Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Алишер НАЗАР

16.03.2021


"КЕТОЛМАДИМ КЎККА ҲАМ УЧИБ, ТОПОЛМАДИМ ЕРДА ҲАМ ПАНОҲ..."

Шоирнинг сўнгги ҳайқириғи

- Мен сенга бир гап айтай, - деди шоир.

Унинг овози хаста эди. Ўйчан кўзларидан исмсиз бир дард тошиб турарди. Қалам тутган қалтироқ қўлларига қараб ҳайратланардинг, завқланардинг, изтиробга тушардинг.

- Эсимни таниганимдан бери ичимда бир ғам айланади. Худойим қалбимнинг бир чеккасини тилиб қўйган. Ундан "чак-чак" қилиб ғам    томиб туради. Энг бахтиёр кунларимда ҳам бу "томчи" тинган эмас, - деди у.

У жуда тушкун ва умидсиз эди.

Тинглаётган одам руҳан ёлғизланиб, жисман хасталаниб қолган    Шоирнинг кўнглини кўтарди:

- Абдулла ака, ана ўша "чак-чак" қилиб томиб турган нарса - шеър! Биз унинг тинишини истамаймиз. Бу йил ана шу "томчи"лар "уммон"га айланиб кетди, бемалол бир китоб бўлади.

- Унда китоб қиламиз, номи ҳам тайёр: "Эверест ва уммон"!

Шоирнинг юзига табассум югурди. Уни тинглаётган одам яхши биларди: Абдулла Ориповни фақат шеър билан овунтириш мумкин! Тажриба бу сафар ҳам қўл келди.

"Эверест ва уммон"га шу тариқа асос солинди.

* * *

Инсон умри бу зиддиятли ҳаёт ичра талошдир. Мана шу зиддият инсонни тоблайди, чиниқтиради ва емиради. Абдулла Орипов тириклик ҳақиқатининг тагига етган донишманд шоир эди. У дунёга донишмандлик назари билан боқиб ўтди. Шунинг учун ҳам унинг шеърияти ҳикмат устига қурилган. Шоир кўрган-кечирганлари, ҳис этганлари ва англаганларидан бир ҳикмат чиқариб беради. Оддийгина ҳодисадан мангуликка дахлдор, ҳаётий, поэтик хулосалар ясайди. Унинг донишманд назари ҳар нарсани жуда теран кўради ва ҳис этади. Энг муҳими, нарса-ҳодисаларнинг "исми"ни бехато айтади:

Қалдироқ гумбурлар юксак тоғларда,

Чилтор қилларидай таралар ёмғир.

Шамол шовуллайди қадим боғларда,

Буюк кўҳна дунё кўпчийди оғир.

Юксак тоғларда момоқалдироқ гумбурлаб, ёмғир ёға бошлади. Ёмғирнинг чилтор қилларидай таралишини қаранг! Шамол шовурига қулоқ солинг, дунёнинг хамир каби кўпчишини кўринг! Бу манзарани фақат  Абдулла Орипов чизиши мумкин. Бу ерда гап нафақат манзаранинг гўзаллиги, ифоданинг нозиклиги, сўзларнинг таъсирчанлигида, балки       тасвир ва ҳаракатнинг изчиллигида ҳамдир. Тасвир, оҳанг ва ҳаракат уйғунлиги! Яхлит поэтик композиция!

Абдулла Орипов дунёсига кирсангиз, ич-ичингиздан бир ҳайрат тошиб келади. Уни ерликларга ўхшатолмайсиз. Унинг ҳис этганлари, кўрганлари, ҳайратлари, изтироблари ва энг асосийси, хулосалари   бошқача… Балки у шунинг учун ҳам ўзини танҳо қушман дегандир.

Ўша қушдек яшадим чўчиб,

Сизни хавфдан айладим огоҳ.

Кетолмадим кўкка ҳам учиб,

Тополмадим ерда ҳам паноҳ.

Шоир руҳи ердан паноҳ тополмайди, изнсиз кўкка ҳам учиб кетолмайди. У еру осмон миёнасида 76 йил кезди. Ҳар бир шеърида - руҳий парвоз чоғларида гўё юксаклардан туриб Ерга, ерликларга назар ташлади. Ҳаётни гоҳ дунё томи Эверестдан, гоҳида энг теран баҳри муҳитдан туриб кузатди. Шоирнинг хаёлий ва ҳаётий саёҳатлари, кузатишлари ва ҳақиқатларидан бетакрор шеърлар яралди. "Эверест ва уммон" ҳам шу тариқа теран сезимлар маҳсули ўлароқ дунёга келди!

* * *

Шундай мақомлар борки, инсон унга ўқиб-ўрганиб эришолмайди. Бу илмни ҳосил қилиб бўлмайди, у ато этилади. Руҳият кашшофлари унинг номини "илми ладуний" дейдилар. Муҳаммад Ғиёсиддин "Ғиёсул луғот"ида: "Ладуний илм учга бўлинади: ваҳий, илҳом, фаросат", дейди.

Ваҳий пайғамбарларга, илҳом авлиёларга, фаросат сўфийларга инъом этилган. Билишнинг - энг мукаммал учта йўли!

Не тонгки, Абдулла Орипов даҳосида ҳам риёзат билан эришиб бўлмайдиган маърифат бор. Шоирнинг ақлни чақнатиб юборадиган шеърлари бунинг ёрқин далилидир. Айниқса, шоирнинг "Эверест ва уммон"ини варақлар экансиз, у вафотидан кейинги ҳаётини ҳам олдиндан айтиб қўйгандек.

Ҳали тугамайди бу аччиқ қисмат,

Кимдир ном талашиб ақлдан озар.

Энг мудҳиш томони, ўтмай сал фурсат

Сени маҳв этганлар хотира ёзар.

Абдулла Орипов бу китобни таълиф этаётган вақтларда хасталик сабабли руҳий мададга эҳтиёж сезарди. Ёшлик чоғларидаёқ ўз истеъдоди билан ҳурмат қозонган, ҳар доим эътибор ва эътирофда бўлиб келган   шоирнинг мудом эркалик қилгиси келарди. Муҳими, унинг бунга маънавий ҳаққи бор эди! Лекин начора, унга руҳан суянчиқ бўладиган "шогирдлар" бугунгидек кўп эмасди. Шоир буни ҳис этарди. Шу боис бу норасо қавмдан ранжиб:

Фақат англар сени яратган Худо,

Муштипар она ҳам эмас мустасно.

Лекин ўтаверсин ҳар икки дунё,

Сени англаёлмас сендан яхшироқ, - дерди.

Ҳақиқатни баралла айтиш, умрий хатолар учун пушаймон чекиш, энг муҳими, келажакни бу хатолардан узоқ бўлишга чақириш каби ҳолатлар "Эверест ва уммон" тўпламидан ўрин олган аксарият шеърларга хосдир.

Абдулла Орипов ҳодисасини адабиёт илми ҳали жуда кўп тадқиқ этади. Чунки бу феномен оддий ўлчовларга, одатий қонуниятларга бўй бермас афсонадир. "Эверест ва уммон" ана шу афсонанинг энг сўнгги ҳайқириғи бўлиб қолди.

Алишер НАЗАР

Report typo