Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИГА ЖАВОБ БЕРМАЙДИГАН 21 ТА АТТРАКЦИОН ҲАМОН ФОЙДАЛАНИШДА, 34 КЎПРИК ЭСА БУТУНЛАЙ ЯРОҚСИЗ

Ўз мухбиримиз

04.02.2020


ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИГА ЖАВОБ БЕРМАЙДИГАН 21 ТА АТТРАКЦИОН ҲАМОН ФОЙДАЛАНИШДА, 34 КЎПРИК ЭСА БУТУНЛАЙ ЯРОҚСИЗ

Ўтган йили вилоят ҳудудида 15 маротаба фавқулодда вазият содир бўлган. Улардан 11 таси техноген, қолгани табиий хусусиятли фалокат, дея таснифланган. Кузатилган ана шу фавқулодда вазиятлар натижасида 35 нафар фуқаро турли даражада тан жароҳатлари олган бўлса, 27 киши вафот этган.

Ушбу маълумотлар Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш Давлат ҳудудий қуйи тизими фаолиятининг 2019 йил якунлари ва 2020 йилдаги вазифалар бўйича ўтказилган йиғилишда баён қилинган.

Қўшимча қилинишича, ўтган йили вилоят ҳудудида рўй берган техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг 7 таси йўл-транспорт, 2 таси газ-ҳаво аралашмаси чақнаши, яна 2 таси сувда чўкиш ҳодисалари билан боғлиқ. Бултур кузатилган инсонларни чақмоқ уриши (1 та ҳолат), овқатдан оммавий заҳарланиш (1 та ҳолат) ва кўчки (2 та ҳолат) эса табиий хусусиятли фавқулодда вазиятлар тоифасига киритилган.

Булардан ташқари, вилоятда 2019 йилда 1086 ҳолатда (ўсиш ундан аввалги йилга нисбатан  5,8 фоиз) ёнғинлар қайд этилган бўлса, 4 ҳолатда 141 нафар фуқаро қўлбола усулда тайёрланган консерва маҳсулотларидан заҳарланган. Бунинг натижасида эса 3 киши вафот этган.

Таҳлиллар шуни кўрсатганки, ўтган йили кузатилган фавқулодда вазиятларнинг рўй беришига асосан автомобиль йўлларининг таъмирталаблиги; ҳайдовчиларнинг тезликни меъёридан ошириши; огоҳлантирувчи йўл белгиларининг мавжуд эмаслиги ёки стандарт талабларидан келиб чиқиб ўрнатилмагани; қурилиш, техника, ёнғин хавфсизлиги, санитария-гигиена қоидаларига риоя этмаслик  кабилар сабаб бўлган.

Маълумки, ҳар қандай фавқулодда вазиятнинг оқибатларини бартараф этишдан кўра, унинг ёки у келтириши мумкин бўлган талафотларнинг олдини олиш афзал ва муҳим. Ана шу мақсадда амалга оширилган профилактик тадбирлар натижасида аниқланишича, вилоятда мавжуд 1531 та кўприкдан 210 таси тамиртаълаб ҳолатда. Шундан 34 таси эса бутунлай яроқсиз ҳолга келган.

Йиғилишда Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси (2 та), Автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси (20 та), ҳудудий ободонлаштириш бошқармалари (34 та) ўз балансларида бўлган кўприкларни таъмирлаш учун маблағ ажратиш масаласини ҳамон ҳал этмай келаётгани алоҳида қайд қилинган.

Шунингдек, вилоятдаги маданият ва истироҳат боғларида ўрнатилган аттракционлар ҳолати ўрганилиши натижасида белгиланган талабларга жавоб бермаслиги аниқланган 44 та потенциал хавфи юқори қурилмадан 21 таси ҳамон фойдаланишда. Лекин мутасаддилар томонидан бу масалада ҳам бирор-бир аниқ чора кўрилмасдан қолмоқда.   

Яна, кўчки ва сел хавфи мавжуд ҳудудларда истиқомат қилувчи 18 оила (126 киши яшайди) маҳаллий ҳокимликлар томонидан ер участкалари ва зарур маблағ   ажратилмагани сабаб бошқа ерга кўчирилмасдан қолаётгани, юқори босимли газ қувурларининг  ҳимоя зоналарида ўзбошимчалик билан қуриб олинган 44 ноқонуний қурилмадан 42 таси ҳамон бартараф этилмагани масъулларнинг кўриниб турган беэътиборлик, бепарволик, масъулиятсизлиги ифодаси, дея баҳоланса, хато бўлмайди. 

Тегишли назорат органлари томонидан мактабгача таълим бошқармаси тизимидаги ташкилотлар раҳбарларига тақдим этилган ёнғин хавфсизлигига оид ёзма кўрсатмаларнинг 56 фоизи, халқ таълими бошқармаси тизимида эса 52,6 фоизи бажарилмасдан қолгани ҳаммасидан ошиб тушди. Ахир бу кўрсатмалар аввало ушбу  тизимларда ишловчилар, ўқувчи ва болалар хавфсизлиги учун киритилган-ку, наҳот тушунишмаса?!

Умуман, юқорида тилга олинган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш учун улар билан боғлиқ қандайдир фавқулодда вазият рўй беришини кутиб ўтириш ярамайди. Аксинча йўл тутаётган мутасаддилар эса бир кун панд еб қолишлари ҳеч гап эмас.

Йиғилишда қайд қилинган қатор масалалар ечими ва йўналишда жорий йилда олиб бориладиган ишлар юзасидан вазифалар белгилаб олинган.          

         Ўз мухбиримиз

Cобир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo