Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

16.11.2018


КИЧИК ҲАВЗАДА – ТОННАЛАБ БАЛИҚ

Ишбилармоннинг билдиришича, барча талабларга амал қилинса, бундай шароитда бир мавсумда луқмаи ҳалол ҳосилини 10 тоннадан ҳам ошириш мумкин. Биринчи йили хонадон соҳиблари 3 тоннадан кўп балиқни аҳоли дастурхонига тақдим этишибди. Жорий йилда эса маҳсулдорлик бундан-да юқори бўлиши кутилмоқда. Муваффақиятнинг сири эса улар қўллаётган интенсив усулда. Фан тилида ушбу усул ёпиқ сув айланма тизими деб аталади.

 - Мазкур янгилик юртимиз балиқчилик тармоғига энди-энди кириб келяпти, - дейди Шерзод Раҳимов. – Бу технологияни чет элдан ўрганиб қайтдим. Ҳеч иккиланмай, ўзимизда ҳам қўллашга қарор қилдим. Усти ёпиқ бино ичида 5 та махсус бокс қурдик. Ҳар бири 4 метрга 2,5 метр ўлчамда бўлиб, ёнма-ён жойлаштирилди. Айни технологиянинг ўзига хослиги шундаки, бу ҳолатда қишин-ёзин балиқ боқиш билан шуғулланиш мумкин. Негаки, ушбу тизим қурилмасидаги сувни иситиш имкони мавжуд. Ҳаво совуқ кунларда ҳам боксда муайян илиқ ҳарорат ўрнатилса, балиқлар бемалол жон сақлайди.  Шунингдек, ҳавза сувини кислородга тўйинтириш чораси ҳам кўрилган. Бунда аэрация усули жуда қўл келади. Бошқача айтганда, бир томондаги қувур орқали сув ҳавзага оқиб турса, бошқа томондан чиқиб кетади. Шу орқали циркуляция таъминланади, сув доим фильтрлаб турилади. Натижада озуқа ҳам, сув ҳам тежалади.

Дарҳақиқат, бу технология дунё балиқчилик саноатида анча оммалашиб улгурган. Кичик   ҳажмли ҳавзада балиқлар ҳаракати чекланиши ҳисобига уларнинг ривожланиши тезлашади. Парваришлаш жараёни давомийлиги узайиши эвазига    жониворларнинг вазн тўплаш суръати ҳам ошади.

Албатта, яхши янгилик тез овоза бўлади. Тез орада Шерзод Раҳимовдан ўрнак олган тадбиркорлар ҳам топилди. Қарши туманидаги, шу йил ташкил этилган “Биг агро фиш” масъулияти чекланган жамияти қошида худди шу усулда балиқ кўпайтириш бошланганига 6 ойдан ўтди.

- Кўп йиллар балиқчилик билан шуғулланганман, асосан очиқ сув ҳавзаларида табиий шароитда маҳсулот етиштирганмиз, - дейди тадбиркорлик субъекти раҳбари Аъзам Ражабов. -  Яқинда кўриб, мазкур интенсив йўналишга ҳам қизиқиб қолдим.  Самарасини билгач, сармоя тикишга аҳд қилдим. Банкдан 150 миллион сўм миқдорида кредит олдик. Ўз ҳисобимиздан 100 миллион сўм маблағ ҳам сарфладик. Тасарруфимиздаги бинонинг бир қисмини янги усулда балиқ боқишга мослаштирдик. Кичик-кичик 9 та ҳовуз барпо этилди. Ҳозиргача учта боксни сув айланма тизими билан жиҳозладик. 8 мингта чавоқ ташлаганмиз. Мана, айрим балиқлар қисқа фурсатда 1,5 килограммдан ортиқ тош босадиган бўлди.

Тадбиркорнинг сўзларига кўра, ҳамма турдаги балиқларни ҳам бу усулда боқиб бўлмайди. Балиқларнинг саноатлашган зотларигина бу шароитга мослаша олади. Ишбилармон бугунги кунда Африка лаққасини парваришлашга асосий эътибор қаратган. Чавоқларни сотиб олаётгани маҳсулот таннархига таъсир қилаётганини айтади. Шу боис келгусида инкубация цехи очиш мақсад қилинган. Етиштирилажак чавоқнинг бир қисми корхона эҳтиёжи учун ишлатилса, қолгани буюртма асосида ҳудуддаги хўжаликларга етказиб берилади. Товар балиқ реализациясини янада енгиллаштириш ниятида балиқхона ёнида махсус чойхонани ишга тушириш кўзда тутилган.

