Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдунаби АБДИЕВ

23.08.2019


ХУШОМАДГЎЙНИНГ БЎЙИН ОҒРИҒИ

Маҳкамабозликнинг томири чуқур илдиз отган, аммо тан сиҳатлиги жойида эмас, анча мункиллаб қолган. Ёшини яшаб, ошини ошаган "қария"дан зуғумдан бошқа нимани ҳам кутиш мумкин? Бу аҳволда навқирон шаффофлик тез орада хаста қариянинг оёғидан чалиб, даврадан чиқариб юборишига умид қиламиз.

* * *

Бир дўстим маоши ошганидан севиниш ўрнига ҳасрат қилди:

- Яна нарх-наво ошадиган бўлибди-да, ҳар ҳолда дўкондорларга инсоф берсин...

* * *

Бир ҳайвоннинг табиат қонунияти бўйича иккинчисини ейиши ваҳшийликми? Йўқ, бу яшаш учун кураш. Аммо бир инсоннинг ўз роҳат-фароғати йўлида иккинчисини хўрлаши ваҳшийликдан ҳам тубан ҳодисадир.

* * *

Яхшиямки, қаланғи-қасанғи қўшиқлар ва уларнинг ижрочилари даври бироз чекинди. Бир муддат маънавиятни ҳам, маърифатни ҳам "бир, икки, уч" қабилидаги маза-матрасиз қўшиқлар ҳамда уларнинг ижрочилари белгилаб беришди ва оқибат ҳаётнинг мазмуни ҳам шу қўшиқларда деган тушунча ҳосил қилишимизга сал қолганди.

* * *

У давраларда зўр бериб ноҳақликдан, амалдорлар бедодлигидан нолийди, йиғилишларда эса бош ирғаб, ўзидан ҳукми зўрларнинг гапини маъқуллайвериб, бечора бўйинга зуғум қилади.

ИБРАТЛИ РИВОЯТ

Бир элнинг ҳукмдори ўз чўл раиятида яшовчилар турмуш тарзи билан танишиш мақсадида вазиру вузаролари шериклигида йўлга чиқибди. Қараса, кўпгина қишлоқларнинг аҳволи хароб, ободончиликдан, боғ-роғлардан дарак йўқ, ҳеч ким чўлга сув чиқаришнинг тадоригини кўрмаган. Уларга оқсоқол сайлаб берибди. Аммо навбатдаги аҳоли манзилгоҳига келиб, ҳайратга тушибди. Бу қишлоқ бошқаларидан ҳам саҳронинг ичида жойлашган бўлса-да, ариқларда сув шарқираб оқаётган, боғ-роғлар қийғос гулга ўтирганмиш.

Ҳукмдор мулозимларига буюрибди:

- Одамлари билан суҳбатлашиб, бу қишлоқнинг ободлиги сабабини билиб келинглар.

Кўп ўтмай мулозимлар қайтиб келишибди:

- Бу элда ҳамма бир оқсоқолнинг оғзига қарар, унинг маслаҳати билан иш тутар, айтганларини киприк қоқмай бажарар, фаровонликнинг сабаби шунда экан.

Ҳукмдор яна топшириқ берибди:

- Қишлоқ аҳлини бир ерга тўпланг.

Ҳамма ялангликка йиғилгандан сўнг ҳукмдор уларга қараб:

- Мақсадим сизларга оқсоқол сайлаш эди, келиб-кўриб бунинг ҳожати йўқлигини англадим, бу ернинг ҳар бир одами оқсоқол бўлишга арзиркан, - дебди.

Орадан йиллар ўтиб ҳукмдор тағин чўл раиятларига боришни ихтиёр этибди. Айланиб кўрса, ўзи оқсоқол тайинлаган қишлоқларда анчагина ободончилик ишларига қўл урилган, аммо ўша обод қишлоқдан эса қуруқ судур қолган эмиш. Кўпгина хонадонлар кўчиб кетган, уйларнинг ҳоли хароб, боғ-роғлардан асар ҳам қолмаганмиш. Ҳукмдор яна мулозимларига топшириқ берибди:

- Бу не синоат бўлди, сабабини билиб келинглар.

Мулозимлар қишлоқ оралабди, одамлар билан суҳбатлашибди, натижани ҳукмдорга баён этишибди:

- Ўша сиз келиб, "Бу элга оқсоқолнинг ҳожати йўқ экан, ҳар бирингиз бундай шарафга қодирсизлар", деб кетганингиздан сўнг ҳеч ким оқсоқолнинг оғзига қарамай қўйибди, ҳамма оқсоқоллик даъво қилибди, натижада элдан файз-барака кўтарилибди.

- Мен аҳолининг аҳил-иноқлигини синовдан ўтказмоқчи эдим, мақсадимга эришдим, кўпни кўрган кишининг оғзига қарамаган элда файз бўлмайди, машойихлар "Қаринг бор - паринг бор" деб бежиз айтишмаган. Аҳолини йиғиб, олдинги оқсоқолни топиб келинглар, уни ҳурмат-иззат билан ўз жойига тайинлаб кетайлик...

ҒАЛАТИ "КЎРГАЗМА"

1

Ишдан чарчаб уйга келганимда хотиним оғзи қулоғида қарши олди:

- Дадаси, эшитдингизми, нафақам ошганмиш.

