Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

16.02.2021


Хитой ва Туркия технологияси асосида ўсимлик ёғи ва ун ишлаб чиқарилади

Вилоят божхона бошқармаси томонидан божхона органларига юклатилган вазифалар ҳамда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг соҳага оид бандлари ижросини таъминлаш мақсадида тадбиркорлик субъектлари билан доимий равишда учрашув ва сайёр қабуллар ташкил этилмоқда.

Мазкур йўналишдаги навбатдаги учрашув Қарши шаҳрида жойлашган “Asian golden oil” масъулияти чекланган жамиятида уюштирилди.

Корхонанинг ҳозирги кундаги асосий фаолияти ўсимлик ёғи ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Хитой Халқ Республикасидан олиб келинган замонавий технологик ускуналар ёрдамида кунига 50 тонна кунгабоқар маҳсулоти қайта ишланиб, сифатли ўсимлик ёғи тайёрланмоқда.

Истеъмолчилар учун қулай бўлган 1 литрдан 5 литргача ҳажмли идишларга қадоқлаб чиқарилаётган ўсимлик ёғи ички бозорни таъминлаш билан бирга, экспортга ҳам йўналтирилаётгани эътиборга молик.

Тадбиркор мамлакатимизда яратилган имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда ўз фаолиятини янада кенгайтириш чораларини кўрмоқда. Аниқроғи, жорий йилда 2 та янги лойиҳани ишга туширишни режалаштирган.

Биринчи лойиҳа бўйича Хитой Халқ Республикасидан олиб келинган қиймати 2 миллион 536 минг АҚШ долларилик технологик ускуналар ўрнатиш ишлари бошлаб юборилган. Жорий йилнинг иккинчи чорагида ишга туширилиши кўзда тутилган лойиҳа асосида кунига 200 тонна хом ашё қайта ишланиб, ўсимлик ёғи ишлаб чиқарилади.

Иккинчи лойиҳа бўйича Туркиядан қиймати 1 миллион 500 минг АҚШ долларилик технологик ускуналар олиб келинган бўлиб, ҳозирда монтаж ишлари олиб борилмоқда. Шу йилнинг биринчи чораги якуни билан лойиҳа ишга тушса, суткасига 250 тонна буғдой қайта ишланиб, ун маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.

Асосийси, бунинг натижасида маҳаллий 200 нафар ёшлар ва аёллар доимий иш билан таъминланади.

Учрашув давомида божхона соҳасида тадбиркорларга яратилган қулайликлар, маҳсулотларни экспортга расмийлаштиришдаги енгилликлар хусусида тушунтиришлар берилди.

Report typo