Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мўмин АЗИЗОВ

20.11.2018


ХАНС КРИСТИАН АНДЕРСЕННИНГ КИТОБЛИК ИЗДОШИ

Эътиборлиси, Андерсен вафотидан 43 йил ўтиб, Қашқадарёнинг Китоб шаҳрида бўлажак сеҳрли эртаклар соҳиби Абдуғофир Шукуров дунёга келади. Бу йил унинг таваллудига 100 йил тўлди.

Абдуғофирнинг она томондан момоси Тансиқ Раҳматулла қизи жуда кўп эртаклар, афсона ва халқ қўшиқларини билган, халқ оғзаки ижодининг ажойиб дурдоналарини айтиб юрган. Унинг ардоқли фарзанди – Абдуғофирнинг онаси Саодат Иброҳим қизи ҳам уста эртакчи бўлган. Абдуғофир момоси ва онасидан қизиқарли эртаклар эшитиб катта бўлди.

23 ёшга қадам қўйганида, Иккинчи жаҳон уруши бошланиб, фронтга жўнади. Пенза, Тамбов, Водожянск, Мичуринск шаҳарларида жанг қилди. Воронеж шаҳрини душмандан тозалашда уч жойидан яраланиб, Қозоғистондаги ҳарбий госпиталлардан бирига келтирилди. Госпиталда уч ой ётиб даволанди ва жанг қилишга яроқсиз бўлиб қолганлиги учун туғилган юртига қайтарилди. Бу даврда фронт орқасида ҳам ўзига яраша қийинчиликлар мавжуд эди. Ишчи кучи етишмас, барча ишлар асосан аёлу қизлар, болалару қарияларга қолганди. Ана шундай оғир шароитларда Абдуғофир уруш ногирони бўлишига қарамай, қўл қовуштириб ўтирмади, ногиронлар артелига ишга кирди, кейин “Иқтисод” артелига ишга ўтди.

Уруш тугагач, Абдуғофир 1945 йилда шу гузарлик Хурсаной Тўраевага уйланади, бир йилдан сўнг оилада биринчи фарзанд Алиқул туғилади. Турмуш ўртоғининг падари бузруквори Тўрабобо ҳам эртакчи бўлиб, қизи ундан кўп эртаклар эшитиб болаликнинг ширин, беғубор дамларини бошидан кечирган. Абдуғофир ва Хурсаной ҳам бу анъаналарни давом эттириб, тўрт ўғил ва тўрт қизни сеҳрли эртаклар айтиб тарбиялашди.

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг юртимиз шаҳар ва қишлоқлари бўйлаб турли экспедициялар ташкил этилиб, халқ оғзаки ижоди намуналари –   достон, терма, мақол, топишмоқ, қўшиқ, эртак, афсонавий ривоятларни ёзиб олиб, нашр қилиш учун фольклоршунослар юборилади. Китоб шаҳрига ёш фольклоршунослар – Зубайда Ҳусаинова ва Фатҳулла Абдуллаев келишади. Улар маҳаллама-маҳалла, кўчама-кўча юришиб, одамлардан сўраб, эртакчиларни излашади. Улар кўпроқ ёши ўтган одамларни, асосий касб-коридан ташқари, Худо берган истеъдоди билан ажралиб турувчи кишиларни яхши билган инсонларга мурожаат қилишади. Тасодифни қарангки, тошкентлик бу икки фольклоршунос Маддоҳгузарда юришганида, Абдуғофирга дуч келишиб, унга мақсадларини айтишади. Абдуғофир сизлар излаётган одам Қори Раҳим бобо дейди. Улар Қори Раҳим бобо билан учрашганларида “Абдуғофир камтарлик қилибди. Тўғри, мен ҳам анча-мунча эртакларни биламан, аммо Китобда эртак айтишда Абдуғофирга тенг келадиган йўқ”, деган жавобни олишади. Фольклоршунослар Абдуғофирнинг олдига қайтиб келишиб, ундан эртакчилик фаолияти ҳақида гапириб беришни илтимос қилишади. Абдуғофир Шукуровнинг айтишича, у ўзи яхши билган ва севиб айтиб юрган 50 дан ортиқ эртакни асосан момоси ва онасидан ўрганган. Бу икки аёл билган эртаклар беҳад кўп бўлиб, Абдуғофир ана шу беқиёс хазинанинг бир қисминигина ёдда сақлаб қолган, холос. 1957 йилдаги биринчи учрашувда Зубайда Ҳусаинова ундан “Ғуломбачча” ва “Шамширбоз”, Фатҳулла Абдуллаев “Рустамзод ва Шерзод”, “Доро ва Искандарбек” эртакларини ёзиб олишади. Зубайда Ҳусаинова келаси йили яна Абдуғофир Шукуров хонадонига келиб, унинг ўз оғзидан “Дунёда йўқ ҳунар” ва “Рамузчи бобо” эртакларини ёзиб олади. Зубайда Ҳусаинова Абдуғофир Шукуров хонадонида яна уч марта бўлиб, ёзиб олинган эртаклар сонини ўнтага етказади.

