Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мўмин АЗИЗОВ

11.02.2020


КОМРОН МИРЗО КЎЗИГА НЕГА МИЛ ТОРТИЛГАНДИ?

Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 537 йиллигига

Улуғ ватандошимиз, атоқли саркарда, ҳукмдор, шоир, адиб ва тарихнавис Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг сулоласи Ҳинд диёрини уч асрдан зиёд вақт мобайнида бошқарди. Тангри Мирзо Бобурга насиб қилган истеъдод боис у гўзал ғазал ва рубоийлар, бир қатор насрий асарлар яратди. Уларнинг ичида энг сараси, шубҳасиз, Бобур номини шон-шуҳратга буркаган "Бобурнома" асаридир.

Бобур Мирзонинг Ҳумоюн, Комрон, Ҳиндол, Аскарий исмли ўғил фарзандлари бор эди. Иккинчи ўғли Комрон мирзо ака-укалари орасида ўзининг ноёб истеъдоди ва заковати, қобилияти билан ажралиб турарди. У 1509 йилда Аграда туғилди  илмга чанқоқ, мумтоз адабиётга жуда қизиқувчан бўлиб ўсди. Падари бузруквори шеър ёзиб туришидан хабардорлиги, уларни мутолаа қилиб бориши, таниқли қалам соҳиблари  асарларини ўқиши, унда шоирлик куртаклари бўй кўрсатишига сабаб бўлди. Мирзо Бобур фарзандидаги ноёб хислатларни англаб, шеъриятдаги дастлабки машқларини кузатиб борди, унга йўл-йўриқлар бериб турди. Шу билан бирга, ҳарб сирлари, давлатни бошқаришнинг нозик жиҳатларидан сабоқ берди.

Бобур бу ўғлига Қандаҳор ва Кобул ўлкаларини бошқаришни топширган эди. Комронда ҳукмдорлик салоҳияти кучли эди, шу боисдан ўз қўл остидаги ерларда тинчлик-осойишталикни таъминлади, ободончилик ишларини олиб борди, шоиру олимларга ҳомийлик қилди. Унинг орзулари жуда юксак,  кичик вилоятларга эмас, бутун мамлакатга ҳукмдорлик қилиш эди. Тож-тахт истаги кейинчалик Комроннинг бутун ҳаётини остин-устун қилиб юборди.

Тарихдан маълумки, Бобур 1526 йил апрелида Панипатда Ҳиндистон султони Иброҳим Лўдий билан, 1527 йил март ойида эса Читора ҳокими Рано Санграм Сингх билан бўлган жангларда ғалаба қозонади. Юзма-юз жангда мағлуб бўлган мухолиф кучлари Бобурга суиқасд уюштириб, нотанти йўл тутдилар. Жангни ютқазган Иброҳим Лўдийнинг онаси Малика Байда сарой ошпазлари билан тил бириктириб, Бобур овқатига заҳар қўштиради. Бу 1526 йил 21 декабрда юз беради. Мирзо Бобур бахтли тасодиф туфайли омон қолади. Лекин, заҳар асоратими ёки кўп йиллик машаққатли ва қўнимсиз ҳаёт таъсириданми, шу кўнгилсиз воқеадан кейин Бобур тез-тез хасталаниб туради.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур рабиул аввал ойининг йигирманчиси (1526 йил 27 декабрь)да тўнғич ўғли Ҳумоюнга юборган мактубида овқатига заҳар қўшилганидан кейинги ҳолати - товушқон ошидан сўнг кўнгли  беҳузур бўлиб, икки марта қусганини, бундай ҳол олдин юз бермаганини баён этади. Бу мактуб "Бобурнома"да баён қилинган.

Мирзо Бобур иккинчи ўғли Комрон мирзога ҳам мактуб жўнатган. Бу мактуб 1527 йил 4 январда Комрон ҳузуридан келган сарой аъёнларидан бири Мулла Сарсон орқали юборилган, аммо ушбу мактуб "Бобурнома" асарига киритилмаган.

Комронга йўлланган бу мактуб 445 йилдан сўнг топилди. Буни филология фанлари доктори, профессор Бегали Қосимов шундай шарҳлайди: "1972 йил Қозон дорулфунуни кутубхонасида сақланаётган ўзбек адабиёти намуналарини кўздан кечирар эканмиз, дафъатан Бобурнинг ўғли Комронга ёзган хатига дуч келдик. Мазмунига кўра бу ўша Мулла Сарсондан юборилган мактуб эди. Мактуб қўлёзманинг кўчирилган нусхаси бўлиб, "Насиҳатномаи Бобуршоҳ ба фарзанди худ" ("Бобуршоҳнинг ўз фарзандига насиҳатномаси") номи билан кутубхонанинг "Нодир қўлёзмалар бўлими"да сақланмоқда экан. Қозон дорулфунуни доценти, таниқли татар адабиётшуноси Хатиб Минигулов илтимосимизга кўра мазкур мактубнинг фотонусхасини юборди.

