Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 апрел, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • Косондаги пахта Президент келишига мўлжаллаб терилмай турибдими?

10.11.2020


Косондаги пахта Президент келишига мўлжаллаб терилмай турибдими?

Ижтимоий тармоқларда пахта даласи тасвирга олиниб, “Шунча мўл-кўл пахта ҳалигача терилмади. Айтишларича, Президентимиз келиб кўришлари керак экан. Мабодо келмасалар-чи? Ёмғир ёғса, увол бўлади-ку...” мазмунида изоҳ қолдирилди.

Косон тумани ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, мазкур видео тумандаги “Мўмин Жумақул” фермер хўжалигида тасвирга олинган бўлиб, бу ерда терим ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

“35 гектар ер майдонимиз бор. 16 гектарига пахта экканмиз. Шартномадаги режа 48 тоннани ташкил қилади. Ҳозирда 37 тонна пахта топширдик. 5 гектар ер майдонимизда эрта-индин терим ишлари бошланади”, дея фермер хўжалиги раиси Исроил Мўминовнинг сўзларини келтиради ҳокимлик ахборот хизмати.

Қайд этилишича, хавотирларда асос йўқ ва ҳосил ёғин-сочинли кунларга қолмасдан йиғиштириб олинади.

Маълумот ўрнида айтиш ўринли, республикамиз ва Қашқадарё вилоятида энг кўп пахта етиштирадиган ва энг кўп пахта топширадиган Косон тумани 2020 йил учун  пахта топшириш шартномавий режасини ошиғи билан бажарди.

1120 та фермер хўжалиги томонидан 21 минг 700 гектар ерга чигит қадалиб, давлатга 63 минг 680 тонна пахта топширилди. Ҳосилни йиғиб олиш учун 259 та терим отрядлари тузилди. Бу отрядларда 32 минг нафарга яқин теримчи меҳнат қилди.

Биргина Гулбоғ маҳалласилик Азамат Жумаев оила аъзолари билан пахта теримида қатнашиб, 41 миллион сўмдан ортиқ пул ишлади.

Пахта йиғим-теримида нафақат теримчилар кучидан, балки 40 та терим машинасидан ҳам фойдаланилди.

Report typo