Шунингдек, Абдуғофир Шукуровдан таниқли фольклоршунос олима Музайяна Алавия, Муҳаммаднодир Саидов, Шоназар Шоабдураҳмонов ҳам эртаклар ёзиб олишиб, уларнинг асл нусхалари Ўзбекистон Фанлар академияси ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтининг фольклор архивида сақланмоқда. Шунга қарамай, эртакчининг репертуари тўлиқ ёзиб олинмай қолди.

Абдуғофир Шукуровдан ёзиб олинган эртаклар фақат 1983 йилга келиб нашрга тайёрланиб, ўша йили Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида 30 минг нусхада чоп этилди. Китоб 1960 йилда Муҳаммаднодир Саидов томонидан ёзиб олинган эртак – “Кулса – гул, йиғласа – дур” номи остида чиқди. Эртаклар тўпламига сўзбоши ёзган филология фанлари номзодлари – Зубайда Ҳусаинова ва Баҳодир Саримсоқовнинг таъкидлашича, “Абдуғофир Шукуров репертуари ўзига хос хусусиятга эга. Бу ўзига хослик эса, энг аввало, унинг репертуари фақат сеҳрли эртаклардан ташкил топганлиги билан белгиланади. Бу бежиз эмас, албатта.

Маълумки, сеҳрли эртаклар халқ фантазиясининг буюк қудратини, унинг орзулари нақадар юксак парвоз қилишини намойиш этиш жиҳати билан эртакнинг бошқа турларидан ажралиб туради. Шу боисдан бўлса керак, киши оғир дамларда эртакларнинг хаёл қанотида парвоз қилиб, порлоқ истиқлол ҳақида орзу қилади. Балки Абдуғофир ана шунинг учун ҳам фақат сеҳрли эртаклар айтган. Дарҳақиқат, ўзи эътироф этишича, агар эртак киши чарчоғини қувиб, дилини ёзиб, руҳини тетиклаштирса, қоронғи қалбнинг қатларини чароғон қилмаса, кимга ҳам керак бўлади. Унинг бу фикри эртак жанрининг энг муҳим ижтимоий-эстетик вазифасини, ҳаётий моҳиятини тўла очиб беради”.

Абдуғофир Шукуров эртакларга аждодларимизнинг ноёб маънавий хазинаси сифатида қараб, уларни зўр эҳтирос, битмас-туганмас завқ-шавқ билан айтган. Уларни ёзиб олган фольклоршунослар эртак айтиш пайтида Абдуғофир аканинг кўзлари хиёл қисилиб, ададсиз хаёл пардаси билан қопланганининг гувоҳи бўлишган. Унда ҳар бир эртакни жуда босиқ, вазмин, салмоқ билан бошлаб, кейинроқ бориб эртак воқеалари билан боғлиқ ҳолда жўшиб айтиш одати бўлган. Сўзга чечан ва зукко бўлгани учун ҳам кенг тармоқли мазмундаги эртакларни хотирасида мукаммал сақлаш ва қизиқарли айтиб бериш истеъдодига эга бўлган.

