтишган, манбаларда уларнинг сони 40 дан ошади, дейилган. Аммо Абдулҳамид Кеший ва унинг издошлари мероси яқиндагина ўрганила бошланди. Унга биринчи бўлиб, 2007 йилдан Имом Бухорий  халқаро илмий-тадқиқот марказида ишлаётган, ҳозирда шу марказ директори  ўринбосари Шукурулла Умаров киришди. У 2009 йилда устози, исломшунос олим Убайдулла Уватов тавсияси билан "Абдулхамид Кеший меросининг Мовароуннаҳр ҳадис илми ривожидаги ўрни" мавзуида илмий тадқиқот ишлари олиб боришга киришди. Юртимизда кешлик олимнинг асарлари мавжуд эмас, улар асосан дунёнинг турли мамлакатларидаги йирик кутубхоналарда сақланмоқда. Тадқиқотчи ана шу мамлакатларда бўлиб, Абдулҳамид Кеший асарларининг 22 та қўлёзмасини аниқлашга муваффақ бўлди ва улардан юртимизга нусхаларини олиб келди. Уларни ўрганиш жараёнида ўн йил давомида 50 дан ортиқ мақолалар эълон қилди, шундан 15 таси чет эллардаги нуфузли журналларда босилди. Шулар асосида "Абдулҳамид Кеший" монографияси чоп этилди. Араб тилидаги "Муснади Абд Ҳумайд" уч жилдлик асарининг 2 жилдини ўзбек тилига таржима қилди. Навбатда уни нашр қилиш турибди.

"Тафсири  Абуд Ҳумайд" асари ҳам ислом оламида дастлаб ёзилган асарлар сирасига киради, аммо асар қўлёзмаси тўлиқ сақланмаган. Араб олими Мухлиф ибн Баниҳи ал-Урф 2004 йилда "Дор ибн Ҳазм" матбаасида "Қитъатун мин тафсир ал-имом Абд ибн Ҳумайд (Имом Абд ибн Ҳумайднинг тафсиридан бир бўлим)" номи билан бир жилдда нашр этди. Асарда Қуръоннинг Оли Имрон ва ан-Нисо сураларининг тафсири, муаллим ҳақида маълумотлар, китобнинг аҳамияти ва унда келтирилган маълумотларнинг саҳиҳлиги ва мўътабарлиги баён қилинган.

Абдулҳамид Кеший ҳижрий 249 йилда 79 ёшида Кешда вафот этади ва ўзи таваллуд топган шаҳарда дафн этилади.

Шу ўринда Ўзбекистон Миллий энциклопедиясининг 2005 йилда нашр этилган 11-жилдининг 270-бетидаги "Ҳазрати Имом мақбараси" сарлавҳали мақолани диққатингизга ҳавола этамиз: "Ҳазрати Имом мақбараси - Шаҳрисабздаги меъморий ёдгорлик (XIV аср). "Дорус сиёдат" меъморий ёдгорлиги мажмуидаги Жаҳонгир Мирзо мақбараси Ҳазрати Имом номи билан машҳурдир. Археологик тадқиқотлар вақтида мақбарадан 3 та жасад топилган. Шарафиддин Али Яздий "Зафарнома"сида Кешда яшаган бухоролик ва самарақандлик машҳур имомлар (Имом Бухорий ва Имом Доримий - М.А.) орасида Ҳазрати Имом номи билан машҳур Абу Муҳаммад Кешийни тилга олади. Амир Темур аждодлари хилхонаси яқинида шу имомнинг қабри бўлган (лекин сақланмаган). Ҳазрати Имом номи янги бунёд этилган олий мадраса - "Дорус сиёдат" қолдиқларига кўчиб қолган".

2016 йилда нашр этилган "Ўзбекистон ёдгорликларидаги битиклар"нинг Шаҳрисабз меъморий ёдгорликларидаги ёзувларга бағишланган жилдида баён этилишича, "Ҳазрати Имом" мақбараси ўймакор эшигига ўйиб ёзилган

"Эй, Имом Муҳаммад Кеший,

Келдим, эшигинга, қилма ноумид"

битиги, унинг "Мунаввар қабр" деб аталгани ҳам буюк алломанинг қабри шу ерда бўлганлигини тасдиқлайди. "Дорус-сиёдат" ёдгорлик мажмуи ёнида фаолият кўрсатаётган йирик жомеъ масжидининг "Ҳазрати имом" деб аталиши шаҳрисабзликларнинг улуғ аждодига меҳр-муҳаббати рамзидир. Бу йил Абдулҳамид Кеший туғилганига милодий тақвим бўйича 1270 йил тўлади. Шу санани нишонлашга тайёргарлик жараёнида аллома ҳаёти ва меросини янада чуқурроқ ўрганиш, асарларини нашр қилиш, меросини кенг   тарғиб қилиш, мақбарасини тиклаш мақсадга мувофиқдир. Зеро, буюк  ватандошимиз қолдирган бой илмий-маънавий мерос нафақат ўз даври учун, балки ҳозирги шиддатли, ҳидоят йўлидан адашган турли фирқалар фаолияти кучайиб бораётган замонда ҳам жуда аҳамиятлидир.

Мўмин АЗИЗОВ,

тарихчи-журналист

Report typo