Дарвоқе, хатнинг қачон, қаерда, ким томонидан кўчирилгани ҳақида бир нарса дейиш қийин. У бирмунча эътиборсизлик билан кўчирилган бўлиб, талай ғалат ва қусурлардан холи эмас".

Ушбу мактуб 2011 йилда Бегали Қосимовнинг "Маънавият" нашриётида чоп этилган "Уйғонган миллат маърифати" асарлар тўпламида "Комронга мактуб" сарлавҳаси остида эълон қилинди. Шуни таъкидлаш керакки, Бобур мактубининг сарлавҳаси "Насиҳатномаи Бобуршоҳ ба фарзанди худ. Ҳазрати Бобуршоҳ Ғозий тобасароҳ аз Ҳиндустон ба Қандаҳор фиристонид ба фарзанди худ мирзойи комгор" ("Ҳазрати Бобуршоҳ Ғозийнинг Қандаҳорга саодатманд мирзо фарзандига йўллаган хайрли ҳолномаси") деб аталиб, форс-тожикча, хат матни эса ўзбек тилида ёзилган.

Мактубни кўп қийинчилик ва ташвишларни бошдан кечириб, яхшини ёмондан, ростни ёлғондан ажрата билиш даражасига етган, бу соҳада катта ҳаётий тажриба орттирган Мирзо Бобурнинг фарзанди қалбига етиб борадиган ҳароратли сўзлари дейиш мумкин.

Бобур ва унинг авлодлари ҳақида ўқишли насрий асарлар муаллифи, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров бу мактубнинг мазмун ва моҳиятини чуқур очиб берган. "Гарчи Хуросон эли табъи ёқимли элдурлар, лаёқатларига шубҳа йўқдур, локин мазҳаб ва миллатларида танг (торлик) бор".

- Бобур бу ерда кўпроқ форсийзабон ва шиа мазҳабидаги  хуросонликларни назарда тутади, - дейди ёзувчи. - "Уларнинг ширин гапларига маҳлиё бўлиб, ҳушёрликни бой бермагин", деб ўғлини огоҳлантиради.

Сўнг мактубини шундай давом эттиради: "Турк улусидан тартиб-интизомли кишилар борким, уларнинг оталари ота-онамизга хизмат қилиб, жоннисор айлаб, иссиқ-совуқда бирга бўлиб, энг ёмон кунларимизда ҳам бизни ташлаб кетмаганлар. Уларни сўраб-суриштириб, даргоҳингга йўл бериб, ўзингга яқин олиб юр".

Ўғлига хушомадгўйларнинг ширин гапларига учма, рост гапни юзингга қаттиқ айтганлардан аччиқланма, зеро дўст йиғлатур, душман кулдириб айтур, деб насиҳат қилади.

Мирзо Бобур ўғлининг илм олиш, китоб ўқиш, ҳатто шеър машқ қилиш бобидаги саъй-ҳаракатларидан хурсандлигини изҳор этади, унинг комил ва мукаммал бўлиб камолга етишига умид билдиради.

Комрон мирзо Бобуршоҳ вафот этгандан сўнг падари бузрукворининг унга ёзган мактубидаги панд-насиҳатларни унутади. У бир рубоийсида "Салтанат авжида камол топаман" деб орзу қиларди. Ана шу ният ҳамда ёмон одамлар, атрофидаги хушомадгўйларнинг қутқуси билан акаси Ҳумоюнга қарши боради, уни тахтдан ағдариб, ҳокимиятни эгаллашни кўзлайди. Комрон мирзо инилари Ҳиндол ва Аскарийларни ҳам фитнага қўшиб, Ҳумоюн билан икки марта жанг қилади. Аммо, иккаласида ҳам енгилади. Ҳумоюн мирзо Комронни кечиради, уни Кўлоб ҳокими этиб тайинлайди. Аммо бир йил ўтгач, акаси Балхга кетганидан фойдаланиб, яна ёвуз ниятини давом эттиради.

Кобул яқинидаги Тангиҳада ёнида бўлган жангда яна мағлубиятга учраган Комрон қочади. Пуштунлар қабиласи сардори Одам Каҳкар уни Ҳумоюнга тутиб беради. Ҳумоюн мирзо укасини яна кечирмоқчи бўлади. Аммо Комрон олиб борган натижасиз урушлардан жабр кўрган амиру беклар унинг қатл этилишини қаттиқ талаб қиладилар. Гулбадан бегимнинг "Ҳумоюннома" асарида ёзилишича, барча нуфузли,  обрўли амиру беклар имзо чекиб, муҳрларини босган талабномада      "Ё бизни дейсизу, Комроннинг баҳридан ўтгайсиз. Ёки биродарликни дейсизу, бизга жавоб бергайсиз", деб қатъий шарт қўядилар.