- Табриклайман, - дедим унинг кўнглини қолдирмай.

Маликаи беозор энг кам иш ҳақи миқдорида қарилик нафақасига чиққан. Ишлаган даври атиги ўн уч йил бўлиб чиқди. Қолганини бола тарбиясига сарфлаган. Ахир саккиз болани дунёга келтириб, олти нафарини    вояга етказиш анча оғир меҳнат-да. Аммо негадир нафақага чиққанда бу инобатга олинмас экан.

Орадан кўп ўтмай ишдан қайтиб, турмуш ўртоғимни лаб-лунжи осилган ҳолда учратдим.

- Ҳа, нима бўлди? - сўрадим қизиқсиниб.

- Ҳаммаси ёлғон экан, бугун нафақа пулимни олдим, миқдори ўша-ўша...

Дунёнинг ғалати кўргазмасини қаранг, шу куни "ойнаи жаҳон"да кимдир мошинига фалон миллион сўмга рақам сотиб олгани хабар қилинди.

- Шунча пулни оддийгина "номер" учун сарфлабдими, бунча пулни қаердан олган экан-а, - хўрсиниб сўради "домашний прокурор".

Сездирмасдан сўз билан чимчилаб олдим:

- Нафақаси сеникидек кам эмасдир-да...

2

Турмуш ўртоғим ҳали-ҳамон менга сездирмай телевизор қарайди: "қачон нафақам ошаркин", аммо сира нияти ижобат бўлмайди. Кунлардан бир кун "ойнаи жаҳон" сухандони мамлакатимизда мошиналар ойнасини тонировка қилишга фалон миллион сўм ҳисобига рухсат этилиши мумкин эканлиги ҳақидаги хабарни ўқиди. Бунинг устига қайсидир каналда уч-тўрттаси чиқиб олиб, гап талашишди.

- Тонировкаси нима дадаси? - жим туролмади хотинпошша.

- Мошинанинг ойнасини қорайтириш. Шундай қилмаса, айрим оқбилак ойимларнинг бадани иссиқда куйиб қолармиш.

- Вой-бў, - ҳайратини яширолмади маликаи беозор, - шугинага фалон миллион сарфлаш? Шунча пулларини ташлашга жой топишолмай қолибдими одамлар, тағин атиги биргина йилга-я...

Хотинга жавоб тополмай мум тишладим...

СЎЗНИНГ ҚУДРАТИ

Бир куни сомонийлар давлати ҳукмдори Исмоил Сомоний мамлакат бўйлаб сафарга чиқибди. У шериклари билан тоғолди Мўлиён қишлоғига келгач ҳайратдан донг қотибди. Бу масканда боғ-роғлар яшнаган, чаман ичра булбуллар нола қилган, одамлар бир-бирига хушмуомала, кўнгилни оғритгувчи бирон нарса йўқ эмиш, шунда шоҳ:

- Раиятимда бундай гўзал маскан борлигини билмаган эканман, энди менга тож ҳам, тахт ҳам керак эмас, умрим поёнигача шу ерда оддийгина гузарон кечиришни ихтиёр этдим, - дебди.

Сарой аҳли қанча ялиниб-ёлвормасин, ҳукмдор фикрини ўзгартирмабди. Улар ноилож шоҳсиз аркони-давлатга қайтишга мажбур бўлишибди. Йўлбошчисиз қолган мамлакатда бошбошдоқлик бошланибди. Не-не вазиру вузаролар, пир ва шайхлар Мўлиёнга келиб шоҳни тахтни эгаллашга рози этишолмабди. Шунда кимдир:

- Абу Абдуллоҳ Рудакийдан кўмак сўрасак-чи, балки ул зоти мукаррам ҳукмдорнинг юрагига йўл топиб билар, - деган таклифни ўртага ташлабди.

Ўшанда буюк шоир сарой назм аҳлига етакчилик қилибгина қолмай, ўзи ёзган ғазалларга ўзи мусиқа басталаб, ширингина овозда қўшиқ ҳам куйлар экан.

Кўпчиликнинг хоҳишига кўра машҳур шоир ва бахши қўлига созини олиб, бир ўзи "қайдасан Мўлиён" деб йўлга чиқибди. У шоҳ қароргоҳига яқинлашгач,     отдан тушиб, созига овозини жўрлаб   қуйидаги ғазални баралла овозда айта бошлабди:

Бўйи жўйи Мўлиён ояд ҳаме,

Ёди ёри меҳрубон ояд ҳаме.

Мир моҳ асту Бухоро осмон,

Моҳ сўйи осмон ояд ҳаме...

(Маъноси: "Ана Мўлиён анҳорининг кишини сармаст қилгувчи ифори келмоқда, бу ифор меҳрибон ёрнинг нафаси, ёдини олиб келмоқда. Агар подшоҳ ой бўлса, Бухоро осмондир, ой осмон томон келмоқда).

Ушбу ғазални эшитган шоҳнинг ёди-хаёлига юрт, ёру-биродар васли тушиб, юракдан чуқур оҳ уриб, бир оёғига чориғини тортиб, иккинчиси яланг ҳолда отга миниб, Бухоро сари йўл олган экан"...

Абдунаби АБДИЕВ

 

Report typo