Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Хат ва ҳаёт

04.06.2019


Хат ва ҳаёт

САЙЛОВЛАР - ДЕМОКРАТИЯ КЎЗГУСИ

Яқиндагина юртимиз бўйлаб ўтказилган сиёсий тадбир - йиғин раислигига сайловлар фуқароларнинг ўз фикрини намоён этиш, халқпарвар, элга қайишадиган номзодлар раисликка келиши имконини берди.

Қарши туманидаги Қоратепа маҳалла фуқаролар йиғинида 7588 нафар киши истиқомат қилади. Сайловда аҳоли номидан 498 нафар вакил овоз беришда қатнашди. Ушбу жараёнда номзодларнинг аҳоли фаровонлиги ҳамда ҳудуд ривожига қаратилган дастурлари бирма-бир тингланди. Якунда энг кўп овозни Дониёр Абраҳматов олиб, йиғин раислигига сайланди.

Умуман олганда, бу йилги сайловларда ижобий ўзгаришлар кўп бўлди. Шу боис аҳоли вакиллари ҳам жараёнга эътибор билан қаради. Сайловларнинг ёпиқ овоз бериш йўли билан ўтказилгани эса ҳар ким фикрини ихтиёрий ифода этишига шароит яратди.

Анвар ЎТКИРОВ,       

Қоратепа хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежи директори

 

ОДАМИЙЛИГИ БИЛАН ҚАЛБЛАРДА МАНГУ ҚОЛДИ

Умр инсонга бир маротаба бериладиган бебаҳо неъматдир. Кимдир буюк кашфиёт яратиб, номини абадийликка муҳрласа, кимдир эзгу амаллари, Ватан ва халқ олдидаги буюк хизматлари, одамийлиги билан қалбларда мангу қолади. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Мирза Турсунов ибратли умр кечирган инсонлардан эди.

Мирза Турсунов Тошкент давлат институтининг юридик факультетини тамомлаб, вилоят ижроия қўмитасида ҳуқуқий маслаҳатчи сифатида иш бошларкан, хўжалик ишларини юритиш борасида яхшигина тажрибага эга бўлди. Орттирган билими ва меҳнатга муносабати сабаб ҳали ёш бўлишига қарамай уни вилоятнинг бош давлат арбитри лавозимига тайинлашди.

Бу даврда вилоят тез суръатларда ривожланди. Йирик қурилиш корхоналари ва заводлар қад ростлади. Шу орада Мирзо Ҳамроевич хўжалик низоларини қонун асосида ҳал қила оладиган мутахассис сифатида вилоят раҳбарларининг назарига тушди. Ислом Каримов, Нуриддин Зайниев каби раҳбарларнинг юксак эътирофи ва ҳурматига эришди.

Давлат арбитражи хўжалик судларига айлантирилиб, Мирза Турсунов вилоят хўжалик суди раислигига тайинланаркан, ушбу йўналишнинг оёққа туришига катта куч-ғайрат сарфлади. Соҳага ёш кадрларни танлаш, уларни тайёрлашнинг бошида турди. Унинг саъй-ҳаракатлари билан вилоят марказида хўжалик суди учун замонавий бино ажратилди, суд мажлислари заллари ва судьялар учун алоҳида хоналар, техник воситалар ҳозирланди.

Ҳалоллиги, тўғрисўзлиги ва билимдонлик хислатлари сабаб Олий хўжалик суди малака ҳайъати комиссияси раиси этиб сайланди. У кишини таниган, бир сафда фаолият юритган ҳамкасблари уни самимий, очиқ кўнгил инсон сифатида тилга олади. Ҳозирги ёш судьялар унинг ҳаёт йўлини намуна қилиб олса арзийди.

Ш.МАМАДИЯРОВ,

вилоят иқтисодий суди раиси

ВИЛОЯТ ПРОКУРОРИ КОСОНЛИКЛАР МУАММОЛАРИНИ ТИНГЛАДИ

Давлат раҳбарининг 2019 йил 8 январдаги қарори ҳамда 17 январдаги "Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ижроси бўйича вилоят прокурори Ботир Юсупов Косон туманида сайёр қабул ўтказди.

Амир Темур номидаги истироҳат боғида ўтган тадбирга вилоят прокуратураси, тумандаги 4 сектор раҳбарлари, маҳаллий давлат бошқаруви органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар масъуллари жалб этилди.

Қабул давомида 31 фуқаро 36 масала бўйича мурожаат қилди. Уларнинг 10 таси жойида қаноатлантирилди, 5 мурожаатга асосли тушунтириш ва ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. 21 масала ижроси назоратга олинди. Шу билан бир қаторда 7 кишига ногиронлик аравачаси, соғлиғидан шикояти бўлган 2 фуқарога шифохонада даволаниш учун ордер берилди.

Шу куни бўш иш ўринлари ярмаркаси, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари ва китоблар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

Ш.АҲМЕДОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Косон туманидаги Халқ қабулхонаси етакчи мутахассиси

 

ШАҲАР КЕНГАШИГА ЯНГИ РАИС САЙЛАНДИ

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Шаҳрисабз шаҳар ташкилотининг I таъсис конференцияси бўлиб ўтди. Унда давлат ва жамият ҳаётида партиянинг ролини кучайтириш, бошқа партиялар билан соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш каби масалалар муҳокама қилинди.