Аҳамиятлиси, кейинги йилларда вилоятимизда ҳам балиқ ишлаб чиқаришда интенсив технологияларни фаол жорий этувчи субъектлар сони янада кўпаяди. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг “Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори уларни янада руҳлантирди. Ушбу ҳужжатга асосан, мамлакатимиздаги балиқчилик хўжаликларини интенсив усулда балиқ етиштиришга ихтисослаштириш устувор вазифалардан бири этиб белгиланди. Янги тартибга мувофиқ, эндиликда сунъий сув ҳавзаларида балиқ етиштириш лойиҳаси учун ер участкаси фақат интенсив усул ва ресурстежамкор технология қўлланиши шарти билан ажратилади.

Президент қарорида балиқ етиштириш иншоотлари ва қурилмаларини барпо этишга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган. 2019 йилда вилоятимизда мавжуд инкубация цехлари сони яна биттага кўпаяди. Ушбу қувват йилига 50 миллион дона чавоқ етказиб бериш имконига эга бўлади. Ҳавзаларда 100 та қафас мосламаси ўрнатилади. Интенсив усул қўлланадиган кичик сув ҳавзалари майдони 36 гектарга, уларда балиқ ишлаб чиқариш 1800 тоннага кўпаяди. Битта ёпиқ сув айланма тизими ҳам бунёд этилади. Балиқни сақлаш ва қайта ишлашни йўлга қўйиш бўйича ҳам чоралар белгиланган. Шу йўналишда иш олиб борувчи янги цехларнинг барпо этилиши натижасида воҳамизда бу борадаги қувват қўшимча равишда 800 тоннага ортади.

- Ушбу қарор билан соҳа вакилларига кўплаб қулайлик ва имтиёзлар тақдим этилди, - дейди Қамаши туманидаги “Абдураҳимов Бобуржон” фермер хўжалиги раҳбари Ғани Ҳайдаров. – Ўз навбатида балиқчилик хўжаликларига зарур талаблар ҳам қўйилди. Янгиликка интилиш, ресурстежамкор технологияларни фаолиятга татбиқ этиш шулардан биридир. Ҳужжатда балиқчилик кластерини оммалаштириш ҳақида ҳам сўз борган. Яъни тадбиркорлик субъекти балиқ увилдириғи, чавоғи етиштириш, озуқа ишлаб чиқаришдан тортиб, тайёр маҳсулотни қайта ишлашгача бўлган барча жараённи ўзида жамлаши керак. Агар янги иш бошлайдиган кластернинг балиқ ишлаб чиқариш қуввати камида эллик тонна бўлса, у 2019 йил 1 январдан бошлаб уч йилга барча турдаги солиқлардан озод этилиши мумкинлиги таъкидланди. Эътиборлиси, хўжалигимизда ҳам бунга барча шароит мавжуд. Туманимиз ҳудудидаги сув омборини муайян муддатга ижарага олганмиз. Жорий мавсумда 40 тоннадан ортиқ товар балиқ ишлаб чиқардик. Бу дегани, яна ҳаракат қилсак, бу талабни ҳам бажара оламиз. Аста-секин бошқа йўналишларни ҳам йўлга қўямиз. Ҳозирдан чавоқ етиштиришни ўзлаштириш бўйича иш бошлаганмиз.

Турли витамин ва оқсилларга бой, саломатлик учун фойдали балиқдек тансиқ маҳсулот доим харидоргир бўлган. Мавжуд юқори эҳтиёжни қоплаш эса балиқчилик хўжаликлари зиммасига алоҳида масъулият юклайди. Жорий йилда воҳамизда ҳам бу борада зарур чоралар кўрилди. Мавсум аввалида мавжуд ҳавзалар 7 миллион 820 минг дона чавоқ билан балиқлантирилганди. Кўзланган мақсадга эришиш учун балиқчилик хўжаликларига 8,8 минг тонна омихта ем, минг тоннадан зиёд минерал ўғит етказиб берилди. Бу йўналишдаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан 16 миллиард сўмдан кўп молиявий кўмак тақдим этилди. 1 ноябрь ҳолатида эса вилоятимиз миқёсида 5 минг 831 тонна балиқ овланиб, аҳоли дастурхонига туҳфа этилди. Йил охирига қадар бу кўрсаткични 10 минг тоннага етказиш режалаштирилган.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Report typo