Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

18.06.2020


КОСОНДА ҚАНДАЙ ЎЗГАРИШЛАР БОР?

Брифинг

“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида Косон туманида 2183 та эҳтиёжманд оила аниқланиб, уларга ҳудуд тадбиркорлари ва йирик корхоналар томонидан 1 миллиард 246 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилган. Ушбу маҳсулотларнинг барчаси ўз эгалари қўлига етиб бордими? Бировнинг ҳаққини “туя” қилишга уриниш ҳолатлари учрамадими?

Бу ҳақда Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Косон тумани ҳокими Асрол Бойкараев иштирокидаги брифингда айтиб ўтилди.

Қайд этилишича, айни пайтда ҳудудда расман 1100 дан ошиқ ишсиз фуқаро рўйхатга олинган бўлиб, улар бандлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича хайрия маблағларини етказишда эса айрим камчиликлар, маҳсулотларни белгиланган эгаларига топширмаслик ҳолатлари ҳам учраган ва айбдорларга нисбатан тегишли чоралар кўрилган.

Туман ҳокими ҳудудда юз бераётган ўзгаришларга тўхталаркан, аҳоли учун қатор қулайликлар яратилгани, ички йўллар таъмирланиб, ишлаб чиқариш объектлари қурилаётгани ва янги иш ўринлари яратилаётганини таъкидлади. Абдулла Орипов номидаги замонавий ахборот-кутубхона маркази эса шу йилнинг сентябрь ойида фойдаланишга топширилиши маълум қилинди. 1935 йилдан бери тўлиқ таъмирланмаган 23-мактаб 3 миллиард сўм маблағ эвазига қайта қурилмоқда.

Мазкур маълумотлар журналистлар эътиборига ҳавола қилинаркан, туман ҳокимига “Сўзларингизни эшитиб, Косонда яшагимиз келиб кетяпти. Сиз аввал Қарши туманида ҳам раҳбарлик қилгандингиз, нега у ерда қурилишда бу қадар ўзгаришлар бўлмади?” мазмунида савол берилди.

- Қарши туманида 1 йилу 8 ой ишлаганман, - деди Асрол Бойкараев. – Бу давр ичида намунали турар жойлар қурилди, Бешкент шаҳри қиёфаси ўзгарди, истироҳат боғи, прокуратура, Мажбурий ижро бюроси туман бўлими, нуронийлар маскани, автомактаб бинолари лойиҳалари тайёрланди, кўплаб объектлар ишга туширилди. Кейин бошқа ишга ўтганман.

Тадбирда журналистларни қизиқтирган бошқа саволларга ҳам муносабат билдирилди.

Н.ХЎЖАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo