Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

14.08.2020


ХЎЖА ИЛҒОРДА АЙТИЛГАН ГАПЛАР ХЎЖА КЎРСИНГАМИДИ?

Муаммо, мулоҳаза, муносабат

Маълумки, Соҳибқирон Амир Темур туғилган жой ҳақида тарихчи олимлар ўртасида бир қатор мунозарали қарашлар мавжуд. Аммо энг ишончли, дея эътироф этиладиган аксарият манбаларда унинг  Кеш (Шаҳрисабз) вилоятининг Хўжа Илғор қишлоғида таваллуд топгани айтилади. Ҳозир бу қишлоқ Яккабоғ туманида жойлашган.

Эътиборли томони, ушбу қишлоқда Амир Темур ва унинг болалиги билан боғлиқ бир қатор тарихий жойлар, ашёлар ҳам мавжуд. Улардан бири шу ердаги катта қудуқдир.

Ривоятларга кўра, Амир Темурнинг дунёга келиши ва Мовароуннаҳрда мўғуллар ҳукмронлигига барҳам бериши мунажжимлар томонидан башорат қилинган экан. Шу боис Кеш яқинидаги қишлоқларда яшайдиган барча ҳомиладор оналар мўғуллар томонидан қиличдан ўтказила бошланади. Шунда  Соҳибқироннинг волидаси Текина хотин Хўжа Илғор қишлоғи четидаги қамишзор ичига яширинади ва Амир Темур шу ердаги қудуқ яқинида туғилади.

Кейинчалик бу қудуқ япониялик археологлар томонидан қадимий хариталар асосида ахтариб топилган.

Айрим маълумотларга кўра, қудуқнинг суви жуда шифобахш бўлиб, унинг таркибида инсон организми учун фойдали бўлган 17 хил элемент  мавжуд.

Қишлоқдаги Амир Темур номи билан боғлиқ ашёлардан бири оғирлиги 100 килограммга яқин бўлган йирик харсангтошдир. Ривоятларга кўра, Темур бобомиз ёшлигида ушбу тошни кўтариб машқ қилар экан.

 Шунингдек, қишлоқда халқ ўртасида Хўжа Илғор номи билан танилган, ислом динининг фаол тарғиботчиларидан бўлган Хўжа Муҳаммад ибн ал-Қосим мақбараси ҳам жойлашган. Айтишларича, Хўжа Илғор жангда оғир яралангач, "Мени туямга ортинглар ва у қаерда тўхтаса, ўша ерда дафн қилинглар", дея васият қилган экан. У кишининг туяси шу қишлоққа келиб тўхтагач, уни ювиш учун сув зарур бўлади. Шунда унинг қиличини ерга санчишади ва ушбу булоқ ҳосил бўлади, дейилади ривоятларда.

Бу булоқ ҳозир ҳам мавжуд. Аҳоли уни Чиллабулоқ деб атайди. Қишлоқ одамларининг айтишича, Чиллабулоқнинг суви ичиш учун яроқсиз, бироқ бир қанча яра-чақаларни даволашда фойдаси катта.

 Бундан ташқари, қишлоқда бир неча асрлик тарихга эга улкан тут дарахтлари, археологик қазишлар жараёнида топилган ноёб тош бўлаклари, турли сопол буюмлар қисмлари мавжуд.

Қишлоқнинг баҳаво сўлим гўшада, қолаверса, сайёҳлар келиши учун қулай - Қарши-Китоб автомагистрали бўйида жойлашгани эса Хўжа Илғорни том маънодаги туристик йўналишлардан бирига айлантириш имконини беради. Аммо узоқ йиллар давомида бунга аҳамият берилмаган, бутун дунё биладиган буюк саркарда ва давлат арбоби, жаҳон цивилизацияси ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган Амир Темурдек зот туғилган қишлоқ эътибордан четда қолиб келаётган эди.

2018 йилда ана шу жиҳат масъулларнинг назарига тушиб қолди. Ўша йилнинг 9 апрель санасида Амир Темур таваллудининг 682 йиллиги муносабати билан Хўжа Илғорда катта тадбир ташкил этилиб, майдонда ранг-баранг ўтовлар қад ростлади. Бир томонда миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси, бир ёнда спорт ўйинлари намойиши ташкил этилди. Дошқозонларда миллий таомлар пиширилиб, дастурхонга тортилган бўлса, санъаткорларнинг чиқишлари тадбирга янада файз улашди.

