Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Лола ЎРОҚОВА

05.05.2020


КИТОБЛИК СЎНГГИ АСКАР

Китоб тумани марказидан 30 чақиримлар узоқликда Паландара деган манзил бор. Айримлар Паландаранинг асл номини Баланддара, яна кимлардир Палангдара ёки Полвондара дейишади. Ҳудуд номининг қандай келиб чиқишидан қатъи назар бу ер Китобнинг қир-адирлар билан туташиб кетган, ҳавоси тоза, мевалари ширин-шакар, одамлари меҳмондўст сўлим масканларидан бири экани аниқ. Биз сизга ҳикоя қилмоқчи бўлган иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси Ниёз ота Рўзиев ҳам айнан ана шу жойда туғилиб ўсган.

Дарвоқе, Ниёз ота иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигини нишонлашга пешвоз чиқаётган, уруш даҳшатларини ўз кўзи билан кўрган китоблик сўнгги аскар. У киши ҳақида ёзмоқчи бўлганимни эшитиб қишлоқдошлари Ниёз отанинг китоб ўқишни яхши кўриши, яқин-яқингача қўлидан китоб тушмаганини айтиб қолишди. Суҳбатлашаётган пайтимда ҳам отахонга биринчи саволим китоблар ҳақида бўлди. 95 ёшга кирган кишига йиллар, айниқса, уруш даврининг суронлари таъсир қилмай қолармиди, қулоқлари анча оғир, қаттиқроқ гапирмаса эшитмайди, барибир саволимдан китоб сўзини тезда илғаб олиб,  бирдан юзи ёришиб кетди.

- Эй қизим, китоблар жон-у дилим, ўқимасам туролмайман. Навоий, Бобур дейсанми, Фурқат, Муқимий дейсанми, ҳаммасини ўқиб чиққанман. Энди Абдулла Қодирий, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Ўткир Ҳошимовни гапирмасам ҳам бўлади. Сенга айтсам, ўзбек ёзувчисининг бирор асари қолмаган мен ўқимаган. "Ўткан кунлар"ни  йигирма марта ўқигандирман. Агар янги китоб бўлмаса, илгари ўқиганларимни қайта-қайта ўқийверганман. Ҳар ўқиганимда завқ олиб, маза қилганман. Болаларимга, менга  бирор нарса илинсанглар, китоб олиб келинглар, дер эдим.

- Уйингизда китоб кўпдир, - дейман отахонни яна гапга тутиб.

- Қайда? Бу набиралардан китоб қолармиди? Ўқиган китобларимни йиғсам бир уй тўларди, набираларим олиб кетишади, уларнинг орасида ҳам менга ўхшаган китобсеварлари бор-да. Қизим Зулфия ҳозир пенсияда, мактабда адабиётдан дарс берган. Униям ўқимаган китоби қолмаган. "Республикада хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси" унвонига сазовор бўлган. Куч-қувватим борида туман марказидаги кутубхонага аъзо эдим ва фақат китоб олиш учун тушиб борардим. Кутубхонага киришим билан кутубхоначи қизлар мени кўриб: "Ана, Ниёз ака келдилар", деб қарсак чалиб юборишарди. Ҳар гал мен учун 10-15 та китоб тайёрлаб қўйишар, ола солиб тилла топган одамдай шошиб қайтардим. Ана шунақа, қизим.

Гапни секин уруш йилларига бураман. Отахоннинг ёришиб турган юзлари тундлашади. Сезаманки, у дамларни эслагилари келмайди. Барибир, сўраб оламан.

- Урушга 1942 йил кетиб, Калинин фронтида жанг қилганман.  Смоленск, Тула шаҳарларини озод қилишда    қатнашиб, ярадор бўлганман. Владимир шаҳридаги госпиталда даволангач, 2-Болтиқбўйи фронтида жанг қилдим. Ўнлаб шаҳарларни немислардан тозалашда қатнашиб, "Жасурлиги учун" медали билан тақдирландим. 1944 йил ноябрь ойида  иккинчи марта ярадор бўлиб, Ярославль областида госпиталда ётдим. Урушга яроқсиз деб топишди. 2-гуруҳ ногирони бўлиб қайтдим.