Уч юз бетдан ортиқ тўпламга эртакчи репертуаридаги барча эртаклар эмас, балки фольклоршунослар томонидан ёзиб олинган 17 та эртак киритилган. Бу эса ҳар бир эртакнинг ҳажм жиҳатидан салмоқли эканлигидан далолат беради. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, Абдуғофир Шукуров асосан сеҳрли эртаклар ижро этганки, улар сеҳр-жоду, тилсим, фантастик уйдирмалар асосига қурилган бўлади. Тўпламга кирган эртакларда ёвуз кучлардаги адолатсизлик ва зулмга қарши кураш, эртак қаҳрамонларининг бу соҳадаги қатъияти, ғайритабиий жасорат баён этилади, паҳлавонлик ва қаҳрамонлик мадҳ этилади. Ана шундай сеҳрли эртаклардан бири “Кулса – гул, йиғласа – дур” номли эртакдир.

Унда фарзандсиз чол-кампирнинг Хизр ҳиммати билан қиз кўрганлиги, қизнинг кулса гул, йиғласа дур тўкилиши, юрса оёғидан тилла сочилиши каби ноёб хислатга эга бўлганлиги, буни эшитган подшо уни ўғлига келин қилиш ниятида элчи қилиб юборган аёл ва унинг қизи нияти бузилиб, бўлғуси келиннинг икки кўзини ўйиб олиб, ўзини қудуққа ташлагани, бир чол уни қутқариб, уйига олиб келиб ота-бола тутингани, шум ниятлилар ясаган сохта келиннинг кирдикорлари фош қилиниб, охири шаҳзода қизга уйлангани ҳикоя қилинади. Шум кампир ва унинг қизи отнинг думига боғланиб, қирқ чақирим узоқликдаги чангалзорга юборилади.

2017 йилда Тошкентдаги “Юрист-медиа маркази” нашриёти “Подшо билан вазир” номида ўзбек халқ эртакларини чоп этди. Унга энг сара, ўқишли эртаклар қаторида Абдуғофир Шукуров айтган “Кулса – гул, йиғласа – дур” эртаги ҳам киритилган.

Абдуғофир бобо нафақат маҳаллада, балки Китобда ҳам диний билимларни чуқур эгаллаган, ҳаёти эзгулик билан йўғрилган нуроний инсонлардан эди. У тиниб-тинчимасди, болаларни эртаклар билан сийларди, маънавият ва маърифат тарқатишда фаол қатнашарди. Ҳаёти эзгулик ва яхшилик билан боғланган Абдуғофир бобо 90 йил умр кўриб, 2008 йил 4 октябрда вафот этди.

Абдуғофир бобонинг кенжа ўғли Ҳабибулла билан машҳур эртакчининг ҳаёт йўли, фаолияти ҳақида узоқ суҳбатлашдик. У бизга отасидан эшитган “Яримта нўхат” эртагини жуда таъсирли қилиб айтиб берди. Унда икки ака-уканинг бир-бирига меҳрибонлиги, ҳамжиҳатлиги, акасининг тадбиркорлиги, узоқни кўзлаб иш юритгани туфайли қандай қилиб ёвуз дев чангалидан қутулиб қолгани баён қилинади.

Номи Ўзбекистон миллий энциклопедияси ва ўзи айтган эртаклар тўпламларида муҳрланган китоблик таниқли эртакчи Абдуғофир Шукуров ҳақида ёзар эканман, менда баъзи фикр-мулоҳазаларни билдириш истаги ҳам туғилди. Вилоятимизда қатор  нашриётлар фаолият кўрсатмоқда. Улардан бири ташаббус кўрсатиб, бундан ўттиз беш йил олдин нашр этилган Абдуғофир Шукуров айтган эртаклар тўпламини қайта нашр қилсалар, бундан воҳамиз эртаксеварлари баҳраманд бўлишарди. Шу асосда мактабгача таълим муассасаларида ҳам болаларга эртак айтиб беришни йўлга қўйиш фаолиятнинг ажралмас қисмига айланиши зарур. Зеро, фольклоршунос олимларнинг фикрича, болаликнинг хаёлот олами эртаклардан бошланади. Узоқ аждодларимиз томонидан яратилган, авлоддан авлодга ўтиб келган эртакларнинг боқийлиги уларда инсонпарварлик ғоялари мужассамлашганидадир. Бу ғоялар кишиларни, айниқса, ёш авлодни  маънавий камол топтиришда муҳим ўрин тутади.

Мўмин АЗИЗОВ,

тарихчи-журналист

 

Report typo