Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ғайрат УБАЙДУЛЛАЕВ

19.04.2019


ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК ТАЪЛИМ СИФАТИ ОШИШИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Шунга кўра, юртимиздаги ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, аниқ манзилли лойиҳалар, дастурлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Буни биргина Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиали мисолида кўрадиган бўлсак, филиалда 2018-2020 йилларга мўлжалланган давлат илмий-техника дастурлари доирасида 400 миллион сўмлик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўз навбатида Европа Иттифоқининг Erasmus+ (Италиянинг Саннио университети) дастури асосида қарийб 84 минг евролик мустақил тадқиқот ишлари олиб борилаётир.

Ўтган йил охирида филиалда Erasmus+ дастури доирасида "TechReh - Тиббиётда ахборот технологиялари" халқаро лойиҳаси бўйича илмий-амалий конференция ташкил этилди. Италиянинг Саннио ҳамда Франциянинг Сорбонна университетларидан келган профессор-ўқитувчиларнинг маъруза ва тренингларидан ёш олим ва талабаларимиз кўп нарса ўрганишди.

Шу йилнинг январь ойида эса Португалиянинг Лиссабон университети ҳузуридаги "Иқтисодиёт ва менежмент" олий мактаби директори, профессор Жорж Филип да Сильва Гомес ўз мутахассислиги бўйича маъруза қилди. Албатта, хорижлик мутахассисларнинг изланишлари юртимиз олимлари учун бирдай қизиқ ва аҳамиятли. Шу билан бир қаторда, филиал профессор-ўқитувчиларининг Жанубий Кореянинг Чунг-Анг, Ханянг, Йонгман, Франциянинг Сорбонна, Италиянинг Саннио университетларида малака ошириб, илмий салоҳиятни юксалтирганини ҳам айтиш ўринли.

МДҲ олий ўқув юртлари, хусусан, Новосибирск давлат техника университети, Россия Фанлар академияси Сибирь бўлими ҳисоблаш технологиялари институти, Москва алоқа ва ахборот технологиялари, Тожикистон Республикаси миллий университетлари билан ҳамкорлик шартномалари асосида илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Давлат раҳбарининг 2018 йил 25 сентябрдаги   "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва    ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича "Эл-юрт умиди" жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги фармони асосида 2019-2021 йиллар мобайнида филиалнинг         27 нафар профессор-ўқитувчилари, илмий тадқиқотчилари хорижий университетларда малака ошириши, стажировка ўташи, магистратура ва таянч докторантурада ўқиши режалаштирилган. Бу албатта филиалдаги ўқиш-ўқитиш жараёнига ўзгариш ва янгиликлар киритиши шубҳасиз.

2018 йил сўнгида филиал директори "Эл-юрт умиди" жамғармаси стипендияси танловидан ўтиб, ноябрь-декабрь ойларида Беларусь давлат информатика ва радиоэлектроника университети қошидаги ахборот технологиялари малака ошириш институтида бўлди. Малака ошириш жараёнида университетларимиз профессор-ўқитувчилари онлайн мулоқотда бўлишди, ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Унга кўра, 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб ТАТУ Қарши филиали ҳамда Беларусь давлат информатика ва радиоэлектроника университети ахборот технологиялари қўшма факультетига талабалар ахборот технологияларининг дастурий таъминоти ва дастурланувчан мобиль тизимлар йўналишлари бўйича қабул қилинади. Ўқиш "2+2" схемаси бўйича олиб борилади:  2 йил Қаршида ва 2 йил Беларусда.

Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, рақамли инновацион марказ ташкил этиш ҳамда Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида "Ақлли шаҳар" лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида вилоятимизни инвестицион фаолият юритиш учун мақбул ҳудуд сифатида танлашган канадалик инвесторлар филиалдаги "Ёш дастурчилар" марказида бўлиб, талабаларнинг дастурий ишланмалари билан танишишди ҳамда ёшларимиз билимига юқори баҳо беришди. 20 дан зиёд лойиҳани талабаларнинг ўзи инглиз тилида тушунтириб беришди. Инвесторлар ушбу лойиҳалар ижтимоий жиҳатдан фойдали эканлиги ва улардан сунъий интеллект, виртуал воқелик, "блокчейн" технологиялари сингари электрон хизматлар маълумотларини қайта ишловчи замонавий марказ ташкил этилишида фойдаланиш мумкинлигини билдирдилар.

Албатта, малакали ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш - муҳим масала. Бунга эса хориж тажрибасини ўрганиб, ютуқларни ўзлаштириш билан эришилади. Хориж билан ҳамкорлик йўлга қўйилгани - бу ҳали таълим сифати ошди, дегани эмас. Таълим сифати ва самарадорлиги эгалланган билим ва янгиликларни амалиётда нечоғлик қўллай олишга боғлиқки, филиалда масаланинг ана шу жиҳати ҳам эътибордан четда эмас.

Ғайрат УБАЙДУЛЛАЕВ,

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиали бўлим бошлиғи

 

Report typo