Конференцияда ташкилий масала кўрилиб, Ўзбекистон ХДП Шаҳрисабз шаҳар кенгаши раислигига партиянинг туман тизимини бошқариб келган Дилшод Ёров номзоди кўрсатилиб, бир овоздан маъқулланди.

У.ЖАББОРОВ,

Ўзбекистон ХДП вилоят кенгаши бўлим бошлиғи

 

ТАКРОРИЙ МУРОЖААТЛАРГА САБАБ НИМА?

 Кейинги вақтда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ижобий томонга ўзгараётгани сезилмоқда. Аммо ҳали-ҳануз эски қолиплардан қутула олмаётганлар учраб турибди. Аслида такрорий мурожаатлар вақт йўқотилиши, масала чигаллашувига олиб келади. Ўз навбатида қонунларга, ҳокимият вакилларига ишончсизлик юзага келади, бу давлат ва жамиятнинг олға юришига тўсиқ бўлади.

Хўш, такрорий мурожатларга нима сабаб бўлади ўзи?

Аввало, хатни олган масъулнинг эътиборсизлиги билан мурожаат ўрганилмаслиги, жавоб хати берилмаслиги, мурожаатдаги масалалар бўйича қонуний тушунтириш йўқлиги.

Иккинчидан, фуқаронинг мурожаатига мансабдорларнинг тарафбозлик билан муносабати, шундай пайтда фуқарони эмас, бир-бирини қўллаб-қувватлаши.

Учинчи сабаб - қандайдир манфаат эвазига кўра-била туриб қонунни бузган томонга ён босилиши.

Тўртинчиси - "юқори"да туриб, "қуйи"дагиларни писанд қилмаслик, "Қаерга ёзсанг ҳам қўлимга тушади" қабилидаги муносабат. Шуни пеш қилиб, мурожаат эгасига босим ўтказиш, аризани "ёпди-ёпди" қилишга уриниш.

Навбатдагиси - ваъдабозлик. Ҳақиқатдан узоқ, ёлғон жавоблар берилиши.

Аслида буларнинг бари ривожланишимизга халал беради. Халқ билан давлат ўртасидаги мулоқотни узиб қўяди. Шу сабаб ижро интизомини таъминлашда ўзибўларчиликка асло йўл қўйиб бўлмайди.

Раҳматилло МЕНГИРОВ, Қамаши тумани

 

ИНТЕРНЕТДАН ЗАРАР ЭМАС, ФОЙДА ОЛАЙЛИК

Баъзи кишилар бирор хабарни эшитишлари билан ҳамма ёққа тарқатишга шошиладилар. Бундан одамларга фойда борми, зарар борми, ўйлаб ўтирмайдилар. Оқибатда турли-туман ёлғонлар, кишилар орасида келишмовчилик юзага келади.

Хусусан, айрим мусулмонлар ҳам эзгу амаллар қолиб, "фалоний", "пистоний" лақабли мутаассибларнинг ижтимоий тармоқларда тарқатаётган иғволарига ишониб,  чалғиб юрибдилар.

Шу ўринда мутаассиб гуруҳларга тегишли интернет сайтларини фарқлаб олиш ҳамда бундан огоҳ бўлиш мақсадида, уларга тааллуқли саҳифаларнинг ўзига хос хусусиятларини келтирсак:

улар саҳифаларида ва гуруҳларида ўзларини ягона тўғри йўлда юрувчилар деб ҳисоблаб, тарғиботига эргашмаганларни кофир санашади;

иймон келтирмаган ёки    бошқа динга эътиқод қиладиган ҳар қандай кишини душман деб айтишади;

ўзларининг жиноятчи тўдабошиларидан бошқа олимларни қоралаб, уларни ҳақоратлашади ва ёмонотлиқ қилишади;

давлат ҳокимиятига нисбатдан норозилик кайфиятини уйғотиш ва мавжуд камчиликларни бўрттириб кўрсатиш орқали одамларни ваҳимага солишади;

халқ билан гўёки яқинлигини билдириш мақсадида одамларнинг қийинчилиги ва ташвишларига "шерик" қилиб кўрсатишади, аслида эса уларнинг диний туйғуларидан усталик билан фойдаланишади;

Хўш, бундай фитна ва хатолардан омонда бўлиш учун нима қилиш керак?

Биринчидан, Аллоҳ таолонинг кузатиб турганини, У зот ҳамма нарсадан воқиф эканини доим ҳис қилиб туриш лозим.

Иккинчидан, интернетга муайян вақтларда, ўз олдига муайян вазифа ва аниқ мақсадни қўйган ҳолда кириш  керак.

Учинчидан, ўзи айтаётган, эшитаётган, нақл қилаётган ва ўқиётган нарсалар ҳақида ишончли илмга эга бўлиш лозим.

Таъкидлаш жоизки, ҳозирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги барча диний таълим муассасалари ҳамда вилоят ва шаҳар вакилликларининг расмий диний-маърифий сайтлари, ижтимоий тармоқларда каналлари мунтазам юритилади. Улар орқали барча диний-маърифий масалаларга асосли ва аниқ жавоб топиш мумкин. Бошқа чет эл сайтлари ва номаълум каналларга ҳеч қандай муҳтожлигимиз йўқ.

Азамат УСМОНОВ,

Касби туманидаги Фазли жоме масжиди имом-хатиби

 

Report typo