Ҳумоюн нима қилишни билмай, икки ўт орасида қолади. Отасининг  "Иниларинг жонига зинҳор қасд қилмагин!" деган васияти эсига тушади. У беку амирлардан ҳам воз кеча олмасди, чунки улар давлатни бошқаришда суянган тоғлари эди. Комрон жони сақлаб қолинади, фақат   тож-тахт талашиб урушлар қилмаслиги учун кўзига мил тортилиб, кўр қилинади.

Бу шафқатсиз жазо Комрон мирзонинг қалб кўзини очади, қилган  ишларидан пушаймон бўлиб, тавба-тазарру қилади. Ўзи туғилиб-ўсган, унга Яратганнинг инояти билан кўп неъматлар ато этган юртни тарк этишга қарор қилади. Руҳий покланишни истайди, шу мақсадда суюкли хотини Чучук бегим билан Ҳаж зиёратини адо этиш учун Маккага жўнайди. Ҳаж арконларини бажариб бўлгач, шу муқаддас шаҳарда яшаб қолади.

Комрон мирзо Маккаи мукаррамада уч йил яшаб, 1557 йилда вафот этади. Васиятига кўра, жаноби пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг катта завжалари Хадича розиаллоҳу анҳо қабрининг оёқ томонида дафн этилади.

Таниқли адибимиз Пиримқул Қодиров берган маълумотга кўра, Комрон Ҳаж сафаридан сўнг ҳозирги Сурия давлати пойтахти Дамашқ шаҳрига кетган. Бу ерда ҳовли-жой сотиб олиб, умрининг қолган қисмини ўша ёқда ўтказади. Лекин унинг Маккада вафот этганлиги манбаларда кўпроқ тилга олинади.

Комрон мирзо Заҳириддин     Муҳаммад Бобур изидан бориб, унинг шеъриятдаги анъанасини давом эттирди. Отаси каби ўз шеърларини она тили - ўзбекчада ёзди, уларни тўплаб девон тузди. Унинг девони турли тарихий манбаларда тилга олинган бўлса-да, топилмаган эди. Ўзбекистонлик олимларнинг изланишлари натижасида Комрон девони унинг туғилган юртидан топилди. Филология фанлари доктори, профессор Ҳамид Сулаймон 1978 ва 1983 йилда Ҳиндистонга қилган сафари чоғида девоннинг икки нусхасини топишга муяссар бўлди. Бири Патна шаҳридаги "Худобахш" кутубхонасида, иккинчиси Калькуттадаги "Осиё жамияти" қўлёзмалар фондида сақланаётган экан. Изланувчан олим улардан микрофильм нусхаларини олиб қайтди.

Беш йил ўтиб, шу давлатдаги Ризо кутубхонасида Комрон девонининг яна бир нусхаси борлиги маълум бўлди. Ҳар учала нусха ҳам анъанавий девон шаклига келтирилган бўлиб, XVI ва XIX асрда хаттотлар томонидан кўчирилган. Аммо бу нусхалардаги шеърлар миқдори бир-биридан оз ёки кўплиги билан фарқ қилади. Масалан, "Худобахш" кутубхонасидаги нусхага 1500 га яқин турли жанрдаги шеърлар киритилган бўлса, уларнинг кўпчилигини ғазаллар ташкил қилади. Бундан кўринадики, Комрон мирзо отаси каби асосан ғазал жанрида ижод қилган. Форс-тожик тилларида ёзилган шеърлар ҳам салмоқли. Шоирнинг ғазалларида кўпроқ сўфиёна қарашлар акс этган. Маснавийлари эса ирфон ва тасаввуф, ҳикмат ва панд-насиҳат, ахлоқий-маънавий мавзуларга бағишланган.

Истиқлолнинг дастлабки йилларида, яъни 1993 йилда Комрон девони "Ёзувчи" нашриётида кўп нусхада чоп этилиб, ўзбек ўқувчилари ҳам унинг назмий меросидан баҳраманд бўлишди. Комрон бир ғазалида "Навбаҳор ўлса, баҳоримни менинг ёд айланг, Сарвқад лолаву зоримни менинг ёд айланг" деб шеърлари мухлисларига мурожаат қилган эди. Комрон мирзонинг шеър-ғазалларини ўқиганимизда ҳаётда кўп хатолар қилиб, жабр-жафолар кўрган, ёруғ дунёни кўришдан маҳрум бўлган, ватанидан узоқда вафот этган муштипар инсон, нозиктаъб шоир сиймоси кўз олдимизга келади ва уни яхши хислатлари билан хотирлаймиз.

Мўмин АЗИЗОВ,

тарихчи-журналист

 

Report typo