Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
16 апрел, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

15.03.2023


КИБЕРТАҲДИДДАН ОГОҲ БЎЛИНГ!

Матбуот анжумани

Юртимизда банк пластик карталаридаги пулларни талон-торож қилиш билан боғлиқ жиноятлар содир этилиши кундан-кунга кўпайиб бораётгани кузатилмоқда. Хусусан, вилоятимиз ҳудудида пластикдаги пулларнинг ноқонуний ўзлаштирилиши билан боғлиқ мурожаалар кўпаймоқда. Таҳлилларга кўра, бир кунда қайд этилаётган ушбу турдаги жиноятларнинг 10 тадан 9 таси ноаниқ шароитларда содир этилмоқда.

Бу ҳақда Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида  Аҳоли ўртасида Интернетдаги таҳдидларни барвақт олдини олишда тарғибот тадбирларининг мазмуни ва моҳияти мавзусида бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтиб ўтилди.

Унда вилоят ИИБ тезкор қидирув хизмати киберхавфсизлик бўлими бошлиғи подполковник Лазиз Жўраев, киберхавфсизлик бўлими етакчи ходими подполковник Ирода Расулова, ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсов иштирок этиб, соҳага оид долзарб масалалар хусусида фикр юритдилар.

Таъкидландики, ривожланган давлатлар қатори мамлакатимизда ҳам рақамли технологиялар ҳар бир соҳада кенг татбиқ этиб келинмоқда. Бугун интернет тармоғи кириб бормаган бирор бир хонадон  деярли қолмади.  Аҳолини барча қатламини кибертаҳдидлардан барвақт огоҳлантириш ва интернет тармоғидаги содир этиладиган жиноятлар қурбонига айланиб қолмасликларини олдини олиш мақсадида ИИБ ходимлари томонидан фуқаролар ўртасида фаол тарғибот тадбирлари ўтказилиб келинмоқда.

- Вилоятимизда сўнгги йилларда кибержиноятлар сони бир неча бараварга ошиб кетди, - деди Лазиз Жўраев. – Ўрганишлар давомида фирибгарлар пластик карта фойдаланувчиларига келган SMS хабарномадаги кодларни тўловни амалга ошириш, ютуқни бериш каби баҳоналар орқали эгаллаб, ундаги маблағларни ўзлаштириш, шахсий маълумотларни эгаллаш ва уларни ошкор қилиш билан қўрқитиб товламачилик қилишмоқда. Ижтимоий тармоқларда зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш, ҳақорат, суицид ҳолатлари кузатилмоқда. ИИБда 2022 йил давомида ушбу ҳолатлар бўйича келиб тушган мурожаатларнинг 54 фоизи “изи совумасдан” фош этилди.

Матбуот анжуманида ОАВ вакилларига бундай жиноятларга қарши тарғибот ва ташвиқот ишларини янада кучайтириш, Интернетдаги ҳуқуқбузарликлар ҳақида фуқароларни огоҳлантириб бориш тавсия этилди.

Тадбир давомида ОАВ вакилларининг саволларига соҳа мутахассислари томонидан батафсил жавоб берилди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Report typo