Ниёз ота сукутга чўмади. Биламан, орадан неча ўн йиллар ўтган бўлишига қарамай қўрқинчли тушга айланиб қолган уруш йилларини, ёмғирдай ёғилган ўқ овозларини, қонга беланган жангчи дўстларини эслаш оғир...

Ниёз отани чалғитиш учун урушдан кейинги ҳаётлари ҳақида сўрадим. Яна отахоннинг юзлари ёришиб кетди. Ўзлари туғилиб ўсган Паландаранинг Офтобрўя қишлоғидаги мактабда ишлагани, орада Бухоро педагогика институти тил-адабиёт факультетини тугатиб, олий маълумот олгани, аввал ўқитувчи, кейин  қарийб чорак аср мактаб директори вазифасида ишлаганини эринмай гапириб берди. Суҳбат асносида билиб олдимки, Ниёз ота кенжа ўғил Шавкатжон билан тураркан. Келини Ойдиной ҳақида сўрагандим, оғзидан бол томиб гапирди: "Мен уни келиним эмас, қизим, деганман. Иссиқ-совуғимдан доим хабардор. Вақтида дориларимни беради, менга қараш учун ҳамшираликни ҳам ўрганиб олди, укол қилиш ҳам унинг гарданида. Умридан барака топсин".

Дарвоқе, отахоннинг турмуш ўртоғи Зумрад ая вафот этганига 21 йилдан ошган. Келини Ойдиной оқ ювиб, оқ тараб парвариш қилаяпти.

- Отамиз учун мен даракчиман, - дейди Ойдиной кулиб. - Кексалик-да, кўзлари яхши ўтмайди, мендан ҳар куни "Оламда нима гап?", деб сўрайдилар. Мен эринмай қишлоқдаги, туманимиздаги янгиликларни айтиб бераман. Телевизорда эшитганларимни гапираман. Берилиб тинглайдилар. Гапираётган гапимни лабимнинг қимирлашидан илғаб оладилар. Ҳар икки гапнинг бирида шукур сўзини айтадилар. "Оловнинг ичидан чиқиб келганман, нон-насибам узилмаган экан, шунча йил яшаяпман, ҳурмат-иззат кўряпман", дейди. Бир ярим ёшли эвараси бор, шу билан завқланади, у ҳам катта бобосига талпингани талпинган.

Ҳақиқатан, уйда набиралар, набира келинлар отахоннинг хизматига шай туришади. Баъзан  зерикиб қолса, бирор набираси ҳамроҳлигида кўчага чиқади. Ўтган ҳам салом беради, қайтган ҳам. Аслини олганда бутун қишлоқ унинг шогирди. Ахир ҳазилми таълим соҳасида қарийб 40 йил ишлаш, халқ таълими аълочиси-ю, ўндан ортиқ жанговар медаллар соҳиби бўлиш...

- Замон шундай чиройлики, яшаган сари яшагим келади, - дейди отахон. - Ҳамма жойда мўл-кўлчилик. Ободлик. Биз кексаларга бўлган эътиборни айтмайсизми? Президентимиз қадримизни осмонга чиқариб қўйдилар. Туман ҳокимининг ўзи ҳол-аҳвол сўраб туради.  Ана ҳурмат-у, ана иззат... Бунақа эътибор, ғамхўрлик одамга куч бағишларкан,  ўлиб қолмай, ҳеч бўлмаса юз ёшга кирай, деб тирмашиб яшаркан киши...

Отахон ҳақ гапни айтдилар. Кўнгил кўнгилдан сув ичади.  Ниёз отанинг 95 ёшда ҳам завқу шавқ билан, эртанги кунга умид ва ишонч билан қараб, танига қувват олаётгани боиси оиласидаги ва атрофдагиларнинг меҳру оқибати,  деб ўйладим.

Лола ЎРОҚОВА,

Китоб тумани

Report typo