Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 апрел, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ф. ЖАББОРОВ

28.08.2020


КОСОНЛИК ЁШЛАР ОЧИҚ МУЛОҚОТДА ҚАНДАЙ МУАММОЛАРНИ КЎТАРИШДИ?

Тадбир

Косонлик Руҳшонабону Шавкатова ҳудуддаги ёш ҳунармандлардан бири. У заргарлик ва замонавий либосларга безак бериш ҳунарини пухта эгаллаб, шу соҳада фаолиятни йўлга қўйган. Ўз ишлари билан туман, вилоят ва республика миқёсидаги бир қатор кўрик-танловларда иштирок этиб, ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олган.

 

Руҳшонабону бугунги кунда асосий иши билан бир қаторда, 15 нафар тенгдошига ҳунар ҳам ўргатмоқда. Фаолияти тобора кенгайиб, иш ҳажми ошиб бораяпти. Шу боис алоҳида жой олиб, иш учун зарур шарт-шароитларни ҳозирламоқчи. Бунинг учун эса жой ва етарли сармоя зарур.

 

Вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, вилоят 4-сектор раҳбари Азамат Бозоров томонидан туман ёшлари билан ўтказилган очиқ мулоқотда ёш ҳунарманд шу масалада ёрдам сўради.

 

Сектор раҳбари Руҳшонабонунинг мурожаатини тинглаб, унинг тижорат банкидан кредит олиши ва тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши учун жой ажратилишида мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ёрдам кўрсатилишини билдирди.

 

Туман ёшларидан яна бири Умурзоқ Файзуллаев эса тикув цехи очишни мақсад қилган. Аммо банкдан кредит олиш масаласида муаммога дуч келган. Руҳшона Рахмиддинова эса ўқув маркази ташкил этмоқчию, бу ишни амалга оширишнинг мавжуд тартиблари, қандай имтиёз ва енгилликлар борлигидан хабардор эмас.

 

Шунингдек, сектор раҳбарига ёшлар томонидан ҳудуддаги таълим муассаасаларини спорт инвертарлари билан таъминлаш, коммунал муаммоларни ҳал этиш бўйича ҳам турли саволлар бўлди. Таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

 

Ёшлар томонидан билдирилган мулоҳаза ва мурожаатлар вилоят  сектор раҳбари томонидан мутасадди ташкилотлар раҳбарлари билан ҳамкорликда ечим топиш учун алоҳида назоратга олинди.

 

Учрашув сўнгида фаол ёшларга бадиий китоблар ва бошқа эсдалик совғалари туҳфа қилинди.

 

Ф. ЖАББОРОВ,

Вилоят Давлат солиқ бошқармаси Матбуот хизмати раҳбари

Report typo