Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 апрел, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдишукур ОМОНОВ

17.12.2019


КОРРУПЦИЯ ЙЎТАЛГА ЎХШАЙДИ

Олдин аниқлаш қийин, аммо даволаш осон, лекин бу касални ўтказиб юборсангиз, уни аниқлаш осон, аммо даволаш қийин

Мутолаа учун тавсия

Инсониятнинг маънавий мулкига айланган асарлар орасида "Темур тузуклари" муҳим ўрин тутади. Ушбу асар Соҳибқирон Амир Темур (1336-1405) шахсияти ва унинг даври, давлат тузилиши ва бошқаруви, давлат ва фуқаро, сиёсат, иқтисодиёт, маънавият, ҳарбий маҳорат, ҳуқуқ-тартибот ва қонунчилик масалаларига бағишланган ноёб дурдонадир. Асар содда, тушунарли, мақтов ва хушомадлардан холи, ҳаққоний ёзилган. Зеро, Амир Темур талаби шундай бўлган. Низомиддин Шомий Соҳибқирон сўзларини қўллаб: "Яхши ва равон сўз улдирким, авом халқ унинг маъносини англағай, хос кишилар унга айб қўймағай.." деган экан.

Тарихчиларнинг хулосасича, асар дастлаб туркий тилда, сўнгра 1637 йилда форс, 1785 йилда ҳинд, 1787 йилда француз, 1830 йилда инглиз, 1894 йилда рус ва ниҳоят 1967 йилда улуғ аллома Алихонтўра Соғуний томонидан ўзбек тилига таржима қилинган. Асарда Чингизхоннинг бобоколони Қобулхон ва Амир Темурнинг бобокалони Қочувли баҳодир ўртасидаги аҳднома ҳамда "ўзбеклар" билан бўлган урушлар ҳақидаги фикрлар мавжуд. Ўйлаймизки, тарихчилар бу масалаларга келгусида аниқлик киритади. Назаримда Амир Темур чингизийларнинг "Ясо" қонуни ва аҳднома - "Мангу ёрлиқ"дан яхши хабардор бўлган.

"Тузуклар"да таъкидланишича, Амир Темур давлат ишларини бошқаришда олиму фозиллар, донишмандлар билан кенгашган. Соҳибқирон фикрича, давлат ишлари кенгаш ва маслаҳат билан бошқарилса, хатоликларга йўл қўйилмайди. Салтанат ишларининг тўққиз улуши машварат, тадбир ва кенгаш, қолган бир улуши қилич билан ҳал этилади. Давлат ишларининг бир қисми қатъийлик, бир қисми сабр-тоқат, бир қисми эса кўриб-кўрмаслик ва билиб-билмасликка олиш билан бошқарилади.

Соҳибқирон сиёсий йўллар билан ҳал қилинадиган масалаларга ҳарбий кучни аралаштирмаган. Мард ва қатъиятли кишиларни қадрлаган. Унинг таъбири билан айтганда "...азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, жанг кўрган, мард, шижоатли бир киши, мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир".

Асарда мазлумларни золимлардан ҳимоя қилиш, халқ ва давлатга содиқ кишиларни қадрлаш, солиқларнинг адолатли бўлиши зарурлиги таъкидланган. Душманларни дўстга айлантириш, жанг олиб бориш ва ғолиб бўлиш сирлари ҳақида мулоҳазалар юритилган.

Иккинчи қисмда салтанат қуриш ва уни бошқариш борасида насиҳатлар қилинган бўлиб, улар қуйидагилардан иборат. Биринчидан, ҳар ерда ва ҳар вақт ислом дини қувватланган. Иккинчидан, ўн икки табақа вакиллари билан биргаликда давлат идора этилган. Учинчидан, маслаҳат, кенгаш, ҳушёрлик ва фаоллик билан иш юритилган. Тўртинчидан, давлат ишлари қатъий қонун ва қоидаларга асосланган ҳолда бошқарилган. Бешинчидан, давлат хизматчилари мартаба, унвон, олтин ва кумуш билан хушнуд қилиб турилган. Олтинчидан, инсоф ва адолат билан фуқаролар рози қилинган. Еттинчидан, уламолар, эшонлар, олиму фозиллар ва эътиборли кишиларнинг иззати жойига қўйилган. Саккизинчидан, қатъият ва азму жазм билан иш кўрилган. Тўққизинчидан, фуқаролар аҳволидан хабардор бўлиниб, улуғлари оға ва кичиклари фарзанд ўрнида кўрилган. Ўнинчидан, фуқароларнинг ирқи, миллати, қабиласи, тилидан қатъи назар, улуғларга ҳурмат кўрсатилиб, қолганлари ҳам ўз ҳолига яраша сийланган. Ўн биринчидан, фарзандлар, қариндошлар, дўстлар ва қўшнилар салтанатга эришилганда ҳам унутилмаган. Ўн иккинчидан, дўст-душманлигига қарамай ҳарбийлар ҳурмат қилинган, уларга мурувват кўрсатилган.

Асарда давлатни бошқариш, қонун-қоидалар ишлаб чиқиш, сипоҳу раиятни умид ва қўрқув орасида сақлаш, ҳасад ва ўч олишдан йироқ бўлиш,    халққа очиқ юзли ва меҳр-шафқатли бўлиш, вазиру амирлар сақлаш, фарзандларни тарбиялаш ва жазолаш, ақлли кишилар фикри билан ҳисоблашиш ва бошқа кўплаб қимматли фикрлар бор.

Италиялик файласуф олим Никколо Макиавеллининг "Ҳукмдор" асари жамият, давлат ва фуқаро муносабатларига оид асарлар қаторидан муносиб ўрин топган. Никколо Макиавелли 1469-1527 йилларда яшаган сиёсатчи, жамоат арбоби, тарихчи, ҳарбий назариётчи ва файласуф олимдир. Флоренция республикасида кўп йиллар масъул вазифаларда ишлаб, давлат бошқарувида катта тажриба орттирган.  Сиёсий тўнтаришдан кейин ҳокимиятдан бадарға қилинган. Бу вақтда кўплаб асарлар ёзган.

Аввало, муаллиф асарни ўзи яшаган давр талабларидан келиб чиқиб ёзганини таъкидлаш керак. Асарда жамиятнинг монархия бошқарувидан республика бошқаруви афзалликлари, республика бошқарувида халқ муайян сиёсий, иқтисодий ва маънавий фазилатларга эга бўлиши кераклиги таъкидланган. Халқ барча масалаларда ҳукмдорга нисбатан одилроқ мулоҳаза юритади, деган ғоя илгари сурилган. Макиавелли ижобий фазилатларга эга бўлмаган халқ учун монархия ёхуд маъмурий бошқарувни афзал деб билган. Унинг фикрича, халқда яхши фазилатлар шаклланмаган бўлса, уларга эркинлик бериб бўлмайди. Бундай давлатда эркин сиёсий ташкилотларни сақлаш мумкин эмас. Бинобарин бу ғояларни қувватловчилар ҳозирги  вақтда ҳам кўплаб топилади.

Макиавелли давлатга "қарама-қарши кучлар ҳаракатининг натижасида ташкил топган ва доимий равишда ўзгариб турувчи сиёсий ташкилот" деб таъриф берган. У марказлашган кучли давлат тарафдори бўлиб, давлатнинг яхлитлиги ва кучсизлантирувчи барча нарсаларни қоралаган. Унинг фикрича, "Коррупцияни ҳам йўталга ўхшаб олдин аниқлаш қийин, аммо даволаш осон, лекин бу касални ўтказиб юборсангиз, уни аниқлаш осон, аммо даволаш қийин".

Муаллиф асарда қудратли давлатни шакллантириш борасида қатор фикрларни билдирган. Биринчидан, ҳукмдор ўзининг "улуғ" сиёсий мақсадини амалга ошириш учун маънавий-ахлоқий нормаларга риоя қилиши шарт эмас. Иккинчидан, ҳукмдор ҳокимиятини сақлаш учун ёлғон, алдов, хиёнат, ваъдабозлик, туҳмат ва зулм каби ҳар қандай усуллардан бемалол фойдаланиши мумкин. Учинчидан, ҳукмдор халқ ишончини қозониш учун ўз фуқароларини амалдорларининг ноҳақлигию адолатсизлигидан ҳимоя қилиб туриши керак. Аммо барча зодагонлар билан қарама-қарши бўлиш хавфли эканлигини эсдан чиқармасин. Тўртинчидан, фуқаролар ҳукмдор ёрдамини ҳис этиб туриши учун оз-оз бўлса-да, доимий равишда уларга мурувват, хайр-саховат кўрсатиб туриши керак. Бешинчидан, ҳукмдор саховат кўрсатишда тежамкор бўлиши шарт, акс ҳолда хазина бўшаб қолгач, турли солиқлар солиб халқ нафратига учрайди. Олтинчидан, ҳукмдор давлатни куч ва айёрлик билан бошқариши, қачон шер ва қачон тулки бўлишни яхши билиши керак. Еттинчидан, ҳукмдор ҳамиша кучли армияга эга бўлиши шарт. Саккизинчидан, халқ ҳукмдорни севганидан кўра қўрққани афзал. Тўққизинчидан, фуқароларда давлатга хизмат қилишни ҳаётининг олий мақсади ва саодати деган ҳисни шакллантириш керак. Ўнинчидан, ҳукмдорларнинг донолиги яхши маслаҳатлардан келиб чиқмайди, балки яхши маслаҳат уни ким беришидан қатъи назар, ҳукмдор донолигидан келиб чиқади.

Қайд этиш керак, одоб-ахлоқ қоидалари ва қонунларга бўйсунмайдиган бундай сиёсат кейинчалик "макиавелизм" деб аталган. Макиавелли фикрига қўшилмайдиган бир қатор олиму файласуфлар ва ҳуқуқшунослар макиавелизмнинг аксарият ғояларини инкор этадилар. Асар Флоренциядаги сиёсий тўнтаришдан кейин ҳокимият тепасига келган Лоренцо де Медичига атаб ёзилганини инобатга олиб Никколо Макиавеллини тушунишга ҳаракат қилиш керак. Балки у ўзи яшаётган мамлакатдаги ўша давр иллатларини шу йўл билан бартараф қилмоқчи бўлгандир. Нима бўлганда ҳам асар жамият ва давлат бошқаруви соҳасида тарихда мавжуд ҳолатларни ҳаққоний акс эттиргани билан алоҳида ажралиб туради.

Франциялик маърифатпарвар олим ва ҳуқуқшунос файласуф Шарль Луи Монтеське 1689-1755 йилларда яшаб, ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли инсонпарвар жамият қуришга оид бир қатор асарлар яратган. Унинг "Инсоннинг вазифалари ҳақида умумий мулоҳазалар", "Сулла ва Эвкрат" ва "Ғоялар тизими ҳақида мулоҳазалар" каби асарлари мавжуд.

Монтескьенинг "Қонунлар руҳи ҳақида" асари диққатга сазовор. Унда инсоният тарихи давомида пайдо бўлган давлатлар, бошқарув тизими ва қонунлар, давлат ва дин ҳамда давлат ва шахс ўртасидаги муносабатлар хусусида фикр юритилган. Айтилишича, давлат бошқарувини адолатли жорий қилиш, инсоннинг табиий ҳуқуқларини таъминлаш, золим  ҳукмдорлар пайдо бўлишининг олдини олиш ҳокимиятнинг реал равишда учга, яъни қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлинишига боғлиқ. Ҳокимиятнинг учга бўлиниши уларнинг биронтаси томонидан ҳокимият суиистеъмол қилинмаслиги, қонунлар бузилмаслиги ва бир-бирини назорат қилиб туришга замин яратади.

Мутафаккирлар ҳамиша жамиятда давлат ва фуқаролар ўртасидаги муносабатларни юксак ахлоқий ҳамда маърифий даражага кўтаришга эътибор қаратишган. Иммануил Кант, Жон Локк, Жан Жак Руссо каби Монтеське ҳам инсон манфаати ва камолоти учун мукаммал шарт-шароитлар яратиб бера оладиган, ҳуқуқий тенглик ва инсон ҳуқуқларини таъминлайдиган давлат қуришнинг ҳуқуқий негизини топишга интилган. Асарда ҳокимиятга эришган ҳар қандай одам мансабини суиистеъмол қилишга мойил бўлиши, шу сабабли жамиятда унинг коррупцияга мойиллигининг олдини оладиган қонуний куч бўлиши зарурлиги таъкидланган. Сиёсий эркинлик ҳам қонунлар  доирасида бўлиши шарт. Мустабид  тузум ҳокими бир вақтнинг ўзида шу тузумга қул ҳамдир. Сиёсий маданият бўлмаган жойда қонунлар ишламайди.

Муаллифнинг фикрича, диннинг қудрати унга бўлган ишонч билан, қонуннинг кучи эса унга бўлган ҳурмат ва қўрқув билан белгиланади. Қонунларнинг кўплиги ва шафқатсизлиги уларнинг бажарилишига тўсқинлик қилади. Зеро, бу борада Монтескье "Мен бирор мамлакатга борсам, у ерда яхши қонунлар мавжудлиги билан эмас, балки қонунларга қандай итоат этилаётганлиги билан қизиқаман", деган экан.

Абдишукур ОМОНОВ

Report typo