Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, сешанба. 2021 йил                         Махсус версия RU

УМАР

12.03.2021


КЕТАДИ-КЕТАДИ... КЕТДИ!

Воажаб

 

Ахборот макони хўп ғаройиб-да: назардан четда қолиб кетган шахслару жабҳаларни кун тартибига, яна денг "тренд"га олиб чиқа олади.

Эҳтимол эшитгандирсиз, бир неча кун олдин Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев Қашқадарёда бўларкан,  оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар билан учрашди. Мазкур учрашув тафсилотлари ОАВ юзини кўраркан, дастлаб агентлик вилоят бошқармаси бошлиғи  ишдан олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Хусусан, у идорасидаги ходимлар билан хайр-хўшлашгани ва ўрнига келиши кутилаётган янги раҳбар дам олиш куни бўлишига қарамай туманда учрашув ўтказиб юрганидан дарак топдик.

Бироқ, озгина фурсатдан сўнг "РАСМИЙ" деган таъкид остида   бошқарма бошлиғи ишдан бўшамагани, агентлик директори иштирокидаги йиғилишда унинг фаолиятига баҳо берилиб, камчиликлари айтилгани, ходимлар ўртасидаги соғлом муҳитни яхшилаш топшириқлари берилгани ва бу охирги огоҳлантириш эканлиги хусусида муносабатлар янгради.

Интернет сайтларида эса агентлик директорининг бир-бирига қарама-қарши фикрлари ҳам ўз ифодасини топганини айтиш ўринли. Хусусан, Алишер Саъдуллаев "Агентликнинг Қашқадарё вилоятидаги раҳбарининг имижи ҳақиқатан ҳам паст. Боиси, вилоятдаги вакилимиз, биринчидан, дипломатияни йўлга қўёлмаган. Иккинчидан, фаолияти жуда суст. Учинчидан, раҳбарни ишдан олиб ташлаш учун менда етарли факторлар бўлган, лекин унга имконият беришга қарор қилганман. Балки уни бугун ишдан олиб ташларман, балки эртага ёки индинга. Лекин ишдан олиб ташлаш осон. Бунга битта буйруқ етарли. Аммо уни тарбиялаш, хатоларидан хулоса чиқаришга имконият бериш ҳам керак. Шу нуқтаи назардан биз Шоҳжаҳон Омоновга имконият бердик. Бошқа вилоятдаги раҳбарларимизнинг иш фаолияти бундай эмас. Улар ишга бутун борлиғини бағишлаган. Шоҳжаҳон Омонов ҳам ҳаракат қиляпти. Аммо иш тажрибаси етмаяптими ёки жамоатчилик билан очиқ ишлашга мослашиб кетолмаяптими, ҳозирча ўхшамаяпти", дея муносабат билдирган бўлса, яна бир ўринда унинг "Темур (бошқарма бошлиғи ўринбосари назарда тутилмоқда - таҳририят) уч ойлик синов муддати билан бошқарма бошлиғи вазифасини бажариб туради. Агар эплаб кетса, бошқарма бошлиғи сифатида фаолиятини давом эттиради. Биз Темурга ишонамиз", мазмунидаги фикрлари жаранг сочди.

Куни кеча эса шу вақтгача агентлик вилоят бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган Шоҳжаҳон Омонов бошқа ишга ўтиши муносабати билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани, унинг ўрнига Темурбек Поёнов бошлиқ вазифасини бажарувчи этиб тайинлангани ҳақида маълумот берилди.

Бундан кўринаяптики, Ш.Омоновнинг кетиши аввал-бошдан маълум бўлгану, ким(лар)дир якуний тўхтамга келишга бир муддат қийналган бўлса, яна кимлардир подадан олдин чанг чиқармасликка уринган.

Энди бир ўйлаб кўринг: юқоридаги жараёнларнинг кимга қизиғи бор, хўп, бир ташкилотда раҳбар ўзгарса-ўзгарибди-да, шунга ота гўри қозихонами, ҳозир нима кўп - раҳбар кўп, дерсиз. Аслида ҳам шундай. Аммо назаримизда шу каби хабарлар орқали жамоатчилик нигоҳини ҳеч ким эътибор бермай қўйган, тайинли иши кўринмаётган ташкилотга қаратиш мақсад қилингандай.

Хўш, шу билан ташкилотнинг обрўси, нуфузи ошиб қоладими? Қолдими? Қайтага одамларнинг энсаси қотди.

Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармасидагиларга таклифимиз шуки, одамлар қайсидир идорага ижобий муносабатда бўлишини истасангиз, турли шов-шувлар, бўлар-бўлмас "баёнот"у "расмий" "миш-миш"лар билан эмас, амалий фойдали фаолият билан ўзингизни кўрсатинг. Одамларнинг эътиборини тортишнинг бундан бошқа йўллари, яхши услублари кўп...

УМАР

Report typo