Байрамни ташкиллаштиришга масъул бўлган раҳбарлар эса бирин-кетин минбарга чиқиб, Хўжа Илғорда амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар, бу ернинг тез орада таниб бўлмас даражада ўзгариб кетиши ҳақида ваъдаларни қалаштириб ташлашди.

"Хўжа Илғор: қайта кашф қилинган тарих - янги сайёҳлик йўналиши" мавзуидаги ушбу тадбир Халқаро пресс-клуб ташаббуси билан  ташкил этилган бўлиб, унда сўзга чиққан пресс-клуб раиси Шерзодхон Қудратхўжаев тадбирдан кўзланган мақсад - сиёсий таҳликали, халқ мўғуллар истилосидан зулм чекаётган бир даврда дунёга келган ва озодлик учун курашиб, буюк давлатга асос солган бобомиз сиймосини қайта кашф қилиш, Хўжа Илғорда янги сайёҳлик манзилини яратиш эканлигини таъкидлаган эди.

Ўша пайтда вилоят ҳокими вазифасида ишлаган Зафар Рўзиевнинг яқин йиллар ичида Хўжа Илғорнинг қандай манзара касб этиши ҳақидаги гаплари эса нафақат шу қишлоқ аҳли, балки барча-барчани руҳлантириб юборганди.

- Хўжа Илғор қишлоғи эътибордан четда қолиб келаётган эди. Энди бу қишлоқ обод бўлади, - дея тантанавар таъкидлаганди вилоят ҳокими. - Ҳазрат Амир Темур билан боғлиқ ўнлаб қадамжолар бор бу қишлоқда. Хуллас, сайёҳларни жалб қиладиган манбалар талайгина. Энди бу анжуманни ҳар йили ўтказишни анъанага айлантирамиз.

Шунингдек, қишлоқда 6 гектарлик Амир Темур боғини барпо этиш, унинг бир қисмида Амир Темур музейи ташкил этилиши ҳақидаги ваъдалар янграган эди тадбирда.

Мана ўша воқеалардан буён икки йил ҳам ўтибди. Хўш, бу вақт ичида Хўжа Илғорда нима ўзгарди, дерсиз? Афсуски, ҳеч нима!

Ўша куни  ранго-ранг ёритқичлар ўрнатилган, турфа байроқчалар илинган баланд-баланд устунларнинг ярми синиб, ярми қийшайиб тургани, майдон  ўртасига саҳна учун кўтарилган лой супанинг деворлари нураб, кўримсиз аҳволга келиб қолгани, "Амир Темур боғи барпо этилади" деган жойга беда экилиб, атрофига аҳоли мол боғлаб боқаётгани, шифобахш сувга эга тарихий қудуқ туби эски оёқ кийимлару латта-путталар билан тўлганини айтмаса, бошқа нарса ўзгармаган.

Ҳа айтганча, майдонни кесиб ўтган ариқ ичида "баклажка"ларнинг қалашиб ётиши, ўтлар ораси ҳамон эски целлофан қоғозлару, писта, музқаймоқ идишларига тўла эканлигини кўриб, қачонлардир бу ерда катта тадбир бўлганини англашингиз мумкин.

Энди ўз-ўзидан савол пайдо бўлади.  Хўш, ўша куни айтилган ваъдалар, ундоқ қиламиз, бундоқ қиламиз, деган гапларнинг ижроси қани? Ахир бу гапларни айтганлар вилоят, вазирлик даражасидаги масъул раҳбарлар эди-ку. Ёки улар бу гапларни тадбирнинг янада баландпарвоз руҳда ўтиши, маърузаларининг салмоғи оғирроқ бўлиши учун айтишганмиди?! Ҳозирча, шунга ўхшаб туюлаяпти.

Соҳибқирон Амир Темур шахсига хос энг муҳим жиҳатлардан бири - айтган гапини ҳеч қачон ерда қолдирмаган, бирор ишни мақсад қилса, уни бажармагунча қўймаган. Ўз тузукларида "Азму жазм билан иш тутдим. Бирор ишни бажаришни ўйласам, бутун зеҳним, вужудим билан берилдим, битирмагунимча ундан қўлимни тортмадим", дея таъкидлаган бобокалонимиз агар тирик бўлганида бугунги масъулларимизнинг ваъдани қоп-қоп ёғдиришию, ижросига келганда индамай кетаверишини кўриб, нима деган бўларди?..

Ж.БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар

Report typo