Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Таълим
  • КИМЁ ОЛИМПИАДАСИ ҒОЛИБИ ВА УНИНГ ЎҚИТУВЧИСИГА 15 МИЛЛИОН СЎМДАН ПУЛ МУКОФОТИ БЕРИЛДИ

Н.ХЎЖАЕВ

05.11.2019


КИМЁ ОЛИМПИАДАСИ ҒОЛИБИ ВА УНИНГ ЎҚИТУВЧИСИГА 15 МИЛЛИОН СЎМДАН ПУЛ МУКОФОТИ БЕРИЛДИ

Қарор ва ижро

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги "Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида ўқувчи-ёшларнинг илм эгаллашга бўлган иштиёқи ва интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларнинг халқаро фан олимпиадаларидаги муваффақиятли иштироки орқали халқаро майдонда мамлакатимиз нуфузини янада юксалтириш кўзда тутилган.

 Шунга мувофиқ, Халқ таълими вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамкорлигида халқаро фан олимпиадаларига тайёргарлик сифатида биология, математика, кимё, физика ва информатика фанларидан қўшимча республика олимпиадалари ўтказилмоқда. Иштирокчилар орасидан энг юқори балл тўплаган дастлабки 25 нафари Ўзбекистон терма жамоасининг саралаш босқичларида қатнашади.

Шу мақсадда илк бор Мирзо Улуғбек номидаги республика математика олимпиадаси 25-26 октябрь кунлари Бухоро шаҳрида ўтказилган бўлса, 29-30 октябрь кунлари Фарғона вилоятида Абу Райҳон Беруний номидаги кимё олимпиадасининг республика саралаш босқичи бўлиб ўтди. Унда вилоятимиздаги умумтаълим мактаблари ва давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатларидан 6 нафар 10-11 синф ўқувчилари қатнашди.

Эътиборлиси, мазкур олимпиадада Ғузор туманидаги 68-давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 11-синф ўқувчиси Қобул Хайитов 3-ўринни қўлга киритди. Рағбат сифатида унга ва кимё фани ўқитувчиси Тилов Тошпўлатовга  Халқ таълими вазирлиги ва Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан 15 миллион сўмдан пул мукофоти берилди.

Маълумот учун, 9 ноябрь куни Хоразм вилоятида Аҳмад ал-Фарғоний номидаги физика, 16 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Ал-Хоразмий номидаги информатика ва ахборот технологиялари олимпиадаларини ўтказиш режалаштирилган.

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo