Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Тиббиёт
  • Коронавирусдан вафот этган бемор мурдаси шифохонада 15 соатлаб қолиб кетишига сабаб нима эди?

03.07.2020


Коронавирусдан вафот этган бемор мурдаси шифохонада 15 соатлаб қолиб кетишига сабаб нима эди?

Муносабат

Ижтимоий тармоқларда тарқалган “Коронавирусдан вафот этган беморнинг мурдаси 15 соат шифохонанинг ичида турди” мазмунидаги видеомурожаат юзасидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати қуйидагича муносабат билдирди:

“Мазкур видеомурожаат Ғузор тумани тиббиёт бирлашмаси хирургия бўлими (реанимация эмас) навбатчи ҳамшираси томонидан тарқатилган. Бу ҳамшира  реанимация бўлимига олиб келинганидан сўнг коронавирусга чалингани аниқланган беморга тиббий ёрдам кўрсатиш ва вафотидан кейин уни дафн этиш жараёнларига аралашмаган.

Аввал хабар қилинганидек, Ғузор туманида яшовчи 64 ёшли  С.Ҳ. шу йилнинг 29 июнь куни аҳволи оғирлашганлиги сабабли шифокорга кеч мурожаат қилган. Ғузор тумани тиббиёт бирлашмаси реанимация бўлимига икки томонлама ўткир пневмония оғир даражаси, юрак ва нафас етишмовчилиги ва қандли диабет оғир кечиши ташхиси билан ётқизилган.

Бемор реанимация бўлимига оғир аҳволда тез тиббий ёрдам машинасида олиб келинган. У ва яқинлари тез тиббий ёрдам  шифокорига Тошкент вилоятига бориб келишганини айтишмаган. Бемор қандли диабет касаллиги билан оғриганини маълум қилганлиги сабабли юқумли касалликлар шифохонасига эмас, зудлик билан реанимацион муолажа кўрсатиш мақсадида жонлантириш  бўлимига келтирилган. Навбатчи шифокор томонидан инфекционист чақиртирилган. Мутахассислар  COVID-19га гумон қилганлиги сабабли бемордан суртма олинган ва вилоят вирусология лабораториясига юборилган. Бемор дарҳол изоляция қилиниб, шифокор ва ҳамшира махсус ҳимоя кийимида даволаш жараёнига жалб этилган.

Мутахассислар томонидан стандартлар асосида кўрсатилган  реанимацион муолажаларига  қарамасдан бемор 2020 йил 30 июнь куни ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этган. Ундан олинган суртма республика вирусология лабораториясида такрорий COVID-19 таҳлилидан ўтказилган ва мусбат натижа аниқланган.

Ўлим қайд этилганидан сўнг марҳум барча санитария қоидаларига тўлиқ риоя этилган ҳолда дафн этилган. У билан мулоқотда бўлганларнинг барчаси карантин назоратига олинган. Карантинга олинган фуқаролардан фақатгина бир нафар шифокор ва бир ҳамшира бемор билан бирламчи мулоқотда бўлишган.

Белгиланган тартибларга асосан марҳумнинг жасадини дезинфекция қилинган ҳолда дафн этиш чоралари белгиланган. Махсус вирусологик лаборатория таҳлили чиққунича (табиийки, бу жараён маълум вақт талаб этади),  дезинфекция ва дафн этиш тадбирлари ташкил этилгунига қадар жасад реанимация бўлими изоляция хонасида сақлаб турилган. Шундан сўнг марҳумнинг жасади вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази, фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва Миллий гвардия ходимлари иштирокида  тез ёрдам махсус машинасида олиб борилиб, дафн этилган. Марҳумни даволашда, жасадни дезинфекция қилишда, шифохонадан олиб чиқиб, дафн этишда ҳамшира ва шифокорлардан ҳеч ким иштирок этмаган.

Ғузор тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли карантиндаги тиббиёт ходимларига 30 июнь куни жами 45 миллион сўмлик тиббий буюмлар, ҳимоя кийимлари  ва дори-дармон воситалари етказилган. Туман ҳокимлиги томонидан карантиндаги фукороларни овқатлантириш учун 44,5 миллион сўм ажратилмоқда. Карантин ҳудудида барча зарурий шароитлар яратилган. Карантинда ишлайдиган тиббиёт ходимларига иш ҳақига қўшимча тарзда 6 фоизлик рағбатлантириш тўловлари тўлаб берилади”.

Report typo