Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

10.11.2018


ХАЛҚ СОҒЛОМ БЎЛСА, ЭЛ-ЮРТ ОБОД БЎЛАДИ

Юртимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, жисмонан соғлом ҳамда маънан баркамол авлодни вояга етказиш масаласига устувор вазифа сифатида қаралади. Шунга монанд, изчиллик билан кечаётган соғлиқни сақлаш тизимидаги чуқур ислоҳотлар айни мақсадлар рўёбига хизмат қилаётир. Унинг вилоятдаги самаралари хусусида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Дониёр ТУРСУНОВ қуйидагиларни гапириб берди:

- Мамлкатимиз тиббиётида жорий қилинган даволашнинг замонавий усуллари эндиликда даво истаб хорижга отланишга зарурат қолдирмаяпти. Хусусан, хорижий давлатлардаги хусусий тиббиёт муассасаларида ишлаб юрган 7 нафар қашқадарёлик малакали шифокор вилоятда фаолият бошлади. Жорий йилнинг ўзида Қашқадарёга республика ва чет давлатларининг клиника ва марказларидан 90 нафар мутахассис келиб, улар томонидан 56 та мураккаб жарроҳлик амалиёти бажарилди, 6 минг 500 нафарга яқин киши тиббий кўрикдан ўтказилиб, ҳудудий мутахассислар учун 38 марта маҳорат дарслари ташкил этилди.

Бунинг самарасида вилоятлар ўртасида биринчилардан бўлиб, Республика шошилинч тиббий ёрдам Қашқадарё филиалида лапароскопик операция амалга оширилди, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида биринчи  марта сунъий бўғим қўйиш бўйича жарроҳлик усули йўлга қўйилди. Шунингдек, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалига шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож бўлганлар учун юқори технологияли амалиётларни ўтказиш мақсадида рангли рентген аппарати, электронож ва гематологик анализатор олиб келинди. Юқори технологияли диагностика-даволаш усулларининг амалиётда қўлланиши натижасида илгари даволаш мушкул бўлган кўплаб оғир касалликларни кам жароҳатли усулларда даволаш, ногиронликнинг олдини олиш имконияти ошди.

Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи чоғида берган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида собиқ урология маркази биноси негизида 150 ўринли Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий марказининг Қарши филиали ва Шаҳрисабз, Китоб, Қамаши, Ғузор туманларида ҳар бири 80 ўринли туманлараро эндокринология бўлимлари ташкил этилди. Шунингдек, 120 ўринли Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази Қарши филиали реконструкция қилиниб,   Косон, Нишон, Қамаши, Китоб ва Яккабоғ туманларида 100 ўринли туманлараро кардиология бўлимлари  фаолияти йўлга қўйилди. Вилоят юқумли касалликлар шифохонаси ҳам реконструкция қилиниб, мукаммал таъмирланди, унинг ҳудудида 120 ўринга мўлжалланган янги бино қурилди.

Айтиб ўтиш жоизки, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиалида йилига 700-800 жарроҳлик амалиёти ўтказилиши кўзда тутилмоқда. Диабетик нефропатия, умумий эндокринология ва диабетология, қалқонсимон без ва диабетик тўпиқ жарроҳлиги каби бўлимларни ўз ичига олган марказ энг сўнгги русумдаги тиббий ускуналар билан жиҳозланди. 

Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази Қарши филиалида эса клиник-биохимик лаборатория, автоклав, поликлиника, рентген-эндоваскуляр жарроҳлик бўлими, аритмология, артериал-гипертензия, юрак ишемик касалликлари, реабилитация, кардиожарроҳлик бўлимлари ташкил этилди.

Вилоят юқумли касалликлар шифохонаси 1990-йилларда қурилган бинода жойлашган бўлиб, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишда бир қанча ноқулайликлар келтириб чиқараётган эди. Айни пайтда янгидан қурилган ва энг сўнгги русумдаги тиббий ускуналар билан жиҳозланган шифохонада вирусли гепатитнинг олдини олиш, диагностика ва даволаш ишлари олиб борилмоқда. Президентимиз таъкидлаганидек, марказ ходимлари беморнинг келишини кутиши керак эмас, аҳоли орасида юриб профилактика ва тиббий маданиятни ошириш билан шуғулланиши лозимлигига   алоҳида эътибор қаратилган. 

Вилоятда 2017-2020 йилларда дори таъминотини яхшилаш чора-тадбирларига асосан доривор ўсимликлар уруғидан ёғлар ҳамда йод маҳсулотларини ишлаб чиқариш, коврак ширасини экспорт қилиш йўлга қўйилди.

2018 йил ўрмон хўжаликларида маданий ҳолда 469 гектар ер майдонига 51 хил турдаги доривор ва озуқабоп ўсимликлар экилиб, ишлаб чиқариш ҳажмини 720 тоннага етказиш белгилаб олинди. Шу билан биргаликда Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ туманларида 5 гектардан ер ажратилиб, ҳар бир туманга 10 тадан фармацевтика саноати учун доривор ўсимликлар плантацияси ташкил этилди. 2017-2020 йилларда янги корхоналар барпо этиш, мавжуд корхоналарни модернизация қилиш орқали экспортбоп фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқиш дастурига асосан вилоятда маҳаллий дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқарилиши бўйича 24 миллион АҚШ доллари эвазига 13 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, айни пайтда уларнинг 8 таси тўлиқ рўёбга чиққан. Албатта, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар замирида шарафли соҳа вакилларининг машаққатли меҳнати ва бурчга садоқати ётади. Бугунги кунда вилоятимизда 5175 нафар шифокор, 32 минг 788 нафар ўрта тиббиёт ходими халқимиз саломатлигини таъминлаш учун меҳнат қилиб келмоқда. Тиббиёт ходимларининг эзгу мақсад йўлидаги саъй-ҳаракатлари, меҳнати эвазига шифокорлик касби юксак мақомга эришди. Биринчи Президентимиз ташаббуси билан 2006 йил 12 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси тиббиёт ходимлари куни сифатида нишонланиши ҳам соҳа вакиллари меҳнатига билдирилган юксак ҳурмат ва эъзоз ифодасидир.

Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo