Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 апрел, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ў.МЕЙЛИЕВ

07.02.2020


ХУДОЙҚУЛ БОБОНИНГ КЎПРИГИ

Савоб иш

Чироқчи туманининг Қалқама қишлоғида яшовчи 95 ёшли  Худойқул бобо Яхшибоев Ҳажга бориш учун йиққан маблағи  ҳисобидан қишлоқдошлари учун янги кўприк қурдирди.

Қалқама қишлоғи тоғ ва тоғ олди ҳудудида жойлашган йигирмага яқин кичик аҳоли пунктларини ўз ичига олади. Зарафшон ва Ҳисор тоғ тизмаларининг давоми бўлган Қоратепа тоғи этакларидаги 10 та сойда 10 та қишлоқ жойлашган. Ўртада эса Қумдарёнинг серсув ирмоқларидан бири - Говхонасой оқади. Сойнинг ҳар икки ёнида яшовчи аҳоли учун кўприк сув ва ҳаводек зарур. Шу боис қишлоқ одамлари асрлар давомида табиат буҳронлари билан курашиб, икки соҳилни бир-бири билан боғлаб турадиган қўлбола кўприклар қуриб, улардан фойдаланиб келишган.

- 1950 йилда қишлоқдошлар йиғилиб, ҳашар йўли билан кўприк қурган эдик, - дейди Худойқул бобо. - Аммо уни сел бузиб кетди. Кейинчалик кўприкни яна 3 марта қайта тикладик, лекин фойдасиз. Шундан сўнг бу ерда барча талабларга мос, мустаҳкам кўприк қурмасак бўлмаслигини тушундим.

Худойқул бобонинг 9 нафар ўғли бор. Улар отахонни Ҳажга юбориш тараддудида эди. Лекин бобо қишлоқ болалари мактабга бориб-келишга, одамлар чорва молларини далага олиб чиқишга жуда қийналаётганини ўйлаб, муқаддас зиёрат учун йиғилган пулга сой устига янги кўприк қуриш режаси борлигини билдирди. Ўғиллар ҳам отанинг гапини икки қилишмади.

Шундан сўнг Худойқул бобо бошчилигида қисқа муддат ичида сойнинг энг қулай жойидан узунлиги 25 метр, эни эса 3 метрга тенг анчагина маҳобатли ва мустаҳкам кўприк барпо этилди.

Қишлоқ одамларининг таъкидлашича, энди фарзандлари бехавотир мактабга бориб-келишмоқда. Қишлоқлар ўртасидаги транспорт ҳаракати ҳам тўлиқ қайта тикланган. Икки соҳилни бир-бири билан боғлаган иншоотни эса қалқамаликлар "Худойқул бобонинг кўприги" деб аташади.

Ў.МЕЙЛИЕВ

Report typo