Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ШУҲРАТОВ

18.12.2018


ХОРИЖ ТЕХНОЛОГИЯСИ АСОСИДА МИЛЛИЙ МАҲСУЛОТ ИШЛАБ ЧИҚАРИЛМОҚДА

Орадан бир йил ўтиб эса мазкур ташаббус самарали рўёбга чиқиши таъминланди. Маҳаллий ишбилармонлар саъй-ҳаракати билан воҳада биринчи марта замонавий телевизор ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона ишга туширилди. Ушбу корхона жойлашган Қарши туманидаги жой 10 йилдан ортиқ вақт мобайнида қаровсиз ётгани, истиқболли лойиҳани амалга ошириш шарти билан бу давлат мулки объекти инвесторга берилгани ҳам алоҳида аҳамиятга молик. Илгари қишлоқ хўжалиги мақсадида фойдаланилган мазкур бино қисқа даврда буткул янгиланди, талаблар асосида таъмирланиб, ишлаб чиқариш жараёнига мослаштирилди.

Эътиборлиси шундаки, бу фаолиятни ташкил этишга соҳадан умуман йироқ кишилар эмас, балки шунинг ичида юрган тадбиркорлар бел боғлади. Узоқ йиллар маиший техника савдоси билан шуғулланган бу ишбилармонлар ишни аввало ривожланган мамлакатлар тажрибасини ўрганишдан бошлашган.

- Шу пайтгача телевизор сотган бўлсак-да, турган гапки, уни ишлаб чиқариш биз учун янгилик, - дейди "Ўзэлтехсаноат" акциядорлик компанияси таркибига кирувчи "Biss electronics system" масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Шуҳрат Муратов. - Шу сабабли жараён билан яқинроқ танишишга аҳд қилгандик. Жорий йил бошида бу борада дунёда етакчи саналган хориж мамлакатига бордик. У ердаги маиший техника ишлаб чиқарувчи 30 га яқин компания ишини кўздан кечирдик. Қиймати 8 миллион АҚШ долларига тенг ускуна харид қилиш истаги ҳам туғилганди. Аммо йирик линияни олиб келиб, валютани беҳуда сарфлагандан кўра, унинг маълум бир қисмини харид қилишни маъқул кўрдик. Негаки телевизор учун керакли эҳтиёт қисмларнинг муайян турлари мамлакатимизда ҳам тайёрланмоқда. Шу тариқа маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан кооперация асосида ҳамкорлик қилишни бошладик. Бу эса маҳсулот таннархи мақбуллашишига хизмат қилди. 3 ой аввал мазкур қувватни ишга туширишга эришдик.

Тадбиркорнинг айтишича, бугунги кунда айрим турдаги деталлар, хусусан, термопласт, картон қоғози, плата ва бошқа бутловчи маҳсулотларни мамлакатимиздаги корхоналар  етказиб бермоқда. Натижада тайёр маҳсулот таркибида маҳаллий хом ашё улуши 30 фоизга етган. Телевизорни ишлаб чиқаришда 7 турдаги usb-кабелларидан фойдаланилади. Уни ҳам маҳаллийлаштириш имкони мавжуд. Ишбилармон бунинг учун қўшимча ишлаб чиқаришни  йўлга қўйиш ниятида.

Корхонанинг муваффақиятли ишга тушишида тижорат банки кредити ҳам анча қўл келган. Жорий йил май ойида молия муассасаси томонидан бу лойиҳага 3 миллиард сўм миқдорида сармоя киритилган. Ушбу маблағ эвазига хориждан йиғиш линияси ва синов аппаратлари, 8 минг дона телевизор ишлаб чиқаришга етувчи бутловчи қисмлар келтирилган. Ўз навбатида мулкдорлар ҳам ўз ёнидан яна шунча инвестиция харж қилишган.

- Тўғри, бир қарашда бу йўналишда рақобатга дош бериш қийиндек туюлади, чунки бозорнинг асосий қисмини импорт товарлар эгаллаган, - дейди корхона директори Сардор Ғайбуллаев. - Бироқ маҳсулотимизнинг кўрсаткич даражаси юқори экани ҳам бизга бунда устунлик бермоқда. Биринчи галда уни ишлаб чиқаришда Япония технологиясига мурожаат қилганмиз. "Philips" ва "LG" сингари тан олинган компаниялар билан ҳамкорлик қилаяпмиз. Телевизорга ўрнатилаётган асосий деталлар шу брендларга тегишли. Қолаверса, маҳсулот таннархи пастлиги ҳам унинг харидоргирлигини таъминлаяпти. Ҳозиргача 3 минг дона LED-телевизор реализация қилингани ҳам бунинг тасдиғи бўла олади. Бугунги кунда бир қанча вилоятларда дилерларимиз ҳам бор. Асосийси, истеъмолчига импорт ўрнини босувчи маҳсулот таклиф эта олаяпмиз.

Албатта, юқори технологияни бошқариш учун ҳам малакали мутахассислар талаб қилинади. Корхона раҳбарияти аввалданоқ бунинг чорасини кўрган. Соҳага яқин мутахассислик бўйича таҳсил олган ёшлар ишга жалб қилинган. Уларни бир ой давомида хитойлик мутахассислар ўқитган. Ҳозирда корхонада 40 га яқин ёш йигит-қиз меҳнат қилмоқда.

- Қарши ахборот технологиялари коллежини компьютер муҳандислиги техниги йўналиши бўйича шу йил тамомладим, - дейди Лобар Зокирова. - Бу ерга ишга кирганимга эса 3 ой бўлди. Зарур кўникмани эгалладим. Маҳсулотни конвейер усулида йиғамиз. Ҳар бир ишчи  маълум деталлни ўрнатишга масъул. Кунига 100 дан ортиқ телевизор ишлаб чиқарамиз. Ҳозир эса диагонали 32 дюйм экранли телевизорни ишлаб чиқараяпмиз. Мамлакатимиз аҳолиси қўлига етиб бораётган ушбу юқори технологияли маҳсулотда кичик бўлса-да, ҳиссам бор эканидан хурсандман.

Корхона раҳбариятининг билдиришича, бугунги кунда телевизорнинг фақат икки тури - 32 ва 43 дюйм экранлисини барқарор ишлаб чиқариш ўзлаштирилган. Мавжуд қувват эса ойига 4500 дона маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради. 2019 йилда бу турдаги маиший техниканинг яна 2 хили - экрани 50 ва 55 дюймлисини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш кўзда тутилган. Бу маҳсулотларни "смарт-тв" ақлли қурилмаси билан жиҳозлаш ҳам режа қилинган. Яна бир жиҳати, мазкур тадбиркорлик субъекти томонидан бошқа бир электротехника жиҳози - замонавий     чангютгичларни йиғишга ҳам киришилган. Маҳсулотнинг дастлабки партияси аллақачон харидорларга етказиб берилган.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, айни вақтда вилоятимизда "Ўзэлтехсаноат" акциядорлик компанияси таркибига кирувчи 2 та корхона фаолият юритмоқда, холос. Албатта, бу воҳамиз истеъмол бозори учун камлик қилади. Ҳалигача ҳудудда электротехника саноатининг муҳим йўналишлари ташкил этилмаган. Компания матбуот хизмати раҳбари Намоз Толиповнинг сўзларига кўра, келгусида бу борада ҳам фаол иш олиб бориш белгиланган. Жумладан, чет эллик инвесторлар билан ҳамкорликда бир қанча лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш мўлжалланган. Янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш учун хорижлик ишбилармонларга вилоятимиздаги бўш турган давлат мулки объектлари таклиф қилинмоқда. Агар бу ташаббуслар ҳам амалга ошса, ҳудуд иқтисодиётида саноатнинг мазкур тармоғи улуши янада ортишига умид қилиш мумкин.

М.ШУҲРАТОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo